Маънавий баркамол ва миллий қадриятлар руҳида тарбия топган ёшлар - Янги Ўзбекистоннинг миллий бойлиги

    Фикр 29 декабр 2023 858

    Якунланиб бораётган жорий йилнинг 22 декабрь куни Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини барча маънавият тарғиботчилари қатори катта қизиқиш билан кузатиб бордик.

    Йиғилишда илгари сурилган ва кутилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда мазкур ишларни самарали тарзда ташкил этиш бўйича навбатдаги кечиктириб бўлмас вазифаларимизни белгилаб олдик.

    Бундан 2 йил муқаддам 2021 йил 19 январда ўтказилган Кенгаш йиғилишида глобаллашув даврида Янги Ўзбекистоннинг таянчи ва Учинчи ренессанс пойдевори бўлган баркамол ёшларни тарбиялаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоялари ҳамда бунёдкорлик ҳаракатини умуммиллий ҳаракат ва ялпи кучга айлантириш асосий масалалар сифатида белгиланган эди. Шунингдек, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойилини жорий этиш ташаббуси олий таълим муассасаларининг маҳаллалар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

    Ўтган давр мобайнида олий таълим муассасаларида орттирилган тажриба ва илм-маърифат асосида профессор-ўқитувчилар томонидан мамлакатимизда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларни тарғиботини амалга ошириш, маҳалларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳиятини халқимизга янада мазмунли тарзда тушунтириш ишлари амалга оширилди. Натижада бугунги кунда халқимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол ва ташаббускор куч сифатида иштироки ошиб бораётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Буни биргина жорий йил референдум асосида ўтказилган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасига халқимизнинг биринчи босқичда 60 минг, иккинчи босқичда 150 минг таклиф билдириб, фаол иштирок этганлигидан ҳам кўриш мумкин бўлади.

    Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳам маърифат шамчироғи сифатида ислоҳотлар жараёнида фаол куч бўлиб, Фарғона шаҳридан бириктирилган 13 та, Олтиариқ туманидаги 72 та маҳаллаларда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ёшларни Она Ватанга мухаббат, миллий ғоя ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларни интеллектуал салоҳиятини янада ошириш жараёнда ялпи куч бўлиб, ҳар томнлама ёрдам бериб келмоқдалар.

    Маҳаллаларда ташкил этилган ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли институтларига услубий ёрдам берган ҳолда уюшмаган ёшларда яратилган имтиёз ва шароитлардан унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, касб-ҳунар ўрганишга йўналтириш, мустаҳкам оилага тайёрлаш, ажримларни олдини олиш, “инсонга эътибор” тамойили асосида оиласига, маҳалласи ва Ватанига садоқат билан хизмат қиладиган маънавий баркамол инсон сифатида тарбиялаш бўйича маҳаллалар билан узвий ҳамкорликда тарғибот тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

    Мана шундай орттирилган тажриба асосида ёшларни маърифатли, “соғлом фикрли ва қатъиятли”, ўз ватанига содиқ ҳамда “эришган ютуғим – оилам, маҳаллам ва жонажон Ватанимнинг фаровон ҳаёти учун” деган инсонпарвар позиция асосида тарбиялаш университетнинг мактаб ва маҳалла билан давомли ҳамкорлигининг асосий тамойили бўлди.

    Якунланиб бораётган 2023 йилда Фарғона давлат университетида талаба-ёшлар ўртасида миллий қадриятларни янада мустаҳкамлаш ва уларни маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида тизимли тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, университетда 31 октябрь – “Миллий қадриятлар куни” сифатида белгиланиб, “Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси” танлови ўтказилиб, 5000 нафардан ортиқ талаба-ёшлар қамраб олинди. Танлов ғолиблари умумий миқдорда 15 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилди.

    Ўзбекистон Республикаси Кинематографияа агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари “Кино кунлари” сифатида белгиланиб, 30 дан ортиқ миллий кинофильмлар намойиш этилди.

    Кенгаш йиғилишида Президентимиз томонидан ёшларни миллий ва умумбашарий ғоялар асосида камол топтиришда театр санъатини муҳим ўрни борлиги таъкидланди. Ойнинг бир куни “Театр куни” сифатида белгиланиши ташаббуси илгари сурилди. Бу ташаббус театр мухлислари учун айни муддао бўлганлигини эътироф этиб, якунланиб бораётган йил университетда “Талабалар театри йили” бўлди десак асло муболаға бўлмайди. Сабаби “Нилуфар” талабалар театр студияси, Талабалар театр тўгараги ўқув-машғулот хонаси ҳамда 13 та театр тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 1270 нафар талабалар мунтазам иштирок этишига эришилди. Мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш ва тизимли тарзда ташкил этиш мақсадида 1 асосий штатда бош режиссёр лавозими жорий этилди.

    Шунингдек, Кенгаш йиғилишида Муҳтарам Президентимиз томонидан миллий маданиятимиз ривожида ўз ўрнига эга бўлган мусиқа ва рақс санъатини равнақ топтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши таъкидланди. Рақс санъатини ривожлантириш йўналишида университетда жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилиб, 6 та рақс тўгараклари ташкил этилди ва уларда 400 нафардан ортиқ талабалар мунтазам иштирок этмоқда.

    Университетда таҳсил олаётган Қорақалпоғистонлик ёшлардан иборат “Тарона” рақс ансамбли ташкил этилиб, уларда 25 нафар қорақалпоғистонлик ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда.

    Талабаларни рақс санъати бўйича қизиқишларини рўёбга чиқариш мақсадида 1 асосий штатда хореограф лавозими жорий этилди.

    Университетда анъанавий тарзда талаба-ёшларнинг севимли тадбирига айланган “Талаба баҳори” фестивали баҳор фаслида мунтазам ташкил этилмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур фестиваль университетнинг “ташриф қоғози”га айланди. 2023 йил март-апрель ойларида бўлиб ўтган фестивалга ота-оналар ва маҳалла вакиллари ҳам ташриф буюриб, талабаликнинг “олтин даври”дан баҳраманд бўлишди. Эътиборли жиҳати, жорий йилда ўтказилган фестивал ғолиблари 45 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилди.

    Шунингдек, “Мақом, лапар ва ўлан”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Севимли овоз”, “Миллий оҳанглар сеҳри”, “Талант шоу”, “Ҳаваскор гитара ишқибозлари” каби танловлар мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди.

    Университетга қарашли 10 та талабалар турар жойларига мусиқа ва тасвирий санъат йўналиши профессор-ўқитувчилари бириктирилиб, талабаларга ҳафтада 2 марта мусиқа асбобларидан фойдаланиш ва расм чизиш бўйича машғулот олиб бормоқдалар.

    Юқорида келтириб ўтилган тадбирлар мамлакатимизнинг эртанги ва янги кучи, миллий бойлиги бўлган талаба-ёшларни Муҳтарам Президентимиз таъкидлаган “мамлакатимиз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар” бўлиб камол топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Кенгаш йиғилишида яна бир муҳим масалалардан бирига тўхталмоқчимиз. Маълумки, жадид боболаримиз каби маърифат нури билан майдонга чиқадиган, ташаббускор ва соғлом дунёқарашга эга бўлган ва ғоявий-мафкуравий жиҳатдан рақобатбардош ёшларни тарбиялаш – бугунги ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ҳисобланади. Бу йўналишдаги ишларимизни ташкил этишда жадидчи Абдулла Авлоний бобомиз таъкидлаганларидек, “тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан”.

    Бу дастураламал сўзлар асносида бир долзарб масала барчамизни бирдек ўйлантиради. Тарбиянинг дастлабки таянчи бу оила, яъни ота-она тарбиясидир. Фарзанд биргина ота-онанинг эмас, давлатнинг ҳам бойлиги ҳисобланишини инобатга олиб, бугунги кунда болалар ва ёшлар оилада қандай тарбия олмоқда? Бу борада яна жадидчи бобомиз Абдулла Авлонийнинг куюнчаклик билан ёзган сўзларига эътибор қаратамиз, “боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур. Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилган каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур.” Бугунги кунда ҳам фарзандга яхши тарбия бериш – покликни ўргатиш, тузатиш, ўргатиш ва сақлаш каби муҳим босқичлардан иборат бўлиб, ота-оналардан “дангасалик ва эътиборсизлик қилмасдан” масъулиятли бурчини бажаришни тақозо этади.

    Кенгашда Президентимиз томонидан жадид боболаримиз яратган меросни чуқур ўрганиш бўйича ташаббуслари Янги Ўзбекистонда маърифатли жамиятни барпо этишдаги навбатдаги муҳим қадамдир. Фарғона давлат университетида бу йўналишда ҳам эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университет тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари” музейида фарғоналик маърифатпарвар жадидлардан 1914 йилда “Садоий Фарғона” газетаси муаллифи Обиджон Маҳмудов, Қўқон шаҳрида дастлабки дорулмуаллиминнинг ташкилотчиси Ашурали Зохирийнинг ҳаёти ва ижоди билан тўлиқ танишиш имконияти яратилди.

    Йиғилишда яна бир долзарб масала муҳокама этилди. Ижтимоий тармоқлар орқали миллий қадриятларимизни поймол қилувчи, бузғунчи ва ижтимоий-маънавий муҳитни бузишни мақсад қилган нопок кимсалар тўғрисида фикр юритилиб, уларнинг ҳаракатлари кўринишлари батафсил очиб берилди.

    Сир эмаски, бугун атрофимизда фақат “қорин дарди билан яшаётган”, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни “менга ҳеч қандай алоқаси йўқ” қабилида иш тутадиган лоқайд инсонлар ва мамлакатимизда фаровон ҳаётни барпо этишга қаратилган тарихий ислоҳотларга нисбатан шунчаки юзаки муносабатда бўладиган “тоифа”даги айрим инсонларни кўриб турибмиз. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳар қандай жараёнга фақат салбий муносабатда бўладиган, соғлом бўлсада давлатимиз томонидан яратилган ижтимоий ёрдамни олиш учун ўзини ҳар қандай ҳолатга солиб, боқиманда кайфиятидаги айрим шахсларни гувоҳи бўляпмиз.

    Бундай салбий ҳолатларни олдини олишда ёшларни соғлом фикрли этиб тарбиялаш, халқимиз орасида “ижтимоий ёрдам – энг заиф инсонларга” эканлигини чуқур сингдириш ҳамда тажрибали олимлар, нуронийлар ва жамоатчиликни фаолликка ўргатиш янада яхши самара беради. Зеро, Носируддин Бурҳониддин Рабғузий “Қиссаси Рабғузий” асарида таъкидлаганидек, “Яхши иш борасида элга мухолифатлик қилмаслик, киши айбини истамаслик ва ҳар кишидан номақбул иш содир бўлса, уни яхши йўлга солмоқ яхшиликнинг нишонасидир”. Йиғилишда Президентимиз томонидан куюнчаклик билан таъкидланган жадидлар мисоли жамиятимизга мана шундай яхши йўлга солувчи, аччиқни ширин тушунтирувчи ва бошқа одамларга фойдаси тегадиган ҳазрати инсонлар ҳар доимгиданда кўпроқ керак.

    Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида Афлотуннинг “Қонунлар” китобини таҳлил этиб, шундай фикрларни келтирган: “Чинакам фозил инсон – соғлом фикрли ва қоидали инсондир, энг осон иш қонунларни танқид қилиш, энг қийиш иш эса уларни жорий этишдир.” Бугун маънавият тарғиботчилари олдида турган долзарб вазифалардан бири – бир ишга бел боғласа яхши ният билан ғайрат қиладиган, миллий ғоя ва қадриятларга ҳурмат кўрсатадиган, Она Ватанга содиқ, ташаббускор, фаол, соғлом фикрли, илм-маърифатга мухаббатли, ҳар нарсага нисбатан пессимистик кайфиятда бўлмай, муаммодан чиқиш йўлларини излайдиган, аввало ўзини доимий ислоҳ этадиган Янги Ўзбекистонга янги куч бўладиган ҳушёр ва қатъиятли ёшларни камол топтиришдан иборат. Зеро, Амир Темур таъбири билан айтганда, “миллат дардига дармон бўлмоқ – бугунги кун ёшларининг чин вазифасидир”.

    Бир сўз билан айтганда, Маънавият ва маърифат кенгашида Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган янги ташаббуслар Янги Ўзбекистонда “инсонга эътибор”, “инсон қадри учун” тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларимизни юксак маънавиятли ва маърифатли баркамол инсон этиб камол топтириш ҳамда маънавий-маърифий соҳадаги ишлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

    Ражабов Ўткиржон Хурсаналиевич

    Фарғона давлат университети ёшлар билан ишлаш,

    маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates