Бугун ушбу ишларни ташкил этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишилди. Жумладан, қурилаётган ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини давом эттириб, Сергели йўналиши билан боғлаш, замонавий қурилиш услубларини тадбиқ этиш, метро поездларини янгилаш, йўловчи оқимини янада ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.
Маълумки, ерусти метросининг иккинчи босқичи доирасида бешта бекат шу йил якунида ва қолган иккитаси келгуси йил Наврўзда ишга тушириш мўлжалланган. Бу орқали 62 та маҳалладаги 250 мингга яқин аҳоли метрополитен билан қамраб олинади.
Давлатимиз раҳбари барча йўлларда инсонларга қулайлик ва хавфсизлик биринчи ўринда бўлиши лозимлигини таъкидлади. Метрополитен учун 14 та янги поезд олиб келиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда метрополитенни комплекс ривожлантириш ҳамда Транспорт универститети билан биргаликда профессионал кадрлар тайёрлаш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Тошкентда жамоат транспорти етиб бормаган 26 та маҳаллага автобус йўналишлари очилиб, метро билан боғланади. Бунинг учун қўшимча электробуслар харид қилинади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент вилоятидан пойтахтимизга кунига 1 миллиондан зиёд йўловчи кириб келади. Уларни метро бекатларига йўналтириб, ҳам аҳолига, ҳам транспортларга енгиллик яратиш зарурлиги айтилди.
Замонавий электропоездлар келтириб, “Тошкент – Хожикент”, “Тошкент – Бекобод” ва “Тошкент – Ангрен” йўналишида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши белгиланди.
Янги метрополитен йўналиши бўйида жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Лойиҳаларни такомиллаштириб, қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.