Магнит бўронидан кимлар кўпроқ ҳимояланиши керак?

    Саломатлик 19 июл 2022 4496

    Шу кунларда юртимизда аномал иссиқ ҳарорат ҳукм суряпти. Бунинг устига, қуёшда кучли чақнаш юз бериб, магнит бўронлари кузатилиши кутиляпти.

    Хусусан, АҚШнинг Миллий Аэронавтика ва Фазо маъмурияти (NASA) берган маълумотларга кўра, чақнаш натижасида Ер сайёрасига жуда кўп миқдордаги қуёш зарралари тушиб, улар магнитосфера билан тўқнашгач, G2 ёки G3 синфидаги геомагнит бўронини келтириб чиқаради.

    Қуёш зарралари сайёрамизга бугун — 19 июлда етиб келиши ва геомагнит ҳодисаси 20 ва 21 июлда ҳам давом этиши прогноз қилинган.

    Хўш, ана шундай вазиятда шифокорлар қандай йўл тутишни тавсия этади?

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова бу борада фикрлари билан ўртоқлашди:

    — Магнит бўронидан айниқса, артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади, — дейди мутахассис. — Яъни қон босимининг ошиб ёки пасайиб кетиши улар саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.

    Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишининг камайиши билан изоҳланади.

    Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган.

    Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим.

    Ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган неъматлардан истеъмол қилиш зарур. Бу аномал иссиқ ҳарорат учун ҳам мос тавсиядир.

    Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.

    Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мутахассислар ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беришади.

    Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.

    Кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради.

    Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates