Тадқиқот мамлакатнинг барча ҳудудларидан 867 нафар зўравонликка учраган аёлларни қамраб олган бўлиб, зўравонлик шакллари, унинг руҳий оқибатлари, ёрдам излаш жараёни ва мавжуд ҳимоя механизмларининг самарадорлигига оид маълумотларни ўз ичига олади.
Натижаларга кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик кўпинча йиллар давомида такрорланувчи ва кўп қиррали муаммо экани аниқланган. Хусусан, аёлларнинг 69 фоизи ҳимоя ордери олишдан олдин узоқ вақт зўравонликка чидаб келган, 70 фоиздан ортиғи эса мунтазам равишда зўравонликка учраганини билдирган. Шунингдек, 22,9 фоиз аёл ҳаётига таҳдид бўлган ҳолатлар — пичоқ ўқталиши ёки ўлдиришга уриниш содир бўлганини қайд этган. Қарийб 20 фоиз аёл эса мунтазам жинсий мажбурланишни бошдан кечирган.
Зўравонликнинг руҳий саломатликка таъсири ҳам жуда оғир экани таъкидланди. Аёлларнинг деярли тўртдан уч қисми сўнгги ойда кучли стресс, асабийлашиш ёки тушкунлик ҳолатларини бошдан кечирган. Ҳар бешинчи аёл эса ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини маълум қилган.
Тадқиқотда болалар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аёлларнинг 63 фоизи фарзандлари камида бир марта зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлганини билдирган. Айрим ҳолатларда бу деярли ҳар куни такрорлангани қайд этилган. Бу эса зўравонлик бир вақтнинг ўзида икки авлодга салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатади.
Иқтисодий мустақиллик масаласи ҳам ҳал этилмаган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Тадқиқотга кўра, аёлларнинг тўртдан бир қисми даромад манбаига эга эмас, ҳар учинчи аёл эса ўз даромадидан мустақил фойдаланмайди. Бу ҳолат уларнинг зўравон муносабатлардан чиқиб кетиш имкониятларини чеклайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги ҳимоя тизими — ҳимоя ордерлари, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ва реабилитация марказлари аёллар томонидан ижобий баҳоланган. Ҳимоя ордери олган аёлларнинг аксариятида зўравонлик тўхтаган ёки камайган. Реабилитация марказлари эса хавфсизлик, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш имконини берган. Айрим аёллар реабилитация орқали зўравонга қайтмасликка қарор қилганини билдирган.
Ҳисоботда ижтимоий меъёрлардаги зиддиятларга ҳам эътибор қаратилган. Аёллар тенгликка интилаётганига қарамасдан, оилада эркак устунлигини оқловчи қарашлар сақланиб қолмоқда. Жумладан, зўравонликка учраган аёлларнинг 27 фоизи бундай ҳолатларда аёлларнинг ўзи айбдор, деб ҳисоблашини билдирган.
Муаллифлар келгусида зўравонликни эрта аниқлаш, аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш ва зарарли ижтимоий меъёрларни ўзгартириш бўйича тизимли чора-тадбирларни кучайтиришни тавсия этмоқда.








