Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Ўзбекистонда ўтган бир йил мобайнида кўпхотинлиликни тарғиб қилган 14 нафар шахс жазоланганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-8 (икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш) ҳамда 189-2 (жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш) моддалари билан тўлдирилган.
Ўтган бир йил мобайнида 47-8-модда билан бугунга қадар 14 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 13 нафарига маъмурий жарима, 1 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
189-2-модда билан 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг барчасига маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Мълумот ўрнида:
- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 478-моддасига биноан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 миллион 950 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.