Жиддий ва аламли бир савол

    Фикр 27 ноябр 2020 1651

    Бундан кўп йиллар бурун, биринчи синф ўқувчисидан тортиб мактаб директоригача пахта даласида “жавлон уриб” юрган пайтларда Эркин Воҳидов билан Дўрмонда гурунг қилганимда, у кишининг айтган бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди: “Дўппини бошдан олиб бир ўйлаб қарасак, дунё аллақачон иккига бўлинган. Дунёнинг қаеридадир осмонўпар бинонинг олтмишинчи қаватида костюм шим ва галстукдаги одамлар креслода ўтириб жаҳондаги жараёнларни бошқариб ўтирган бўлса, яна қаеридадир  одамлар чангалзорларда уят жойини хас-хашак билан бекитиб, таёқ-найза кўтариб югуриб юришибди.

    Кийган костюм шимимиз ва таққан галстугимизга қараса, ўша олтмишинчи қаватда дунё тақдирига таъсир кўрсатаётган одамларга ўхшаймиз. Тафаккуримизга қараса, чанглазорларда югуриб юрган одамларга ўхшаймиз”. Эркин аканинг бу гапларидан қаттиқ таъсирланган эдим.

    Кейинги пайтларда мени бир нарса қаттиқ ташвишга солади. Бизнинг яқин тарихимизда миллатнинг миллат бўлиши учун курашган, кеча-ю кундуз тер тўкиб меҳнат қилган, миллий хазиналаримизни мустабид давр суронларидан омон сақлаб қолиш учун машаққат чеккан шундай мўътабар олимларимиз борки, уларни танимаймиз. Мен ҳозир учта олимнинг исми шарифини келтираман: Порсохон Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Қаюм Каримов! (Шукрки, бундай олимларимиз кўп) Айтинг-чи, шу уч олимни ҳозирда милллатимизнинг неча фоизи билади ё танийди? Ўн фоизи десам, ошириб юборган бўламан, шекилли. Балки беш фоизи билар... Бунга ҳам шубҳа бор. Энди алам қиладиганини айтай. Куни кеча ижтимоий тармоқларда бемаъни гаплари, тутуруқсиз қўшиқлари, бачкана қилиқлари билан от чиқараётган ёки оғзига келганни вайсаб, жилпанглаб юрган баъзи эстрада хонандаларини аҳолимизнинг неча фоизи билади. Олмиш-етмиш фоизи десам, камайтмаган бўларман. Мен бу ўринда яхши қўшиқлари билан эл эътиборига тушган истеъдодли эстрада хонандаларини назарда тутаётганим йўқ, айнан бачканалик ва бемаъниликни тарғиб қилаётган савиясиз хонандалар ҳақида гапиряпман.

    Дўппини бошдан олиб бир ўйлаб кўринг. Ватан ва миллатга буларнинг қай биридан фойда? Элнинг миллат ва халқ бўлиши учун курашган ўша олимларданми ё элнинг оломон бўлиши учун хизмат қилаётганларданми? Ватан авлодларига маърифат ва илм келтирганлар қайда-ю, авлодларни бачканалик ва бемаънилик ботқоғига судраётганлар қайда? Сув келтирган азизми ё кўза синдирган? Бугунги кунимизнинг 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшларидан Порсохон Шамсиевни биласизми деб сўровнома ўтказиб кўринг-чи? Кейин эса, энг савиясиз бир эстрада хонандасининг номини келтириб сўровнома ўтказинг. Жавобларда шармандали ҳолга дуч келишингиз икки карра иккидай аниқ. Бу ҳолни сиз қандай баҳолайсиз, азиз замондош? Нега шундаймиз? Ўзбекча қилиб айтганда, “Қачон одам бўламиз?!” Элга нимадан фойда-ю, нимадан зарар эканлигини, миллат фахри кимлару, миллат қурти кимлар эканлигини қачон ажратамиз?

    Алишер Навоийнинг 1958 йилда нашр этилган “Хамса”сини тез-тез варақлаб тураман. Оч малларанг муқовали кичик бир жомадондай келадиган (30смХ22см) 88,9 босма тобоқ, жами 853(!) саҳифадан иборат китоб. Бу китобни бугун мамлакатда бармоқ билан санарли одам биладиган Порсохон Шамсиев тайёрлаган. У киши китоб бошида нашр ҳақида ёзганда шундай деганлар: “Биз “Хамса”ни нашрга тайёрлашда кўпдан буён ишланмоқда бўлган “Хамса” достонлари танқидий матнларини асос қилиб олдик. Шу билан бирга, танқидий матнларнинг асоси бўлган Абдужамил Котиб ва Султонали Машҳадий нусхаларидан ҳамда ХVI асрнинг яна бир нодир нусхасидан тўла фойдаланишга ҳаракат қилдик.”

    Шундан кейин “Хамса”нинг айни шу мукаммал нусхаси “навоийшуносликнинг барқ уриб ривожланишига хизмат қилди”.

    Яқинда Алишер Навоийнинг 580 йиллигини ўтказиш тўғрисида Президент Қарори эълон қилинганида, умрини Навоий ижодини ўрганишга бағишлаган Порсохон Шамсиевдай заҳматкаш олимларимизнинг нурли сиймолари беихтиёр ҳазрат Навоий сиймоси ёнида кўз олдимизда гавдаланди. Бу эзгу ишлардан уларнинг руҳлари шод бўлади.

    “Хамса”нинг илмий-танқидий матнини яратиш нима эканини ҳар қалай тасаввуримга сиғдира оламан. Бу тоғни тешиб сув йўлини очиш билан баробар. Писта чақиш эмас. Ҳомидхон Исломий домла биргина “Насойим ул муҳаббат”нинг танқидий матни устида 25 йил ишлагани танқидий матн меҳнати қанчалар машаққатли эканини далиллайди.

    “Хамса”нинг илмий-танқидий матни шу даражада катта иш эдики, унча-мунча ҳавойи даъвогарларнинг белини синдириб юборарди. Шунинг учун ҳам манаман деган давр маҳмадоналари бу ишни зиммасига ололмаган, яқинига ҳам йўлай олмаган. Порсохон Шамсиев эса, 52000 мисралик, 853 саҳифалик “Хамса”ни танқидий матнлари, тарихий нусхалари асосида мукаммал нашрга тайёрлаган. Бу меҳнатнинг қандай меҳнат эканини дап этса, даъво қиладиган, қуруқ иддаодан нарига ўтолмайдиган чаламуллалар тасаввурига сиғдира олмайди. Баъзи адабиёт олимиман ва шоирман деганлар 853 саҳифадан 100 бетини ўқишга ҳам ўзида куч тополмайди. Ҳолбуки, Порсохон домла бу китобнинг ҳар сўзига кўз нури, қалб қўрини тўккан. Домланинг бундан ташқари қанча хизматлари ва ишлари бор. Қуйидаги фактларга шунчаки ўткинчи назар билан эмас, виждон билан бир диққат қилинг: Порсохон Шамсиев Алишер Навоийнинг 15 томлиги учун “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир”, “Арбаин” каби асарлари ва юқорида таъкидлаб ўтганимиз – “Хамса”нинг ҳамма достонларини нашрга тайёрлаб берган эди. Шунингдек, Қозон давлат университети қўлёзмалар фондида сақланаётган 1568 йилда Ҳиротда Маҳмуд котиб томонидан кўчирилган Навоийнинг “Илк девони”ни ҳам аниқлаган ва илмий тавсифини берган. Олим 1487-88 йилларда Ҳиротда Абдулжамил томонидан тузилган Навоийнинг иккинчи расмий девони “Наводир ун-ниҳоя”нинг қадимги нусхасини топган ва уни Султон Али Машҳадий кўчирган шу девон қўлёзмаси билан қиёслаб, асосий тафовутларни қайд қилиб чиққан.

    Ҳайратланарли ишлар, ҳайратланарли меҳнат, муҳими, ҳайратланарли натижа! Лекин биз ҳайратланмаймиз. Ҳа, бўлса бўлгандир-да, иши бўлгандан кейин қилади-да, деб қўямиз-у, яна аллақандай майда-чуйдалар изидан чопишда давом этамиз.

    Кейинги йилларда мен деярли ҳар куни, ҳеч бўлмаганда, икки куннинг бирида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” китобини варақлайман. 1960-1963 йилларда нашр этилган бу китоб ҳамроҳимга, йўлдошимга, суҳбатдошимга айланган. Мен энг яқин дўстимдан кўра ҳам шу китоб билан кўпроқ гурунглашаман. “Девону луғотит турк” 3 жилдлик, индекси билан қўшиб ҳисоблаганда 4 жилдлик китоб. Биринчи жилднинг ўзи 499 бет. Ҳар жилд бошида кичик шрифтда бир ёзув келади: Таржимон ва нашрга тайёрловчи филология фанлари кандидати С.М. МУТАЛЛИБОВ. Қарангки, ўша нашрда ҳатто Муталлибовнинг исми ҳам тўлиқ берилмаган, фақат С деб кўрсатилган. Туркий дунёнинг мислсиз хазинаси “Девону луғотит турк”ни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жуда оғир, жуда мураккаб иш. Бу ниҳоятда катта билим ва тажрибани талаб этарди. Миллатимиз ва тилимизнинг минг йилликларидан хабардор одамгина бу ишга қўл уриши мумкин эди. Бошқаларнинг журъати ҳам, бардоши ҳам етмайди. Солиҳ Муталлибов бу тарихий ишни муваффақият билан бажарган. Бундан ташқари Солиҳ Муталлибовнинг қанча илмий, ижодий ишлари бор.

    Юсуф Хос Ҳожибнинг 1971 йилда “Фан” нашриётида чоп этилган “Қутадғу билиг” китоби 964 бет. Нашрга тайёрловчи филология фанлари номзоди Қаюм Каримов. Оддийгина фан кандидатининг қилган ишлари манаман деган академикнинг ишларидан кам эмас. Профессор Ҳамидулла Дадабоев гурунгларимизнинг бирида: “Мен Қаюм Каримовнинг қадимги туркий сўзлар луғатининг қўлёзмасини кўрганман. Нақд 60 босма тобоқ эди! Афсуски, шундай катта иш қаерлардадир йўқ бўлиб кетди”, – деган эди.

