Маҳалла ходимлари қайси олий таълим муассасасида ўқитилади?

    Яқин кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланади. Албатта, айни вазият маҳалла фаоллари назаридан четда қолмайди. Зеро, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (3-сон, 03.01.2021 й.) билан фуқаролар йиғинлари учун сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилган. 

    Хўш, имтиёз асосида кимлар ҳужжат топшириши мумкин? Маҳалла фаолларига қандай талаблар қўйилади? Қайси олийгоҳларда ўқиш имконияти мавжуд?

    Тўлов-контракт шаклида ўқитилади

    Айтиш керакки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун сиртқи таълим шакли доирасида ўқитиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Кадрлар тайёрлаш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, фан дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Миллий университети таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ҳар йили 1 мартга қадар маҳаллалардаги кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёж тўлиқ таҳлил қилинади ҳамда асослантирилган таклифлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этилади.

    Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган ҳамда кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари белгиланган тартибда талабаликка тавсия этилади.

    Тавсиянома бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади. Тавсиянома асосида ўқиётган талабалар ўқишини бошқа бакалавриат таълим йўналишига кўчиришга рухсат берилмайди.

    Тавсиянома кимларга берилади?

    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига тавсияномалар бериш вазирлик томонидан қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

    • эгаллаб турган лавозимида сўнгги бир йил давомида фаолият юритаётгани;
    • маҳалла тизимида камида уч йиллик иш стажига эга бўлгани;
    • фаолият юритаётган фуқаролар йиғини рейтинг кўрсаткичи бўйича «намунали» деб топилгани;
    • вилоят, туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари, бўлимлари томонидан ижобий тавсифлангани;
    • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан иш фаолияти ижобий деб баҳолангани;
    • интизомий жазо чораси қўлланилмагани.

    Шунчаки “имтиёз” эмас...

    Маҳалла ходимларининг сиртқи таълим шаклида ўқиши имтиёз ўлароқ баҳоланган бўлса-да, аслида, қатор талаблари борки, исталган ходим исталган Олий таълим муассасаларига кира олмайди.

    Мисол учун, берилаётган имтиёз барча Олий таълим муассасаларига ўтмайди, қолаверса, барча йўналишларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди. Яъни маҳалла ходимлари учун педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги Олий таълим муассасаларида фақат «5520100 – Ижтимоий иш» (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича) бакалавриат таълим йўналишида сиртқи ўқиш имконияти берилган.

    Масалан, бундай йўналиш Ўзбекистон Миллий университети, ЎзМУнинг Жиззах филиали, Андижон давлат университети, Бухоро давлат университети, Гулистон давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети, Термиз давлат университети, Фарғона давлат университиети, Урганч давлат университети, Навоий давлат педагогика институти, Чирчиқ давлат педагогика институтларида мавжуд.

    Бундан ташқари, ушбу йўналишга имтиёзли равишда қабул қилинган маҳалла ходимларининг ўқишини бошқа йўналишга кўчиришига рухсат берилмайди.

    Шунингдек, бу — маҳалла ходимлари (ҳатто тавсиянома олганлари ҳам) ўқишга тўғридан-тўғри қабул қилинади, дегани эмас. Бошқача айтганда, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлиб туриб ҳам, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтилмаса, маҳалла органлари ходимлари талабаликка тавсия этилмайди.

    Қолаверса, тавсиянома сўраб мурожаат қилган ҳар бир маҳалла ходими тавсияномали бўлиб қолмайди. Яъни юқорида тавсиянома олишнинг, юқорида қайд этилганидек, белгиланган мезонлари бор. Фақат уларга тўғри келган ходимларгагина тавсиянома берилади.

    2021 йилда 503 нафар ходимга тавсиянома берилди

    Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилда тавсиянома олиш учун 1 минг 219 та ариза келиб тушган. Аризалар вазирликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, 716 нафар номзоднинг ҳужжатлари тегишли мезонларга тўғри келмагани учун тавсиянома бериш рад этилган.

    Хусусан, 569 нафар номзоднинг фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғини рейтинги намунали эмас, 105 нафар номзоднинг маҳалла тизимида иш стажи етарли эмас, 6 нафар номзод эгаллаб турган лавозимига 1 йил тўлмаган, 36 нафари турли сабабларга кўра (бўлим ходимлари, номзоднинг тегишли ҳужжатлари тўлиқ этилмаган, фуқаролар йиғини рейтинг кўрсаткичи мавжуд эмас) рад этилди.

    Жами 503 нафар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига тавсияномалар берилди.

    Содиқ АБДУРАСУЛОВ

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates