Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида йўл ҳақини ўз вақтида тўлашни таъминлаш мақсадида жамоат транспортида кучайтирилган рейд тадбирлари амалга оширилмоқда. Тадбирлар Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар йўловчи ташиш фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари томонидан ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 11 ойида 19 632 нафар йўловчи йўл ҳақини тўламагани аниқланган. Ушбу рақамлар тизимли назорат ва интизомни янада кучайтириш зарурлигини тасдиқлайди, дейилади хабарда.
Эндиликда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимларига йўл ҳақини тўламаслик ҳолатлари бўйича жарима баённомаларини расмийлаштириш ҳуқуқи берилди. Бу эса қонунбузарликларга тезкор муносиб чора кўриш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш имконини яратади.








