Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур

    Учинчи Ренессанс сари дадил қадам ташлаётган Янги Ўзбекистоннинг пойдевори ҳам илм-фан ҳисобига барпо этилаётир

    Ватанпарварлик ҳақида сўзлаганда ҳеч қачон ҳиссиёт ўзгармайди, чунки қалбда озод руҳ кезиб юради. Ватан ҳақида гапирганда эса, баъзан турли фикрларни, фарқли муносабатларни учратиш мумкин. Бу энди сиёсат — ҳаётий эврилишлар, давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар, инсон қадри билан боғлиқ ислоҳотларга дахлдор кайфият.

    Бугунчи? Бугун Ватан ҳақида ҳам, ватанпарварлик ҳақида ҳам ҳавас, кучли иштиёқ, зўр ғайрат-шижоат билан гапиряпмиз. Оддий одамлар қалбида буюк муҳаббат уйғонган. Бу — ҳаётга, юртга, одамларга, табиатга, албатта, Аллоҳга бўлган муҳаббат. Иштиёқ ва муҳаббат доим яхшиликлар ортидан келади. Янги Ўзбекистонда ҳам шундай бўлди.

    Тарих гувоҳ бўлган Ўзбекистон заминидаги икки буюк уйғониш даврининг туб моҳиятида илм ётади ва Учинчи Ренессанс сари дадил қадам ташлаётган янги Ўзбекистон пойдевори ҳам илм-фан билан барпо этилади.

    Айни масала Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг тўртинчи муҳим йўналиши бўлиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак. Шунингдек, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси — боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишда илмнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Ўзбекистон Президенти ёшларни илм олишга, фан-техниканинг энг сўнгги ютуқларидан бохабар бўлиб, дунёдаги тенгдошлари билан рақобат қилиши, керак бўлса уларга ўрнак бўлиши лозимлигини доимо таъкидлаб келади.

    Элнинг ичи — олтин бешик, деймиз. Рост гап. Иқтидорли ёшларимиз кўп. Уларни қўллаб-қувватлаш ва сифатли билим олишига кўмаклашиш эса барча даврларда ҳам муҳим бўлган, бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб, ҳаёт-мамот масаласи.

    Дунёда ҳарбий илм ривожланиб, ҳарбий олимлар такомиллашиб бораётган бир шароитда Ўзбекистонда ҳам дастлабки дебочалар кўзга ташланаётгани бу борада қилинадиган ишлар анча кўплигидан далолат беради.

    Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони ҳар йил бошида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳарбий илм, ҳарбий фан ва ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиш, бу орқали ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий ҳарбий фан ютуқларидан фойдаланилган ҳолда хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўзига хос мудофаани ҳозирлаш, бу борада келгусидаги стратегик вазифалар белгилаб олинади. Хавфсизлик кенгашининг жорий йил январь ойидаги йиғилишининг ҳам асосий мавзуларидан бири ҳарбий илмни ривожлантириш бўлиб, бу борада мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

    Дунёда ва минтақамизда бўлаётган таҳликали воқеаларни чуқур таҳлил қилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталиги, чегараларимиз дахлсизлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, дунё мамлакатларида содир этилаётган воқеалардан сабоқ чиқарган ҳолда, фақат ўз кучимизга ишонишимиз, ҳарбий салоҳиятимиз, жанговар қобилиятимиз ва қудратимизни замонавий илм ва технологияларга асосланган ҳолда янги босқичга кўтариш вақти келди.

    Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига салоҳиятли кадрлар тайёрлаш тизимида сўнгги беш йилда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш соҳасида мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ташкил этилди. Қисқа вақт ичида университет фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 15 та бакалавриат таълим йўналиши ва 8 та магистратура мутахассислиги очилди, сиртқи ва умумфуқаролик асосда кундузги таълим йўлга қўйилди. Илмий салоҳият қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда.

    Ҳозирги вақтда университетда фаолият юритаётган 10 га яқин докторант ва 200 дан ортиқ мустақил изланувчининг фаолияти, аксарият мавзулар тадқиқот объектлари бевосита жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқлиги келажакда ҳарбий илм соҳасидаги тадқиқотларнинг янада фаоллашувига, натижадорликка хизмат қилади.

    Олий ҳарбий кадрлар тайёрлаш, илғор услубларни янада оммалаштириш, ҳарбий ўқитувчилар малакасини ошириш, Қуролли Кучлар Академиясини ҳарбий илм-фан даргоҳига айлантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиздан саналади. Шу билан бирга, илгари мавжуд бўлмаган ва мутлақо янги имкониятларга эга Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтини ҳарбий таълим ва илмий фаолият тизимига самарали интеграция қилиш орқали замонавий ҳарбий билим ва малакага эга, ҳарбий олимларни тайёрлаш ҳам олий мақсадлардан саналади.

    Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони томонидан замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжудларини модернизация қилиш ҳам ҳарбий қурилиш соҳасидаги энг устувор вазифа бўлиши таъкидланди. Ушбу мақсадлар ва замонавий таҳдидлар хусусиятидан келиб чиқиб, 2022–2026 йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича концептуал дастур қабул қилиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб олинди.

    Ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, одамлар, айниқса, ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда олий ҳарбий таълим муассасаларида илм-фанни ривожлантириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда илм-фаннинг ўрни ва аҳамияти тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

    Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳарбий илм-фанни ўрганиш ва замонавий ютуқларни интеграция қилишда замонавий стратегик йўналишлар бўйича илмий ёндашувлардан фаол фойдаланиш зарур.

    Жумладан, илм-фан ютуғининг ҳарбий соҳага татбиқ этилиши, аввало, унинг ижобий жиҳатларига – ўз-ўзини мудофаа қилиш, мунтазам ва барқарор армияни шакллантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ички ва ташқи хавф-хатарлардан ҳимояланишга хизмат қилиши керак. Олий ҳарбий таълим муассасаларида “ҳарбий таълим – ҳарбий билим – ҳарбий илм” узвийлигини таъминлаш, уларни мазмун жиҳатдан бойитишини мақсад қилган ҳолда, бугун ҳал қилувчи қарорларни қабул қилишимиз шарт. Хусусан, мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг айримлари бир босқичда кадрларни тайёрлашга мўлжалланган бўлиб, зарур мутахассисликлар бўйича барча олий ҳарбий таълим муассасасида магистратура таълимини йўлга қўйиш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадга мувофиқ.

    Замонавий хатарларни ҳисобга олиб ҳарбий соҳада ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва мутаносиб равишда ҳаракатларни ташкил этиш, “ахборот урушлари”нинг олдини олиш, Қуролли Кучлар тизимига IT-технологияларини фаол жалб этиш, киберхавфсизликка қарши барча амалий чораларни кўришда ҳам илм-фан технологияларнинг энг замонавий ютуқларидан фойдаланиш шарт.

    Хорижий тажрибани ўрганиш ва уларни миллий амалиётга зарур даражада татбиқ этиш учун чет тилларни мукаммал ўзлаштириш талаб этилади. Шу боис, ҳарбий олимлар хорижий тилларни билиши, чет тилидаги манбалар билан танишиш ва уларни таҳлил қилиши учун ҳарбийлар орасида тил ўрганиш масаласини ҳар бир раҳбар ва хизматчи ўзининг энг асосий вазифасидан бири, деб билиши бугунги кун талабидир.

    Бу каби вазифаларни бажариш учун ҳарбий илм, илмий салоҳият керак. Президентимиз айтганидек, дунё тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда “Танкни эмас, космосни ўрганиш керак”.

    Қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш каби соҳаларга ҳам илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш талаб этилмоқда.

    Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга қаратилган.

    Ушбу ҳужжатнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бугун жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, тинчлик ва осойишталикка таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар давлат ва унинг масъул органлари зиммасига янгидан янги вазифаларни юклади.

    Шу билан бирга Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида бажариладиган диссертацион тадқиқотлар мавзуларини шакллантиришда жамоат хавфсизлигини таъминлаш амалиётидаги долзарб муаммоларнинг ечимларига йўналтирилган масалаларга устувор аҳамият қаратиш бўйича таъсирчан механизмларни йўлга қўйишдек устувор масалалар ҳам илгари сурилган.

    Фармонда жамоат хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш, илмий тадқиқ қилиш борасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази ва Жамоат хавфсизлиги университетини таянч методик базага айлантириш белгиланган.

    Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини “илмий диагноз” асосида аниқлаш ва “илмий диагноз хулосаси” билан “E-jamoat xavfsizligi” ахборот тизими орқали расмийлаштириш тартибини жорий қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг омилларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни илмий баҳолаш асосида таҳлил қилиш ва хулосасини расмийлаштириш тартибини жорий қилишда ҳам янгича ёндашув талаб этилади.

    Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлаш ўринлики, уруш структураси ўзгарган бугунги дунёда ҳар қандай хавф-хатарга муносиб жавоб қайтариш, бу орқали бош вазифа ҳисобланадиган мамлакат хавфсизлиги, аҳоли тинчлиги ва осойишталигига эришиш пировард мақсад саналади. Шундай экан, замонавий ҳарбий илм-фанни чуқур ўрганиш ва шонли тарихимизда муносиб из қолдирган аждодларимизга муносиб авлод бўлиш олий бурчимиздир.

    Мирзаюсуф РУСТАМБОЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги

    университети бошлиғи, полковник.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates