Жамоатчилик палатаси — фуқаро, жамоат ташкилотлари, давлат бирлигини мустаҳкамловчи янги институт

    Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, дея бундан олти аср муқаддам таъкидлаган эди.

    Ушбу ўгит бугун, ХХI асрга келиб ҳам ўз мазмун-моҳиятини, долзарб аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бинобарин, инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи ва ҳимоя қилувчи Конституция ва қонун устуворлигига асосланган ҳуқуқий-демократик давлатни барпо этиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларда энг устувор мақсад этиб белгиланган.

    Албатта, бу ўринда қонунларнинг амалиётда ишлаши муҳим жиҳат ҳисобланиб, уларнинг ижроси таъминланишида эса жамоатчилик назорати институтидан самарали фойдаланиш тақозо этилади.

    Аслида жамоатчилик назорати юртимизда узоқ ва қадимий тарихий илдизларга эга. Бу институт бизда қадим-қадимдан оқсоқоллар кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Бу кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишлари билан шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.

    Ўз даврида гуллаб-яшнаган Амир Темур салтанатининг энг катта ютуғи ҳам Соҳибқироннинг “Темур тузуклари”да таъкидланган “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим”, тамойили билан боғлиқ, десак муболаға эмас.

    Бугунги кунда ҳам айнан жамоатчилик назорати орқали фуқаролар ва жамоат тузилмалари жамият ҳаётидаги муаммоларнинг ечимини топишга эришадилар. Демак, жамоатчилик назорати институти янги Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни ташкил этишнинг муҳим воситасидир.

    Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини таъминлашда жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутади. Мазкур институтнинг давлат органлари ходимлари қонунга риоя этиб, вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишида таъсир доираси юқори эканини кейинги вақтларда яққол кўриб турибмиз.

    Жамоатчилик назоратининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, давлат назоратидан фарқли равишда унинг асосий мақсади кимнидир жазолаш ёки кимгадир чора кўриш эмас, балки қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурларида кенг жамоатчилик томонидан шакллантирилган фикр-мулоҳазалар, таклифларни акс эттириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатларининг ҳимоясини, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни, давлат хизматларининг самарали кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.

    Шу маънода, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлаб, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

    Мурожаатномада мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш, жамоатчилик маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлиши кераклиги айтиб ўтилганди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда айнан жамоатчилик назорати институти фаолиятини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш, бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил этиш имконини беради.

    “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя илгари сурилган мазкур фармонга мувофиқ, марказда ва барча ҳудудларда олий мақомда ташкил этилаётган Жамоатчилик палатасининг энг асосий вазифаси фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини ­фаоллаштириш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашишдан иборат бўлади.

    Шунингдек, мазкур палата Президент ва Олий Мажлисга фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий ҳисоботларни тақдим этиб бориши, Конституцияга ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Ўз навбатида, давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ваколати ҳам берилмоқда.

    Палата фаолиятининг асосий йўналишлари эса давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишдан иборат бўлади.

    Жамоатчилик палатаси фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқади. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўяди, муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиб боради. Фуқaрoлaр, ННТлар вa ОАВ вaкиллaри, блогерларнинг ОАВларда сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини ҳаётга жорий этиш, ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда, шунингдек, соҳаларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш, ­тавсиялар ва натижалар ҳақида Президент, парламент ва ҳукуматга мунтазам ахборот киритиб бориш ҳам палата фаолиятининг долзарб йўналишларидан ҳисобланади.

    Ушбу ташкилот мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, ННТларга халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиб боради.

    Чиндан ҳам, давлат органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назорати институтининг ўрни беқиёс. Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам фуқаро — жамоат ташкилотлари — давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.

    Таъкидлаш жоиз, айни вақтда мамлакатимизда 9 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилот мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини тополмаган, фаолияти сезиларли даражада эмасди. Эндиликда Жамоатчилик палатаси ана шу ташкилотлар ишига ҳам зарур ташкилий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, уларнинг бундан буён самарали фаолият юритишига ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.

    Бу, ўз навбатида, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун нормаларининг ижроси таъминланишида, хусусан, таъсирчан жамоатчилик назорати орқали давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг давлат бошқарувида самарали иштирокини амалга ошириш, одамларнинг ҳуқуқий билимларини, ҳар бир шахснинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позициясини, шунингдек, нодавлат ташкилотларнинг ташаббускорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

    Эътироф этиш керак, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги прагматик ислоҳотлар самараси туфайли жамиятда жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда кучайди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари хатти-ҳаракатларига нисбатан билдирилаётган муносабат туфайли кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилаётгани барчага аён ҳақиқат.

    Аммо очиқ тан олиш керак, жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланган фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари томонидан бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳозирча бугунги кун талаблари даражасида эмас.

    “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилган мониторинг ишлари ва таҳлиллар натижаси жамоатчилик назорати аксар ҳолларда номигагина, қуруқ расмиятчилик учун қоғоздагина ташкил этилгани, реал ҳаётда бу институтнинг ўрни ва роли деярли сезилмаётганидан далолат бермоқда.

    Айниқса, давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш каби жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг қонун билан белгилаб қўйилган саккизта шаклидан унумли фойдаланилмаяпти. Шу жумладан, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси каби нормалар деярли ҳаётга жорий этилмаяпти.

    Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокамаси бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш юзасидан қонуний ваколатга эга бўла туриб, бу нормани амалиётда ишлатишга етарли эътибор қаратилмаяпти.

    Яқин вақт ичида фаолият бошлаши кутилаётган Жамоатчилик палатаси юқоридаги каби камчиликларни бартараф этишда ҳам алоҳида ўрин тутиши, шубҳасиз. Яъни палата томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уларга мунтазам тегишли маслаҳат ва тавсиялар бериб бориш ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги кучайишига хизмат қилади.

    Жамоатчилик палатасининг фаолият бошлаши “Тараққиёт стратегияси” маркази учун ҳам айни муддаодир. Марказ палата билан фаол ҳамкорлик қилишни, жумладан, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини кучайтириш, бу борада илғор хорижий ва халқаро тажрибани ўрганиб, амалиётга жорий этиш, ушбу йўналишларда илмий-амалий тадқиқотлар ва изланишлар қилиш, ишлаб чиқилган тегишли таклиф ва тавсияларни бериб боришни режалаштирмоқда.

    Шунингдек, ҳар йилги давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказишда миллий ва халқаро жамоатчиликни кенг жалб этиш, қабул қилинган давлат дастурлари ва муҳим аҳамиятга молик бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиб бориш юзасидан ҳам Жамоатчилик палатаси билан биргаликда фаол иш олиб бориш ҳам мақсадга мувофиқ.

    Мухтасар айтганда, жамоатчилик назорати ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилади. Мазкур институт мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатлангани, балки давлат органлари фаолиятида устувор аҳамиятга эга эканини таъминлайди ва бунда жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади.

    Ушбу эзгу мақсадлар рўёбида эса мутлақо янги институт сифатида ташкил этилаётган Жамоатчилик палатасининг ўрни ва роли беқиёсдир.

    Элдор ТУЛЯКОВ,

    “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates