Қайд этилишича, халқ орасида табиблик билан шуғулланиб, “Био нур” соҳиби сифатида танилган И.Салиевнинг фаолияти қонунийлиги ўрганилган.
У 05.08.2020 йилда солиқ органларидан “Халқ табобати” фаолият тури бўйича рўйхатдан ўтган бўлсада, табибнинг Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати 21.12.2024 йилда тугаган.
Унга нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган.
Суд томонидан 2025 йил 10 январь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59⁵-моддаси (Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан, 7.500.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлганлиги инобатга олиниб, ИИО ходимлари томонидан расмий огоҳлантирилди.
Бироқ И.Салиев такроран ўз фаолиятини давом эттириб, видеороликларни ижтимоий тармоқларга жойлаб келганлиги аниқланди. Жорий йил 27 ноябрь куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59⁵-моддаси 3-қисми (Халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда тегишли тартибда суд органига юборилган.








