Мамлакатимиздаги илк илмий тадқиқот университети

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 20 январь сонида филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаровнинг "Илк илмий-тадқиқот университетида юртимиз илм-фани ва халқ хўжалигининг долзарб муаммолари ечимига доир изланишлар таълим билан ҳамоҳанг олиб борилади" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бугун дунё таълим тизими ва илмфанида пайдо бўлган ҳамда шиддат билан ривожланаётган илмийтадқиқот университети мақомининг миллий концепцияси баён этиб берилди.

    Дунё тажрибасини кузатадиган бўлсак, АҚШдаги 4000 дан ортиқ университетнинг 220 таси (18 фоизи), Хитойдаги 3000 та олий таълим муассасасининг 100 таси (3 фоизи) илмий-тадқиқот университети мақомига эга. Англия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайвань каби мамлакатларда ҳам илмий-тадқиқот университетлари сони тобора ошиб бормоқда. Хўш, илмий-тадқиқот университети нима? Бу тушунча XIX аср охирида Германияда пайдо бўлган. Унинг асосчиси Вилгельм фон Гумбольдт олий таълим асосига “таълим ва илмий изланишлар бирлиги” ғояси қўйилишини ёқлаган.

    1990-йиллар охирида дунёда тўртинчи саноат инқилоби ва рақамли технологиялар даври бошлангач, таълимни илмий тадқиқотлар билан яқинлаштириш ёки уни инновацион технологиялар яратиш билан баробар олиб бориш эҳтиёжи вужудга келди. Табиий, аниқ, гуманитар ва техника фанларини реал ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб бориш эҳтиёжи дунёда илмий-тадқиқот университетлари концепциясининг замонавий талқинини ишлаб чиқишга ва олий таълимни янгича тафаккур тарзига ундади.

    Айтиш лозимки, илмий-тадқиқот университетларининг универсал модели йўқ. Ҳар бир мамлакатда у маҳаллий таълим анъаналари ва жамиятнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Бундай муассаса таълим ва илм-фан синергиясини бирлаштириши жиҳатидан барча мамлакатлар учун муҳим таълим даргоҳи саналади.

    Президентимизнинг мазкур қарори юртимизда 2017 йилдан бери таълим, айниқса, олий таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлди. Зотан, бунгача олий таълим инфраструктурасини тубдан яхшилаш, профессор-ўқитувчилар ва олимларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, жаҳондаги илғор тажрибани кенг ёйиш, коррупция ва масъулиятсизликка чек қўйиш, олий таълим муассасаларига молиявий ва академик мустақиллик беришга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар таълимдаги инқирозни тўхтатиб, кенг тараққиёт ва такомиллашув йўлига солиб юборганди.

    Бу тарихий ҳужжатда Самарқанд давлат университетининг кўп минг кишилик жамоаси олдига флагман университет сифатида Ўзбекистон олий таълим тизимига маҳаллий шарт-шароитга мос, айни пайтда дунё стандартлари даражасида таълим ва илмий тадқиқотлар олиб борадиган университет моделини яратишдек улкан вазифалар қўйилган. 2026 йилгача дунё университетларининг етакчи мингталигига кириш, таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш, университет илмий-педагогик жамоаларининг институтлар шаклида мамлакат фани ва халқ хўжалигининг долзарб муаммоларини ҳал қилишни таълим билан қўшиб олиб боришга сафарбар этиш, жаҳоннинг илғор университетлари билан қўшма таълим дастурлари бўйича мутахассислар тайёрлашни кенг йўлга қўйиш Самарқанд давлат университети жамоасининг салоҳиятига билдирилган катта ишончдир.

    Ана шу вазифалар қаторида университет таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Муҳандислик физикаси институтларини ташкил этиш ҳам турибди. Алоҳида қайд этиш керакки, Самарқанд давлат университетида анъанавий жиҳатдан биология, кимё, физика, математика мактаблари ривожланиб келган. Олий таълим муассасаси олимларининг бу соҳаларда эришган илмий муваффақияти жаҳон илм аҳли томонидан тан олинган. Энди ана шу билимлардан иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг реал муаммоларини ҳал қилишда фойдаланилади. Зеро, ҳеч бир университет фундаментал фанлардаги илмий тадқиқотлар захирасисиз, бу фанларга оид билимлар базасисиз амалий ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилишга кириша олмайди. Бинобарин, бугунги кунда атроф-муҳитнинг ифлосланиши, қишлоқ хўжалигида қўлланаётган кимёвий ўғитлар, ўсимлик ва дарахтларнинг генетик тузилишига киритилаётган ўзгаришлар туфайли вужудга келаётган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бутун дунёдаги каби минтақамизнинг ҳам жиддий муаммосига айланди. Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ана шу муаммоларни ҳал қилиш, озиқ-овқат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва таркибини жиддий яхшилаш, ҳосили хавфсиз бўлган экин ва дарахт турларини яратиш, деҳқончилик маданиятини жиддий юксалтириш масалалари билан шуғулланади. Муаммоларнинг ечимини агросаноат соҳаси, фермер ҳамда деҳқонлар билан ҳамкорликда ишлаган ҳолда таклиф қилади.

    Дарвоқе, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда Ўзбекистонда катта имконият мавжуд. Суғориладиган миллионлаб гектар ерда икки ва ҳатто уч марта ҳосил олиш мумкин. Сербарака тупроғимизда озиқовқат маҳсулотлари етиштириш чинакамига илмий асосда йўлга қўйилса, қанчалик улкан марраларга эришиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийинмас. Ана шу салоҳиятни илмий асосда олиб бориш орқали мамлакатимиз минтақада ва Евроосиё материгидаги 1 миллиарддан ортиқ аҳолига озиқ-овқат етказиб бериш имкониятига эга. Қарорда ушбу институтнинг қайси қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш корхоналари ҳамда Фанлар академиясининг тегишли институтлари билан бирга ишлаши ҳам белгилаб қўйилган. Замонавий университетлар олдига қўйилган энг зарур талаблардан бири давлат, жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ҳам илмий, ҳам ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдир. Шу сабабли ҳозирданоқ Самарқанд давлат университетида минтақавий агробиотехнология муаммолари банки шакллантирилган ҳамда замонавий биолабораториялар барпо этилиб, жиҳозланган.

    Муҳандислик физикаси институти ҳам Самарқанд вилояти ва мамлакатимизнинг жанубий минтақасида барпо этилаётган, янги технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари, эркин иқтисодий зоналарнинг технологик муаммолари ҳамда улар учун инженер-кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади. Бу институтнинг лабораторияларида Самарқанд вилоятида гуркираб ривожланаётган кимё, автомобилсозлик, енгил саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳамда технологик муаммоларига ечим изланади. Айтиш керакки, бу институтлар тегишли факультетлар ва кафедралардаги тадқиқотлар олимлар, тадқиқотчиларнинг корпоратив илмий фаолияти билан ҳамоҳанг олиб борилади. Илмий тадқиқотлар, таълим ва ишлаб чиқаришнинг “кесишуви” ана шу тарзда рўй беради, яъни бу жараёнга юқори курс талабалари, магистрантлар, докторантлар фаол жалб қилинади. Бу эса олий таълим сифатини оширади, унинг ҳаёт ҳамда ишлаб чиқариш билан алоқасини мустаҳкамлайди.

    Ушбу икки институт Самарқанд давлат университетининг илмий-тадқиқот университети мақоми сари қўяётган илк одимларидир. Улар орттирган қимматли амалий тажриба келгусида бошқа соҳаларни ҳам ишлаб чиқариш ва ижтимоий тузилмалар билан ҳамкорликда ишлайдиган, янги технология ва ишланмалар тайёрлайдиган илмий-тадқиқот институтлари ёки марказлари тарзида шакллантириш имконини беради. Зеро, қарорда университетнинг бошқа факультетлари ва бўлинмалари олдига ҳам жамият, ишлаб чиқариш, иқтисодий ва ижтимоий тузилмалар билан ҳамкорликда ишлаш вазифаси қўйилган. Фанлар академиясининг тегишли институтлари, саноат корхоналари, иқтисодий бирлашмалар, фирмалар, ижодий уюшма ва жамоалар, музейлар ва галереялар билан ишлаш топшириғи берилган. Бу табиий ҳол. Чунки ҳозир дунёда университетлар жамият ҳаётининг ўзига хос локомотиви ҳисобланади ҳамда мамлакат ҳаётига илғор ғоялар, технологиялар ва ишланмаларнинг кириб келишида авангард ролини бажариши керак.

    Дарвоқе, университет олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда чет элнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш ҳам жуда муҳим. Қарорда бу жиҳатга алоҳида урғу қаратилган. Шу сабабли университетда Трансформация офиси ҳам барпо этилади. У жаҳондаги илғор ўқитиш, илмий тадқиқот олиб бориш, технологияларни ўзлаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқариш ҳамда тижорий ишланмага айлантириш тенденцияларини университетга трансфер қилиш билан шуғулланади.

    Айтиш лозимки, илмий-тадқиқот университетининг муайян универсал шакли ва намунаси йўқ. У ҳар бир ҳолатда жамоанинг коллектив асари сифатида шаклланади. Ундаги тадқиқотлар университетдан ташқаридаги манбалар ва буюртмачилар тарафидан молиялаштирилади. Илмий-тадқиқот университети жуда мураккаб ва кўп қиррали таълим, илм-фан муассасаси бўлиб, кўплаб ижтимоий ролларни бажаради. У жамият ҳаётининг барча соҳасидаги муаммоларга илмий ечим излайди. Бу ечимнинг технологиялари ва ишланмаларининг оптимал шаклларини таклиф қилади.

    Президентимизнинг қарорига асосан, тарихий илдизлари қадимий ва машҳур Улуғбек мадрасасига бориб боғланадиган Самарқанд давлат университетига мамлакатимиздаги илк илмий-тадқиқот университети мақоми берилди. Университетнинг профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчи-олимлари жамоаси бу вазифани муваффақият билан уддалашига шубҳа йўқ. Чунки ҳозир дунё университетлари жамият тараққиёти учун доимий равишда стратегия, модель ва тавсиялар ишлаб чиқадиган, мамлакат ва давлатни модернизациялаш жараёнида фаол иштирок этадиган ижтимоий тузилмага айланди. Самарқанд давлат университети муҳташам тарихий илмий анъаналари ва бугунги илмий салоҳияти билан шу вазифага тайёр эди. Аслида бу вазифага ҳар бир олий таълим муассасаси тайёр бўлиши ва ҳозирланиши керак. Замон талаби шундай.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates