Куз фаслида қайси касалликлар авж олади?

    Куз фасли — қатор сурункали ва мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Бунинг асосий сабаби иммунитет заифлашиши билан боғлиқ.

    Чунки салқин ва ёмғирли кунлар бошлангач, ҳавода намлик даражаси ортиб, организмнинг вирус ва инфекцияларга қарши курашиш қобилияти пасаяди.

    Миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари Акмал РАҲМАТУЛЛАЕВ бу мавсумда энг кўп учрайдиган касалликлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, касалликлар қуйидагилар:


    🔸 ЎРВИ;

    🔹 грипп;

    🔸 ЛОР хасталиклари;

    🔹 цистит;

    🔸 пиелонефрит (буйрак яллиғланиши);

    🔹 герпес;

    🔸 сурункали бўғим касалликлари;

    🔹 ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси;

    🔸 мавсумий аллергия;

    🔹 дерматоз;

    🔸 асаб ва руҳий касалликлар.

    Масалан, куз ойларида иммунитет сусайиши ҳисобига организм нафақат вируслар, ҳатто совуқ ҳарорат таъсирига ҳам етарли даражада қаршилик кўрсата олмаслиги мумкин.

    Ангина, фарингит, тонзиллит, ларингит, трахеит, бронхит, ринит, синусит, отит каби ЛОР касалликлари, ЎРВИ шу тариқа юзага келади. Ўз навбатида, шамоллаш билан бирга, баъзан лаблар атрофида герпес пайдо бўлади.

    Салқин ҳаво таъсирида кучаядиган яна бир хасталик циститдир. Чунки қувиқ ва пешоб йўллари инфекцияси айнан кузда авж олади. Хасталик ўз вақтида даволанмаса, пиелонефрит (буйрак яллиғланиши) келиб чиқиши хавфи ошади.

    Сентябрь ойи аллергиядан азият чекувчилар учун — қийин давр. Негаки, ёввойи ўтларнинг гуллаш мавсуми шу ойда авж паллага чиқади.

    Шунингдек, мавсум ўзгариши, организмда витаминлар етишмовчилиги, эндокрин бузилишлар, нотўғри овқатланиш ва стресс каби омиллар туфайли ошқозон яраси безовта қилиши эҳтимоли бор.

    Кузнинг совуқ ва нам ҳавоси бўғим касалликлари қўзғалишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

    Албатта, бунинг олдини олса бўлади! Энг самарали чора — иммунитетни мустаҳкамлаш. Жисмоний фаол турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, шифокор тавсияси билан зарур витамин ва микроэлементларни қабул қилиш, соғлом уйқу, режали иш ҳамда дам олиш тартиби ижобий натижалар бериши, шубҳасиз.