Унга кўра, ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Ариза берувчидан тегишли маълумотнома тури бўйича белгиланган маълумотлар ва ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Аризани кўриб чиқиш учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.
Нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчилар давлат хизматларидан фойдаланишдан хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Тегишли сўровнома тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Давлат хизматлари маркази маълумотнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ваколатли орган томонидан расмийлаштирилган маълумотномада нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, ариза берувчи 15 кун ичида йиғим тўламасдан белгиланган тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.