Ибратли умр соҳиби

    Ўзбек халқи бундан 30 йил муқаддам ўз давлат мустақиллигини қўлга киритиб, дунё суверен давлатлари сафидан муносиб ўрин эгаллади. 2021 йил 31 августда ушбу қутлуғ сана юртимизда улуғ байрам сифатида кенг нишонланди. Мустақилликнинг илк неъматларидан бири сифатида 1991 йилда Тошкент давлат юридик институтининг ташкил этилиши ҳам теран рамзий маънога эга. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишни мақсад қилган Ўзбекистон Республикаси учун юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга ихтисослашган алоҳида институтнинг таъсис қилиниши айни муддао эди. Ушбу қўшалоқ байрамлар мамлакатимиз ҳуқуқшунослари учун чексиз мамнунлик туйғуларини туйишга, фахрланишга асос беради.

    Мазкур юбилейлар муносабати билан мустақил Ўзбекистонда юридик таълимнинг ҳамда ҳуқуқшукнослик фанининг даслабки тамал тошини қўйган Тошкент давлат юридик институтининг биринчи ректори юридик фанлар доктори, профессор, академик Анвар Аъзамхўжаевнинг хизматларини эслаш, унинг ижодий, илмий мероси ва фидокорона меҳнатларини эътироф этиш миннатдор авлодларнинг, содиқ шогирдларнинг шарафли бурчидир.

    Камина Анвар Аъзамхўжаевни илк бор 1973 йил ТошДУнинг юридик факультетига талаба бўлган куним кўрганман. Устоздан салобат, вазминлик, камтарликка йўғрилган алломалик, катта инсоний салоҳият мени ўзига ром этар эди.

    Анвар Аъзамовичнинг фаолият кўлами ниҳоятда кенг эди. Устоз дастлаб юридик факультетнинг декани бўлиб узоқ йиллар фаолият юритган. Шу кезларда юридик факультет замирида Юридик институт ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, саъй-ҳаракатлар қилган. 1991 йилда Тошкент Давлат юридик институти ташкил этилиб, А.Аъзамхўжаев мазкур Институтнинг биринчи ректори этиб тайинланган.

    Олим Тошкент Давлат юридик институтига раҳбарлик қилган даврларда профессор-ўқитувчилар жамоаси ўртасида аҳллик, ҳамжиҳатлик, илмий-ижодкорлик муҳити ҳукм сурди. Бу пешқадам олий ўқув юрти шаклланишининг муҳим гарови бўлди.

    1991-1992 йилларда мен Анвар Аъзамхўжаев билан мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи таркибида бирга меҳнат қилдим. У киши ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари сифатида Асосий қонунимиз матнининг пухта тайёрланишига жуда катта ҳисса қўшди.

    Устоз Ўзбекистоннинг давлат мустақллигини зўр мамнуният, ички қониқиш ва шукроналик билан кутиб олди. Аввалдан Ўзбекистонда давлатчиликнинг ташкил топиши ва ривожланиши масалаларини илмий тадқиқ қилган, бу борада салмоқли асарлар яратган олим асл орзулари ушалганидан илҳомланиб, умрининг якуний палласида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ҳуқуқий асослари” (1993 й.) номли монографияни ёзиб, чоп эттирди. Мазкур асарда муаллиф Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришишининг беназир тарихий аҳамиятини, унинг суверен давлат сифатидаги моҳиятини, бунда Конституция ва бошқа тегишли қонунларнинг давлатимиз ҳуқуқий пойдевори бўлишдек салоҳиятини халқчил, тушунарли тилда юксак маҳорат билан ифода этиб берган. Давлатимиз фаолият юритишининг демократик принциплари, уни мустаҳкамлаш ва равнақ топтириш йўналишларини белгилаш бу асар мағзини ташкил этди.

    Мустақилликнинг буюк неъматларидан бири бўлган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши жараёнларида ҳам Анвар Аъзамхўжаев фаол жонбозлик кўрсатган. Бу хусусдаги Қонун 1989 йил октябрида қабул қилинган бўлса, устоз бундан бир йилча чамаси муқаддам давр мобайнида Ўзбекистон телевидениеси орқали ўзбек тилини давлат тилига айлантиришнинг ҳуқуқий, маънавий, ташкилий ва тарбиявий жиҳатларига бағишланган алоҳида рукнда бошловчи сифатида туркум кўрсатувлар олиб боргани ёдимизда. Ушбу давра суҳбатларига олимлар, депутатлар, соҳа мутахассислари, жумладан, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Неъматилла Иброҳимов каби миллатнинг забардаст шоир ва ёзувчилари ҳам жалб этилган.

    Тил тўғрисидаги Қонунни ҳаётга равон жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ҳукумат раҳбари раислигида “Ўзбек тили атамалари қўмитаси” тузилди. Анвар Аъзамович шу Қўмита Раисининг муовини сифатида фаолият олиб борди.

    А.Аъзамхўжаев республика миқёсида танилган, катта жамоат арбоби эди. Устозимиз билан биргаликда 1993 йил бошларида барча ташкилий ва таъсис ҳужжатларни тайёрлаб, Ўзбекистоннинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси”ни тузиш юзасидан мутахассис ва жамоатчилик вакиллари иштирокида қурултой ўтказдик. Қурултой қатнашчилари бир овоздан Анвар Аъзамхўжаевни Қўмита Бошқарувининг раиси этиб сайлади. Устоз ана шундай шарафли лавозимда умрининг охиригача меҳнат қилди.

    Анвар Аъзамхўжаев ўзбек ҳуқуқшунослик фанининг равнақига ва юқори малакали юрист-олимлар, амалиётчи мутахассислар тайёрлаш ишига ниҳоятда улкан ҳисса қўшган. Уларнинг бевосита раҳбарлиги ҳамда саъйи кўмагида 10 га яқин докторлик ва кўплаб номзодлик диссертациялари тайёрланган, ҳимоя қилинган. Домла бир қатор хорижлик илм толибларига, яъни Вьетнам, Яман, Бангладеш ва бошқа давлатлардан келган изланувчиларга ҳам устозлик қилиб, юридик фанлар номзодларини етиштириб чиқарган.

    Ўзбекистон шарафини халқаро миқёсда улуғлашда ҳам олимнинг муносиб ўрни бор. Хусусан, Буюк Британия, Албания, Венгрия, Мўғулистон ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган илмий анжуманларда, халқаро йиғинларда фаол иштирок этган, долзарб ҳуқуқий мавзуларда маърузалар ўқиган.

    Миллий ҳуқуқшунослик фани ривожига қўшган ҳиссаси, юрист мутахассис кадрлар тайёрлаш соҳасидаги хизматлари учун олим Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби”, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонларига, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.

    Ибратли умр соҳиби – Анвар Аъзамхўжаев барчамизнинг қалбимизда мудом барҳаёт яшайверади.

    Х.Одилқориев, юридик фанлар доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates