Илмий изланиш ва тадқиқотлар туфайли юз очаётган тарих

    Жалолиддин Мангуберди ўлими тўғрисида жуда кўп асарларда маълумот берилган, бироқ аниқ жойи кўрсатилмаган.

    Жорий йил 25-27 ноябрь кунлари “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши кутилмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими ва Жалолиддин Мангуберди фонди раҳбари, Урганч давлат университети тадқиқотчиси Бекзод Абдиримов билан суҳбатимиз мазкур халқаро конференцияга тайёргарлик жараёни, буюк саркарданинг ҳаёт йўлини чуқур илмий ўрганиш мақсадида хорижлик экспертлар билан ҳамкорликдаги изланиш ва тадқиқотларга бағишланди.

    Президентимиз 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Жалолиддин Мангуберди жасоратининг ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги тарихий аҳамиятини ҳисобга олиб, бу борадаги долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга кўра, 2020 йил 23 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Жалолиддин Мангубердининг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Ўтган вақт мобайнида фармойиш ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

    Жалолиддин Мангуберди сингари улуғларимизнинг руҳини ёд этиш, уни ёшларга намуна сифатида тақдим қилиш маънавий ҳаётимизда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу борада давлатимиз раҳбари бошлаб берган ташаббус доирасида бир қанча янги лойиҳалар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ўтган йили Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими, Урганч давлат университети, Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида “Хоразм — Марказий Осиё цивилизацияси тизимида” халқаро анжумани уюштирилди. Унда юртимиз олимлари билан бир қаторда, Португалия, Испания, АҚШ, Покистон, Малайзия каби давлатлардан бевосита Хоразм тарихи, Жалолиддин Мангуберди ва Хоразмшоҳлар даври билан боғлиқ илмий иш қилаётган тадқиқотчилар иштирок этди. Хоразм телевидениеси билан ҳамкорликда амалга оширилган “Буюк ипак йўли бўйлаб” лойиҳаси ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Кўрсатув Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани “Жаслиқ” маҳалласи ҳудудида жойлашган Белоули ва Аланқалъа ёдгорликларидаги кузатув-ўрганув ишларига бағишланди. 2021 йил 27 октябрда эса “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

    — Хоразмшоҳлар тарихи билан боғлиқ ҳали юртимиз китобхонларига маълум бўлмаган асарларни таржима ва нашр қилиш борасида хайрли ишлар бошланган. “Хоразмийлар изини излаб...” асарингиз чоп этилганидан сўнг покистонлик олим, доктор Васим Сажжад билан ҳамкорликда “Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда” асарини ҳам нашрга тайёрладингиз. Ўзбек, инглиз ва урду тилларидаги ушбу китоб ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

    — “Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда” асарида буюк саркарданинг 1221-1224 йиллардаги сиёсий-ҳарбий фаолияти билан бир қаторда, Покистонда амалга оширган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Китобда Мангубердининг зафарли юришлари, сўнмас жасорати ҳақида юртимиз тарихчилари учун янгилик бўлган ноёб маълумотлар келтирилган. Ушбу китоб “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусидаги халқаро конференция олдидан муносиб туҳфа бўлди, деб айта оламан. Кўп йиллик илмий изланишларим самарасида “Хоразмийлар изини излаб...” асарим чоп этилди. Унда VIII-XIII асрларда Евроосиё ҳудудида кечган сиёсий ва этник жараёнларда хоразмликларнинг ўрни ҳақида ҳикоя қилинган. Яқин кунларда илмий тадқиқотлар маҳсули бўлган “Икки буюк саркарда: Жалолиддиндан Қутузгача” асарим ҳам китобхонлар қўлига етиб боради. Унда султон Жалолиддин Мангуберди ва унинг жияни, Миср султони Сайфиддин Қутузнинг мўғулларга қарши озодлик ҳаракати, Жалолиддин Мангубердидан сўнг Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Мисрда қолган қўшинларнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

    — “Жалолиддин Мангуберди изидан” экспедицияси ва ишчи гуруҳи аъзоси сифатида хориждаги илмий-маърифий марказлар билан алоқани мустаҳкамлаш ва саркарда тарихига оид маълумотларни чуқур ўрганиш мақсадида чет мамлакатларга қилган сафарингиз кутилган самарани беряптими?