    Бу одамлар совет отини миниб, чоптириб мазлум миллат хазиналарини топтаб ўтишмаган. Минбарларда оғиз кўпиртириб маддоҳларча шовқин-сурон кўтаришмаган, меҳнат қилишган, халқни халқ сифатида тутиб турган устунларни асраб қолиш учун дард ва матонат билан курашганлар. Булар қаторида Ҳоди Зариф, Ҳамид Сулаймон, Музайяна Алавия, Қутбиддинхон Муҳиддинов, Алибек Рустамов каби улуғ олимларимиз бор эдилар.

    Бизни кечиринг, азизлар. Сизлар илм ва маърифат заҳматкашлари эдингиз. Мустабид тузум халқлар тарихини гўрга тиқаётган бир даврда “Хамса”ни, “Девону луғотит турк”ни, “Қутадғу билиг” каби миллат хазиналарини асраб қолиш, миллат руҳини сақлаб қолиш учун жонингизни бериб ҳаракат қилдингиз. Игна билан қудуқ қаздингиз, теша билан тоғни тешиб ўтдингиз. Кўпларингиз дилда армон, кўзда ёшлар билан кетдингиз. Биз эса сизларни эслашга эринамиз. Бизни кечиринг, азизлар. Сизларнинг номингизни ҳар бир ўзбек билишини ва руҳингизга эҳтиром кўрсатишини чин юрагимдан истайман. Сиз шунга муносибсиз. Юқоридаги аччиқ гапларим ҳам шундан.

    Юртимиздаги ёшларнинг катта қисми шу кунларда Африкадами, Австралиядами бирор эстрада қўшиқчиси пайдо бўлиб қолса, дарров таниб, билиб олади, кечгача бутун таржимаи ҳолигача ёдлаб олади, ҳатто суратларини кўтариб юришади. Аммо, мўътабар олимларимизнинг исмларини билишни-да исташмайди. Ёшлар 12 ёшдан 25 ёшгача ўта қалтис даврдан ўтадилар. Улар бу даврда кимлардан ибрат олса, шуларга ўхшаб шаклланадилар. Ёшларни хотирасиз авлод сифатида шаклланишдан Худонинг ўзи асрасин.

    Битта ҳақиқий олимни етиштириш учун миллатнинг қанча қони кетади, қанча тери тўкилади. Қон ва терни литраларда ўлчаб бўлмайди. Бу олимлар ҳазилакам одамлар эмас эди. Баъзан уларнинг суратларига қараб ўйга толаман. Порсохон домла, Қаюм Каримов домла... нақадар хокисор чеҳралар. Шундай улуғ ишларни қилишиб, яна тортиниб, қимтиниб туришади. Шайхзода айтганидай: “Ээ, замон оғир эди”.

    Эски ёзувни билганлари учун ҳам балога қолганлар бор. Китоб кўргани учун НКВД итларига таланганлар бор. Шунга қарамай, улар ўз вазифаларини сидқидилдан, муҳаббат билан адо этдилар. Зулм тегирмони бошида айланиб турса-да, улар Навоий ё Кошғарийни қўйиб, мукофот тиланиб, сийловлар сўраб, илмий коммунизму, атеизм сари юз бурмадилар. Мен Ҳамид Сулаймон уйида у кишининг рафиқаси олима Фозила Сулаймонова билан гурунглашганимда, опа бир гапни айтган эди: “Ҳамид Сулаймон қамалиб кетишидан олдин Ғарб адабиёти билан шуғулланар эди. Қамоқдан қайтгач, бутунлай ўзгариб келди ва менга айтдики: “Фозила, умримдан қанча қолган бўлса, буёғини фақат Навоийга бағишлайман. Мен уёғда шунга қарор қилдим!” Дарҳақиқат, Ҳамид Сулаймон шундан кейин бутун фаолиятини фақат Навоий ижоди ва қадимий қўлёзмаларга бағишлаган ва шундан баракат топган.

    Мени яна ўша савол қийнайди: Порсохон Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Қаюм Каримов! Айтинг-чи, шу уч олимни ҳозирда милллатимизнинг неча фоизи билади ё танийди? Беш фоизи билармикин?..

    Шундай ибрат мактаблари бўла туриб, енгил-елпи нарсаларга, бачкана қилиқларга, кўпик ҳою ҳавасларга маҳлиёлик нечун? Миллат устунларининг устун эканлигини билмай, шу устунга қўниб қағиллаб ўтирган алақандай қарғаларга маҳлиё бўлиб юриш маърифатдан эмас. Буни ҳаммамиз, айниқса, ёшларимиз тўғри англаши керак.

    Мени яна ўша савол қийнайди. Жиддий ва аламли савол...

    Эшқобил Шукур,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates