Маънавий тараққиёт сабоқлари

    Фикр 26 декабр 2023 1574

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишидан кейинги ўйлар

    XXI асрда англаб етган ҳақиқатларимиздан бири шуки, мамлакатлар ўртасида зиддиятлар авж олаверса, бирор давлатда рўй берган бахтсиз ҳодисага беписанд қарасак, бефарқ бўлаверсак, оддий халқ ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилса, бундай вазиятда тараққиёт инқирозга юз тутади, инсоний муносабатлар издан чиқади.

    Очиқ айтамиз, бугунги сиёсий дипломатия аллақачон янги ўзанини топган. Бу йўл “куч дипломатияси”га асослангани билан ғоят таҳликали ва хатарли бўлиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

    Бундай шароитда тинчликпарвар, тараққийпарвар давлатлар олдида ниҳоятда мураккаб ва оғир йўл қолади. Бу — миллийликни, ўзликни сақлаш йўли. Янги Ўзбекистон ҳам ана шу йўлда.

    Гап шундаки, қудратли давлатчилик, тамаддуний интилишлар қувватига эга қутлуғ заминимизда азалдан сиёсий дипломатия ҳам, ижтимоий ва иқтисодий дипломатия ҳам ўз маромига етиб, юксак даражага кўтарилган. Лекин яна бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Қачонки биз ички парокандалик билан яшаган бўлсак, илм-фан, зиёлиларга эътиборни сусайтирган, уларни эшитмаган, ўгитларига қулоқ тутмаган бўлсак, халқимиз тақдири, миллий давлатчилигимиз хавф остида қолган, ташқи зулм исканжасига тушганмиз.

    Тўғри, у кунлар — тарих, ортда қолган. Аммо тарих ҳақиқатларидан тегишли хулоса чиқармаган, сабоқланмаган заминда миллий давлатчилик руҳи тобора ўтмаслашиб бораверади. Шу маънода, айтиш жоизки, янги Ўзбекистон танлаган йўл замиридаги катта тушунчаларни ҳар биримиз чуқур ва теран англамоғимиз ҳаёт-мамот масаласи сифатида майдонга чиқиб келмоқда.

    Президентимизнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқини тинглар эканмиз, буни янада теранроқ ҳис қилдик.

    Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарурлиги ҳақида қайғурди. Лекин уларни ким тарбиялайди, деган ҳақли саволни ўртага қўйди. Жавобни ҳам ўзи айтди: Албатта, ўзимиз тарих сабоқлари, замон талаблари асосида тарбиялашимиз зарур.

    Нафсиламрини айтганда, қадимдан миллий хавфсизликнинг доимо энг муҳим учта асоси бўлиб келган. Биринчиси — миллий руҳ жўшқинлиги, иккинчиси — иқтисодий ва маънавий тараққиёт уйғунлиги, учинчиси — халқ ва ҳокимият ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам йўлга қўйилгани.

    Аммо дунёвий тутумларнинг ўзгараётган бугунги фонида ҳудудий яхлитлик ва тарихий макон хавфсизлигини таъминлаш яна бир қатор омилларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

    Улардан бири — миллий ғурур маконини шакллантириш. Гап шу ҳақда кетганида, миллий ғурур бобида бугунги аҳволимиз қай даражада, деган ҳақли савол туғилиши табиий.

    Миллий ғурур, аввало, халқ ва давлат ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланиши билан шаклланишни бошлайди. У Ватанга садоқат ва муҳаббат ҳисси билан жўш уради. Маънавий ва маърифий юксалиш билан мустаҳкамланади, қадриятий асосга эга бўлади.

    Ўзингиз ўйлаб кўринг, биз яқин-яқингача туркий дунё ҳақида лом-мим демадик. Ўзлигимизни ўйлашдан чўчиб яшадик. Жадид бобомиз — Чўлпоннинг гўзал Туркистони унут бўлаёзди. Бундай вазиятда миллий ғурур ҳақида гапириш ҳам, ўйлаш ҳам осон бўлмайди. Чунки миллий ўзлик йўқ жойда миллий бирликка путур етади. ­Миллий тарқоқлик эса кишилар қалбида хуфиёна қараш ва ёт эътиқодларни уйғотади...

    Бугун янги Ўзбекистонда миллий ғурурланиш йўли муваффақиятли бошлангани гувоҳи бўлиб турибмиз. Аввало, халқ билан ҳокимият ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди. Ўзаро мулоқот муҳити пайдо бўлди.

    Мулоқотда ҳикмат кўп. Бу жараёнда оддий турмуш масалаларидан тортиб, маҳалла, қишлоқ, туман ва шаҳар, мамлакат миқёсидаги оғриқли муаммолар юзага чиқади. Одамлар ўз орзу-умидларини айтади, уларнинг рўёбини кўради.

    Пировардида, фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи юксала боради. Бу ерда ишонч ҳисси ҳал қилувчи аҳамиятга эга ва биз айтмоқчи бўлган кейинги фикрларимизни бир-бирига жипслаштириб бораверади.

    Тараққиётга эришиш йўли ҳеч қачон осон кечмаган. У шунчаки амалга ошадиган ёки қуруқ гап билан бўладиган жараён эмас. Баъзи давраларда маънавият мавзусида, миллий ғоя ҳақида гап кетса, “ҳолсиз қарашлар”га гувоҳ бўлишимиз ҳам сир эмас. Аммо биз нимагаки эришган бўлсак, барчасининг замирида маънавият ва миллий ғоя руҳи ҳукмрон эканини унутмаслигимиз керак.

    Президентимиз бу ҳақда ҳам тўхталиб, мамлакатимизда Дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқиш тадбирлари бошланганини маълум қилди.

    Замон ривожланиб боргани сари инсоният ва умуман, мамлакатлар олдида янги тенденциялар, янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Улар орасида ёшлар онгини эгаллаш учун кечаётган кураш энг хавфлисидир.

    Бу хавф қанчалик кучли эканини билиш учун оддий мисол келтирамиз. Инсон — қалб эгаси. Қалб эса кечинмалар, ҳис-ҳаяжон ва ўзгарувчан туйғулар билан боғлиқдир. Шу маънода, онгни бошқариш аксар ҳолларда “қалб сиёсати” билан йўлга қўйилади. Яъни киши қалбига топилган ҳар бир йўл ва у орқали онгни бошқариш учун юборилган хабарлар ёки билвосита уринишлар бамисоли кўринмас вирус каби кенг тарқалади. Оқибатда жамиятда турлича қарашлар пайдо бўлади. Йўқ жойдан ижтимоий муаммолар урчий бошлайди. Буларнинг барчаси бир бўлиб давлатга ишончсизлик кайфиятини юзага келтиради.

    Миллий ғоя ва миллий ғурур руҳи билан суғорилган миллатгина бундай ҳийлаю найрангларга чалғимайди, танлаган йўлидан ортга чекинмайди. Шу боис, Дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқиш ва уни янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг фундаментал принциплари асосига қуриш айни вақтида илгари сурилган ташаббус эканини англаш қийин эмас. Чунки биз юқорида ҳам айтганимиз каби тараққиётнинг ниҳоятда мураккаб ва машаққатли йўли ҳар биримиздан ўта ҳушёрликни талаб қилади. Бунда эса концептуал асосга эга бўлган миллатгина ўз мақсадларига эриша олади.

    Биз янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканини қатъий белгилаб қўйдик. Лекин айтиш керакки, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам айрим ҳолатларда конституциявий тузумга ёт бўлган қарашларни диний ниқоб остида илгари суриш ҳолатлари кузатилмоқда.

    Бу ўринда бизга яна бобомерос буюк тарихимиз сабоқлари қўл келади. Амир Темур бобомиз ўз ўгитларида айтади: “Уламо билан суҳбатда бўл ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қил”. Улуғ маърифатпарвар Ибрат домла эса бундай дейди: “Миллатни ким ислоҳ этар? Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”.

    Ўзбекистон — уламолар юрти. Бугун томирларимизда жўш уриб турган янгиланиш қуввати билан айтамизки, ислом дини доимо эзгулик ва бағрикенглик дини бўлиб келган. У дунёвий тараққиётни ҳеч қачон инкор этмаган, аксинча, рағбатлантирган.

    Бугун Учинчи Ренессанс ғоясини илгари сураётган миллий жамиятимизда ҳам бу қарашлар ўзгарган эмас. Шу боис, биз яна бир бор ўзимизни ислоҳ қилишга зарурат сезишимиз керак. Негаки, Президентимиз муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирар экан, “ҳажга, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар албатта барчамизни ўйлантириши керак”лигини бежиз таъкидламади.

    Дарҳақиқат, биз маънавий тараққиёт ҳақида гапирар эканмиз, уни, аввало, ўзимизни ислоҳ қилишдан, қалб ва онг уйғунлигини, фикрлар ва мақсадлар тиниқлигини, софлигини таъминлашдан, мақсадлар қутлуғлигини амалда кўрсатишимиздан бошлашимиз керак бўлади.

    Маънавиятда коррупция бўладими? Маънавият ўғриси, кушандаси-чи?

    Бор. Улар нопок кимсалар, ёвуз кучлардир.

    Мамлакатимизда кейинги йилларда маҳаллалар ободлиги, одамлар турмуши фаровонлигини таъминлашга энг кўп эътибор қаратилмоқда. Бу, бир қарашда, одатий ёки оддий манзарадек туйилади. Аммо бу каби эзгу ишлар замирида катта ҳаётий фалсафа турганини баъзан унутиб қўяётгандекмиз.

    Бир кун жанжал бўлган жойдан қанча кун барака қочишини яхши биламиз. Аммо маҳаллаларда содир этилаётган фожиали жиноятлар, ноқонуний ҳаракатлар, коррупция аломатларининг жамият ҳаётига салбий таъсирини қандай баҳолаш керак?!

    Бу бевосита маънавий кемтиклик билан боғлиқ тақдирлар эканини асло унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, ҳар қандай коррупция, жиноят ва ваҳшиёна ҳаракатлар, аввало, маънавиятсизликдан келиб чиқади.

    Шу боис, маҳаллалар ободлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларни, аввало, муносиблик бахти деб билсак, ундан сўнг ҳеч иккиланмай айтишимиз керакки, бу каби саришталикни кишилар қалбига кўчириш истаги ва мақсади мужассам.

    Яна бир гап. Биз атроф-муҳит ободлигини қалбимизга кўчирмас, маънавий озиқланишдан ортда қолар эканмиз, жамиятдаги иллатларга барҳам бериш ниҳоятда қийин бўлади.

    XXI аср маънавий тараққиёт асри ҳам бўлиб қолмоқда. Дафъатан, нега бундай гап бошлаганимизга ҳайрон бўлманг.

    Чунки дунё ўзгармоқда. Сиёсий дипломатиянинг кучи қай томонга йўналтирилаётганини юқорида таъкидлаган эдик. Шундай шароитда ғоявий-мафкуравий рақобатга тайёргарлик даражамизни кучайтириш зарурати юзага келади. Айниқса, ёшлар онгини юксалтириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб кун тартибига чиқади.

    Бунинг учун қандай йўл тутмоқ керак? Бу саволга жавобни илғор жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийдан излаймиз: “Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!”.

    Мана бу васият бугунги кунимизда ҳам ўз таъсир кучини йўқотгани йўқ. Тўғри, биз бу борада кўп йилларни бой бердик. Не тонгки, янги Ўзбекистон шароитида илм-фан соҳаси ўз мавқеини тиклади, зиёлилар қатлами эътибор топди. Юртимиз ўқитувчилари ва болалари мактабга қайтди.

    Фикримиз далилини узоқдан қидирмайлик. Яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллигини кенг миқёсда нишонладик. Шу муносабат билан Президентимизнинг Фанлар академияси жамоасига йўллаган табригида таъкидланганидек, миллий тарихимизда ёрқин из қолдирган биринчи ва иккинчи Ренессанслар замирида, аввало, илм-фан ютуқлари мужассамдир. Бугун биз барпо этаётган Учинчи Ренессанс пойдевори ҳам, ҳеч шубҳасиз, инсон капитали, илм-фан, инновация ва янги кашфиётлар асосида бунёд қилинади.

    Бу йўл осон йўл эмас. Юқорида биз таъкидлаган барча омилларни ўзида уйғунлаштириш йўлидир. Бу йўл — миллий ғоя ҳам, умумбашарий манфаатлар ҳам бирлашган, содда қилиб айтганда, дунёда инсоний муносабатларни тартибга солиш йўли бўлмоғи керак.

    Шу боис, биз бугунги давримизни бежиз маънавий тараққиёт асри, дея сифатламадик. Ахир маънавий тараққиёт бўлмаган жойда иқтисодий манфаатлар шукуҳи хиралашиб қолади. Моддият билан боғлиқ муносабатларнинг тартибсиз урчиши эса инсониятни таназзул ботқоғига етаклайди. Кишилар феъл-атвори ёввойилашиб, қадр-қиммат туйғулари йўқолиб бораверади.

    Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт! Бу даъват замирида ҳам ҳаёт фалсафасини кўрамиз.

    Давлатимиз раҳбари нега китобхонликни илгари суряпти? Нега театрга қайтишни, кино санъатини юксалтиришни истаяпмиз? Миллий қадриятларимиз — мақом, бахшичилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш нима учун керак бўляпти?

    Булар шунчаки жўн саволлар эмас. Чунки уларнинг ҳар бирида миллийлик руҳи бор. Улар қон-қонимизга сингиб кетган. Энг муҳими, биз санаган — ҳар бири олий мақом даражасида етуклик касб этган бу санъат турлари азал-азалдан тарбия воситаси бўлиб келган. Яна шундай воситаки, уларда эзгулик ва умумбашарий тамаддун ҳодисаси куйланган, тарғиб қилинган.

    Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида маданий дипломатияни ривожлантириш ҳақида кўп яхши фикрларни илгари сурди. Креатив иқтисодиёт ҳақида ҳам гапирди.

    Бугунги таҳликали дунёда маданий дипломатияни ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Боиси, халқларни бирлаштириш ва умуммиллий мақсадлар йўлида ўзаро тушуниш сиёсатини тарғиб қилишда маданий дипломатиянинг ўрни муҳим. Креатив иқтисодиёт эса ана шу мақсадларга эришишда асосий восита бўлиб топилади.

    Маълумки, креатив иқтисодиётнинг валютаси, бу — ғоя. Унинг бош асоси — ғоялар, ноёб фикрлаш қобилиятига эга контент яратувчилар саналади. Креатив иқтисодиёт ривожланиши учун ҳеч қандай аниқ табиий ресурслар, қулай географик жойлашув ёки рақобатдош устунликнинг бошқа ташқи омиллари талаб қилинмайди. Бунинг учун фақат билим ва истеъдод керак бўлади, холос. Демак, бу соҳани ривожлантириш учун ижодкорлик зарур.

    Бундан кўринадики, креатив иқтисодиёт биз учун бир қадар янги йўналиш. Аммо бунинг учун бизда замин бор. Тарихий шаҳарларимиз, бой маданий меросимиз, ҳар бири халқаро фестивалга айланиши мумкин бўлган санъатимиз, буюк давлатчилик тарихимиз бор.

    Ўзгараётган дунёнинг маънавий қиёфасини тасаввур қилиб кўрадиган бўлсак, эртага — орадан қанчадир йиллар йил ўтиб, ҳаётимиз мазмун-моҳияти қандай бўлиши ҳақида ўйлашнинг ҳозир мавридими йўқми, билмадик, лекин бир нарсани унутмаслигимиз керакки, ҳар қайси давр ва маконда маънавий тараққиётсиз яхшилик мақсадига эришиб бўлмайди.

    Шу маънода, Президентимизнинг “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим. Ҳаёт бор экан — жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси — юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир. Тинч ва фаровон ҳаёт қуриш учун, аввало, одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, халққа, Ватанга меҳр ва ишонч мустаҳкам бўлиши зарур”, деган гаплари ҳар биримиз учун ҳаётий кураш мақсади бўлмоғи керак.

    Халқимизда “Тинч элнинг боғи гуллар”, деган яхши мақол бор. Мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган, шу билан бирга, дунёда таҳликали муносабатлар авж олаётган бугунги кунларда бу мақолнинг қадри янада ошади. Шу маънода айтиш керакки, маънавият ҳар биримизнинг ҳаётимизда янги куч ва янги ҳаракатга айлансагина, моддий ва ижтимоий муносабатларда ўзаро бағрикенглик, ҳалоллик ва адолат муҳити шакллансагина, тарихий макон ҳақиқатларидан тўғри хулоса чиқариб, аждодларимиз шону шавкатига муносиб бўлсаккина, олдимизга қўйган мақсадларга, албатта, эришамиз.

    Салим ДОНИЁРОВ

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates