“Кинокарвон”нинг залворли юки...

    Мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” шиори остида ўтказилаётган намойишлари бунинг яққол мисо­лидир

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кино санъатининг инсон онги ва тафаккурига, жамият ҳаётига таъсири ниҳоятда беқиёс. Кино олами нафақат халқимиз маънавиятини юксалтиришга, балки унинг гўзал қадриятларини бутун дунёга танитишга ҳам катта ҳисса қўшади.

    Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография

    Сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган изланишлар туфайли ушбу йўналишда янгича тажриба ва анъаналар шаклланмоқда. Бунинг натижасида киноижодкорлар томонидан бугунги томошабин талабига жавоб берадиган бир қатор янги бадиий фильмлар яратилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” шиори остида ўтказилаётган намойишлари бунинг яққол мисо­лидир.

    — Ўтган йилнинг 20 ноябрида Президентимизнинг “Ўзбекфильм” киностудиясига ташрифи ва бу ерда бўлиб ўтган самимий мулоқот биз ижодкорларга кўтаринки кайфият ва ижодий руҳ бағишлаш баробарида фаолиятимизнинг янада тараққий этишига кенг замин яратди, — дейди Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов. — Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва берилган топшириқларни ҳаётга кенг татбиқ этишга киришдик. Ўзбекистон Республикаси кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” шиори остида “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида кинолар намойиши билан бирга, бир қанча маънавий-маърифий тадбирларни ҳам уюштиряпмиз. Юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда аҳоли орасида ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, энг сара бадиий фильмларни халқимиз эътиборига ҳавола қиламиз. Бу янги лойиҳа, халқимизнинг маданий дам ва руҳий озуқа олишида, маънавий савиясининг янада юксалишида эзгуликка хизмат қиладиган, гўзал ришта, нурли воситадир...

    Жиззах ва Сирдарёда

    Жорий йилнинг февраль ойидан буён Андижон, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида ижодий сафарда бўлган “Кинокарвон” айни кунларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида навбатдаги ижодий учрашувлар, фильмлар намойиши ва давра суҳбатларини ўтказмоқда.

    “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида Зулфиқор Мусоқов, Ражаб Адашев, Мукамбар Раҳимова, Лутфулла Саъдуллаев, Матёқуб Матчонов, Фотиҳ Жалолов, Абдуҳалил Мигноров, Рихсивой Алиев, Жаҳонгир Қосимов, Эгамберди Раҳимов, Бобур Йўлдошев, Умид Искандаров, Муҳаммадали Искандаров, ­Феруза Собитова, Барно Қодирова, Аҳмаджон Ўнарбоев, Эргаш Мўминов, Отабек Мусаев сингари кино оламининг иқтидорли вакиллари иштирокида ўтказилаётган тадбирлар, маҳорат сабоқлари халқимизнинг маънавий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

    Улкан таъсир ва катта куч

    Кино санъати миллий маънавиятимизни юксалтиришда, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялашда улкан таъсир ва катта кучига эга бўлган энг оммавий санъат тури ҳисоб­ланади. Президентимизнинг жорий йилнинг 8 апрель куни “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонини ҳам соҳадаги узоқ йиллик муаммоларга ечим сифатида хизмат қиладиган муҳим ҳужжат, дейиш мумкин.

    “Кинокарвон” лойиҳасида халқимизга тақдим этилаётган Зулфиқор Мусоқовнинг “Ҳайрат”, Фотиҳ ­Жалоловнинг “Муқимий”, Эргаш Мўминовнинг “Орзулар қанотида”, Муҳаммадали Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман” каби фильмлари премьераси, Жаҳонгир Қосимовнинг “Ибрат”, Абдухалил Мигноровнинг “Ат-Термизий” бадиий фильмларини томошабинлар катта қизиқиш ва хурсандчилик билан қарши олмоқда. Болажонлар учун тақдим этилаётган бир қанча миллий мультфильмлар намойишлари эса нафақат жажжи авлоднинг, балки уларнинг ота-оналари, яқинлари эътироф ва олқишларига сазовор бўлмоқда.

    — Жорий йилниннг 5-6 апрель кунлари “Кинокарвон” ижодий гуруҳи аъзолари томонидан вилоятимиз аҳолиси учун бир қатор ижодий учрашувлар ташкил этилиб, янги фильмларнинг тақдимоти ўтказилди, — дейди Республика кинопрокат маркази давлат унитар корхонасининг Навоий вилоят филиали директори Тўлқин Ҳалимов. — Чекка ва олис қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли ва ёшлар учун тарбиявий аҳамияти катта бўлган “Авлоний”, “Ибрат”, “Илҳақ”, “Рангсиз тушлар”, “Фариданинг икки минг қўшиғи” ва бошқа номдаги бир қанча фильмларнинг намойишлари вилоятимиз аҳлига бирдай манзур бўлди. Аслида ушбу лойиҳанинг ташкил этилишининг ўзиёқ кино санъати соҳасида эътиборга молик катта воқелик бўлди. Кино ижодкорлари томонидан яратилаётган тарихий, ватанпарварлик, тарбиявий ва бошқа мавзуларда суратга олинган ва олинаётган фильмлар аҳоли ва ёшларимиз учун катта тажриба мактаби бўлаётганлигини ҳам чуқур ҳис этиб турибмиз.

    Навоий вилояти учун томошалар “Муқимий” фильмининг премьераси билан очиб берилди. Фильм режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалолов шоир ва жамоат арбоби Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг ҳаёти, ижоди ҳамда съёмка жараёнлари ҳақида томошабинларга батафсил сўзлаб берди.

    Туманда кинотеатр ҳам йўқ эди...

    “Кинокарвон”нинг азим ва кўҳна Бухоро вилоятига ташрифи ҳам қизғин жараёнларда кечди. Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида “Ҳайрат”, Пешку туманида “Абу Мусо Муҳаммад ат-Термизий”, Шофиркон туманида “Муқимий”, Ромитан туманида “Ибрат”, олис Қоракўл тумани аҳолисига эса “Орзулар қанотида” бадиий фильмлари намойиш этилди. Кинотомошалар учун мўлжалланган “Cinemobil” инновацион кинотеатр платформасида режиссёр Муҳаммадали Искандаровнинг болалар ва ўсмирлар учун “Мен террорчи эмасман” фильми тақдим қилинди.

    — Машҳур киноактёрлар билан юзма-юз кўришмагунимча, уларнинг туманимизга ташрифларига ва кино тақдимотлари ўтказилишига ҳечам ишонмадим, — дейди қоракўллик Камола Ҳамдамова. — Гарчанд ўзим маданият соҳасининг вакиласи бўлсам-да, илгарилари бундай томошалар ташкил этилмас эди. Очиғини айтсам, бундан 4 йил илгари туманимизда ҳатто кинотеатр ҳам йўқ эди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ғамхўрлигида барча соҳалар қаторида маданият, санъат ва адабиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратиляпти. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимизнинг маънавий юксалиши йўлида бу жуда муҳим ва қутлуғ қадамдир...

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ­Республикаси кинематография агентлигининг “Кинокарвон” лойиҳаси вилоятларда фуқаролар томонидан катта қизиқиш, қувонч билан кутиб олинмоқда ва ўз навбатида аҳолининг маданий дам олишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Лойиҳа, томошабинлар томонидан қўллаб-қувватланиб, шу каби намойиш ва ижодий учрашувларни кўпайтириш таклифлари ҳам тушмоқда.

    Маълумотларга қараганда, Агентлик учун давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган бадиий фильмлар сони 2018 йилда 20 та бўлган бўлса, 2020 йилда 30 тага кўпайди. Мультипликацион фильмлар сони ҳам 2018 йилда ўн бештани ташкил қилиб, 2022 йилдан бошлаб 50 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Агентлик ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тузилиши белгиланганлиги хам бу соҳада катта янгиликдир.

    Ҳа, дунёдаги ҳар бир давлат ва миллат мадания­тининг ривожланишини, келажакдаги истиқболини миллий кинофильмларсиз тасаввур қилиш қийин. Энг муҳими эса кинони саноат ва санъат сифатида бирдек равнақ топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётир. Зеро, маданият соҳасида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимиз тафаккурини теранлаштириб, уларнинг эстетик оламини, соғлом дунёқарашини шакллантиришда “Кинокарвон” каби янги лойиҳаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки, кино санъати бошқа санъат турларидан фарқли ўлароқ, бир вақтнинг ўзида минглаб ва ундан ҳам кўп инсонларни бирлаштира оладиган воқелик ҳисобланади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates