Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор ходими фуқародан ноқонуний равишда 400 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ушбу шахс хизмат мавқейидан фойдаланиб, Термиз туманида яшовчи фуқаронинг 20 минг АҚШ долларини декларация ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, танишлари орқали «Сариосиё» чегара божхона пости орқали Тожикистон Республикасига ўтказиб беришни ваъда қилган. Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 25, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят туманларидан бирининг Кадастр бўлими бошлиғи маҳаллий фуқародан озиқ-овқат дўконининг ташқи қисмига қурилган бостирма учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 5 миллион сўм талаб қилиб, 3 миллион сўм олган вақтида ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Яна бир ҳолатда, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Энергосавдо» филиали Наманган бўлинмаси Косонсой тумани юрисконсульти маҳаллий фуқародан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди. У рейд тадбирлари давомида аниқланган электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати бўйича 28,6 миллион сўм жаримани электрон тизимга киритмасдан бартараф этишни ваъда қилгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.