    Ҳа, зиммамизга Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш, шунингдек, султоннинг сўнгги кунлари ўтган ҳудудларда тадқиқот олиб бориш, саркарданинг ҳалокати билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилиш ва қабри жойлашган ҳудудни аниқлаш вазифалари қўйилган эди. Жорий йил 15-18 октябрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги қўллаб-қувватлови билан гуруҳимиз Туркиянинг Диёрбакир вилоятида ижодий изланишлар ўтказди. Ишчи гуруҳ вакилларини Диёрбакир вилояти Силван ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Дижле университети профессорлари илиқ кутиб олди. Гуруҳимиз фаолияти учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди ва ўзимиз учун керакли бўлган жуда муҳим ва тарихий маълумотларни ўрганишга муваффақ бўлдик.

    — Жалолиддин Мангуберди дафн этилган жой номаълумлигича қолмоқда...

    — Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган дастлабки йилларда ҳам буюк аждодимизнинг изидан илмий экспедициялар уюштирилган. Шулардан бирига устозимиз — тарихчи, публицист Шуҳрат Саломов бошчилик қилган эди. У ­Жалолиддин Мангубердининг сўнгги ҳарбий ҳаракатлари кечган ҳудудларда дала тадқиқотлари ўтказиб, кўплаб янги маълумотларни қўлга киритади. Бироқ у вақтда ўрта асрларда ёзилган кўплаб тарихий асарлар нашр қилинмаган эди. Ундан сўнг ўзим ҳам Туркияда сафарда бўлганимда белгиланган жойга боришга имконимиз бўлмаган эди. Навбатдаги сафаримизда Туркиянинг Дижле университетида “Силван ва Султон Қиличарслон I” мавзусидаги халқаро симпозиумда ҳам иштирок этдик. Симпозиумда Жалолиддин Мангуберди тақдири ва ҳалокатига оид илмий маърузалар, у билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Симпозиумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Диёрбакир вилояти ҳокими Мунир Каралўғли томонидан Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудуд ҳақида янги манбалар топилгани ва бу манбаларга кўра, унинг қабри айнан Силванда экани маълум қилинди. Силван тумани ҳокими Мурод Ўзтурк Жалолиддин Мангуберди мақбараси қурилиши режалаштирилганини айтди.

    Жалолиддин Мангуберди ўлими тўғрисида жуда кўп асарларда маълумот берилган, бироқ аниқ жойи кўрсатилмаган. Фақатгина 1156-1256 йилларда яшаган тарихчи Сибт ибн ал-Жавзийнинг “Мират аз-замон” асарида сўнгги хоразмшоҳнинг қаерга дафн қилингани ёзилган. Ушбу асарнинг 23-жилди 312-саҳифасида бундай сўзлар бор: “Жалолиддин Мангубердининг жонига қасд этганлар Маёфориқин ҳокими Шаҳобиддин томонидан ўлимга ҳукм қилинади. Кейин Хоразмшоҳни ювдириб, кафанлаб, Маёфориқин ташқарисига дафн қилди... Бу гап татарларга (мўғулларга) етиб боради ва улар Маёфориқин томон юрадилар. Шаҳобиддин эса унинг қабрини текислаб қўйди”.

    Дижле университети тарих ва адабиёт бўлими раҳбарлари Октай Бўзан ва Арафат Яз ўз маърузаларида саркарданинг дафн этилган жойи масаласида юқоридаги асарда келтирилган маълумотларни асос қилиб кўрсатмоқда.

    — Сиз бошчилигингиздаги гуруҳ аъзолари ва туркиялик тадқиқотчилар Жалолиддин Мангуберди қабрининг асл жойини аниқлаш борасида қандай тўхтам ва фикрга келдингиз?

    — Сафаримиз давомида Дижле университети ректори, профессор Меҳмет Каракоч бошчилигида туркиялик олимлар гуруҳи билан мулоҳазали, мунозарали қизғин мулоқот уюштирдик. Мулоқотда Дижле университети ректори Жалолиддин Мангуберди дафн қилинган жой масаласида Ўзбекистон ва Туркия олимлари иложи борича тезроқ илмий, зарур бўлса, археологик тадқиқот ишларини бошлаши кераклигини таъкидлади. Мазкур тадқиқотларга Ўзбекистон тарафидан олимлар жалб этилса, университет уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини билдирди. Профессор Меҳмет Каракоч Силван тумани ҳокими Мурод Ўзтурк билан Жалолиддин Мангуберди дафн қилинган жойни қўриқлаш масаласини келишиб олди. Шундан сўнг Дижле университети ректори ва Диёрбакир ҳокимлиги томонидан Жалолиддин Мангуберди дафн қилинган жой топилгани ҳақида Туркия раҳбарига маълумот жўнатилиши белгилаб олинди. Биз ҳам бу тўғридаги маълумотларимизни тегишли тартибда раҳбариятга етказдик.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Гуличеҳра Дурдиева суҳбатлашди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates