Кимё саноатидаги натижалар ва янги лойиҳалар кўриб чиқилди

    Ҳукумат 21 сентябр 2022 8560

    Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

    Ислоҳотлар натижасида кимё саноатида маҳсулот тури кўпайиб, рентабеллик ошди. Жорий йил 8 ойда 1 миллион тоннадан зиёд минерал ўғит ишлаб чиқарилди. Экспорт қарийб 2 баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етди.

    Яна бир муҳим жиҳати, соҳага инвесторларнинг ишончи ортиб, сармоя киритишни бошлади. Жумладан, бугунги кунда хусусий сектор кимё тармоғида 2 миллиард долларлик 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг 5 таси яқинда ишга тушди.

    Шу билан бирга, соҳани юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тармоққа айлантириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп. Корхоналарни хомашё билан таъминлаш ва технологик янгилаш, кимё кластерлари ташкил этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарур.

    Тақдимотда шу борада бажарилган ишлар ва йил якунигача кутилаётган натижалар тўғрисида маълумот берилди.

    Давлатимиз раҳбари бу соҳадаги келгуси вазифаларни кўрсатиб ўтди.

    Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги йирик корхоналар негизида 4 та кимё кластери ташкил этилмоқда. Улар хомашёдан тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарадиган бўлади. Ҳозирда 1,8 миллиард долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва 5,6 миллиард долларлик яна 29 та лойиҳа режалаштирилган.

    Президентимиз ушбу кластерлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун лойиҳа офиси тузиш, бўш турган майдонларни лотларга ажратиб, хусусий инвесторларни жалб этиш кераклигини айтди.

    Кимё заводларида илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, улардаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда қишлоқ хўжалигини минерал ўғит билан узлуксиз таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

    Бозорда ҳамиша талаб бўлган яна бир йўналиш – маиший кимё воситалари. Ҳозирча бу талабнинг катта қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда. Маҳаллий маҳсулотларнинг ўрнини ошириш учун хомашё ва сифат керак. Шу боис бу йўналишда хусусий секторга кенг ўрин бериб, уларни хомашё билан таъминлаш, халқаро брендларни олиб келиш вазифаси қўйилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates