Қарорга кўра, 2025 йилда Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқлади.
Дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади, жумладан:
— мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
— Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш;
— умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, “Темурбеклар мактаблари” курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;
— 2025 йил октябрь ойида “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиш;
— 2025 йил ноябрь ойида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий хотира кечасини ўтказиш.