Тошкентдаги Усмон мусҳафи консервация ва реставрация қилинади

    Усмон мусҳафи (Тошкент Қуръони) Қуръони каримнинг бугунги кунгача сақланиб қолган энг қадимий қўлёзмаси ҳисобланади. VII асрда ҳижоз хатида ёзилган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей кутубхонасида сақланади.

    1997 йилда ЮНEСКО уни «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритган.

    Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан мазкур муқаддас китобни консервация ва реставрация қилиш режалаштирилган.

    Лойиҳада хорижлик мутахассислар, жумладан Кембриж университетидан Кристине Росе, Франциялик реставраторлар Ахелле Делеау ва Cоралиэ Барбе, шунингдек, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар иштирок этмоқда.

    Улар ҳар бир саҳифани синчиклаб кўздан кечириб, босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқадилар ҳамда келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни берадилар.

    Консервация ва реставрация ишлари Усмон мусъҳафини келажак авлодлар учун асраб-авайлашга хизмат қилади.

    Ушбу эзгу амал Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қўллаб-қувватлови ва назорати остида амалга оширилмоқда.