Меҳру мурувват мавриди

    Янги Ўзбекистон ҳозирги замон цивилизацияси шароитида жаҳон давлатчилиги илғор тажрибалари ва бир неча минг йиллик миллий давлатчилигимизнинг қадриятга айланган тамойиллари асосида юзага келди. У жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам мавқега, ўз сўзи ва қатъиятли сиёсий хулосаларига эга давлат сифатида ўзини кўрсатди.

    Янги Ўзбекистон давлатининг бугунги қудрати, унинг давлат сифатидаги маҳобатли моҳияти ҳақида кўп ўйлайман. Унинг илдизлари, асослари нималардан иборатлиги хусусида фикр юритаман. Катта ҳаётий тажрибам ва бир неча бошқарув усуллари, шакллари, сиёсий режимлари ва мафкуравий йўналишларини кўрган инсон сифатида бугунги Янги Ўзбекистоннинг бошқа давлатларга ўхшамаган, мутлақо янги ва бетакрор давлат сифатидаги жиҳатларига алоҳида эътибор бераман.

    Шуни таъкидлашим керакки, инсоният тарихи кўпдан-кўп давлатчиликлар тамойилларини, шаклларини, бошқарувнинг ўз даврига хос усуллари ва услубларини кўрган. Хусусан, ўзбек халқи, буни алоҳида фахр ва ифтихор билан айтиши мумкинки, қадимий Турон – Туркистон – Ўзбекистон жаҳон давлатчилиги сарчашмаларидан бири ҳисобланади. Бундан уч минг йиллар олдин ибтидоий ҳаёт шароитида, антик даврда кўп эътиқодлиликдан якка Худоликка ўтиш жараёнида турли майда қабилалар, уруғлар, аймоқларнинг бирлашиб улкан жамоага айланиб, ягона эътиқод ва ягона ғоя, умумий маслак ва манфаат атрофида бирлашиш жараёнининг юзага келиши илк давлатчиликнинг ўзига хос куртаклари эди. Кимдир бу жамоани бошқарган, йўналтирган, уни ташқи душманлардан ҳимоя қилган. Ўзига хос интизомни ўрнатган. Бу илк аждодларимизнинг бугунги ғоят цивилизациялашган давлатчилигимиз пойдеворини ва, ҳатто, жаҳон давлатчилиги тамойилларини вужудга келтирганидан далолат беради.

    Қадимий Шарқ, хусусан, Мовароуннаҳр Турон Туркистон давлатчилиги ўзининг адолатлилиги, инсонпарварлиги, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ деган тамойилга асосланганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айтиш мумкинки, жаҳон давлатчилигининг сиёсий ахлоқ, бошқарув маданияти, раҳбар одоби ва масъулияти сингари тушунча ва тамойиллар айни ана шу кўҳна заминда дунёга келди ва жаҳон давлатчилигининг бутун инсоният эътироф этган талабларига, қонуниятларига айланди.

    Амир Темур номи билан боғлиқ бўлган ўрта асрлар давлатчилиги жаҳон давлатчилигининг бугунги кунгача бўлган тараққиётида алоҳида мавқега эга. Ғоят адолатпеша ва инсонпарвар бошқарув тизими бугунги кунгача андоза бўлиб келмоқда. Зотан, Амир Темур бир жойда “Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим”, деса бошқа бир жойда “Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал”, дейди. Бундай ўйлаб қарасам, Янги Ўзбекистонда тобора чуқурлашиб бораётган ва ялпи жамиятни қамраб олаётган адолат ғояси ҳар бир фуқаро дахлсизлиги, шаъни ва қадру қимматини ҳимоя қилинаётганлигида айни ана шу Соҳибқирон тажрибасининг бугунги кундаги рўёбини кўраман. Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятида одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиш, уларнинг кундалик қувончу ташвишларига шерик бўлиш, ҳар бир инсоннинг тақдири билан боғлиқ бўлган муаммоларни ўрганиш фазилати устуворлик қилади. Хусусан, кейинги бир ой ичида бир неча вилоятда, шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда бўлиб одамлар билан учрашгани, айримларнинг хонадонига кириб, бир пиёла чой устида суҳбат қургани давлат раҳбарининг ўта камтарлигидан, хокисорлигидан, одамохун ва инсонсеварлигидан далолат беради. Бошқача қилиб айтганда, одамлар ўзининг тақдирини, келажагини, фарзандлари бахту саодатини Президентда, унинг ҳис-туйғуларида, одамларга бўлган меҳру муҳаббатида кўради. Бу ўз-ўзидан давлат билан жамият, Президент билан фуқаро мақсадларининг муштараклигига олиб келади. Айни пайтда юксак ишончли ва эътиқодли халқига суянган, соғлом сиёсий ғоявий муҳит қарор топган давлат қудратини ўзида ифода этади.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг иш фаолиятини катта қизиқиш билан кузатаман. Унинг буюк келажакка қаратилган ғоятда катта стратегик қарашларини ўзимча таҳлил қиламан ва очиқ айтишим мумкинки, ҳавас қиламан. Унинг одамлар орасида юриши, ўқув юртларида, мактаблар ва болалар боғчаларида бўлиб, болалар билан болаларча, оталар билан оталарча самимий мулоқотини кўриб, Амир Темурнинг “Азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилишга қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим”, деган гаплари эсимга тушади. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг бошқарув фаолиятида Амир Темурга хос қатъиятни, талабчанликни, бошлаган ишни охирига етказишни, бунинг учун ҳар қандай табиий ва сунъий тўсиқларни енгишга қодир бўлган катта сиёсий иродани, давлат раҳбарига хос бўлган қудратли кучни кўраман.

    Ана шу жараённинг ўзида сиёсий етакчининг, давлат раҳбарининг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос фазилатлари намоён бўлади. Жумладан:

    биринчидан, сиёсий етакчининг қатъий ва ўзгармас сиёсий позицияга эгалиги;

    иккинчидан, бошлаган ишини охирига етказишдек қатъиятли ва узоқни кўзлаган давлат арбобига хос юксак фазилат;

    учинчидан, давлат раҳбарининг бутун обрў-эътиборини, сиёсий имижини белгилайдиган сўз билан иш бирлигига эришиш;

    тўртинчидан, сиёсий қарашларда изчиллик, узвийлик ва уларни ҳаётда жорий этишда қатъий талабчанликнинг юксак даражада намоён бўлиши;

    бешинчидан, улкан хотира қуввати ва ички ирода кучи туфайли жамиятнинг ҳамма соҳа ва йўналишларини, ижтимоий ҳаётнинг барча қирраларини бир йўла назорат қила олиш салоҳияти;

    олтинчидан, кўтарилган масалалар ва топширилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишига эришиш;

    еттинчидан, шарқона бошқарув маданияти ва раҳбарлик одобининг юксак даражада намоён бўлиши. Хусусан, бунда очиқ сиёсий муносабатлар, халқ билан жонли мулоқот, одамлар орасида юриш, уларнинг қувонч ва қайғуларига шерик бўлиш, ҳар бир фуқаро орзу-ўйлари ва мақсадларини ўрганиш ва унга шерик бўлиш каби соф инсоний фазилатларнинг намоён бўлиши.

    Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу бевосита замонавий давлатчилик илғор тажрибаларини ўзлаштириш, жаҳон цивилизацияси ютуқларидан хабардор бўлиш, минг йиллар мобайнида давлат бошқарувига доир тўпланган миллий тажриба ва анъаналарни ҳозирги замон давлатчилиги илғор тажрибалари билан синтезлашган ҳолда олиб бориш каби ноёб фазилатнинг намоён бўлиши.

    Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятида ва иш услубида халқона бошқарув, халққа яқинлик ҳисси, уларнинг кундалик ташвиш ва қувончларига шерик бўлиш туйғуси устуворлик қилади. Бу давлат билан жамият, давлат раҳбари билан фуқаролар мақсадларининг муштараклигига, улар орасидаги муносабатларнинг уйғунлигига олиб келадики, натижада Ўзбекистонда ялпи барқарорлик ва юксак бунёдкорлик руҳиятининг чуқурлашишига эришилади. Ана шу нуқтаи назардан қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, “Буюк келажагимизни олижаноб ва мард ҳалқимиз билан бирга қурамиз”.

    ...Ҳар бир даврнинг ўз тараққиёт омиллари, эҳтиёжлари, талаблари ва ҳаётий тамойиллари бўлади. Ҳар бир замоннинг ўз зайли, қарашлари, муносабатлари, тафаккур тарзи мавжуд. Ана шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, 2017 йил Ўзбекистоннинг тарихий тараққиёт ва ривожланишида бутунлай янги босқични бошлаб берди. Бу бевосита замон билан ҳамнафас, ҳозирги цивилизация талабларига жавоб берадиган, бугунги кун миллий ва дунёвий эҳтиёжларини назарда тутган, жаҳон давлатчилиги илғор тажрибалари билан миллий хусусиятларимиз, қадриятларимиз, давлатчилик усул ва услубларимиз уйғунлашиб кетган кучли ва қудратли сиёсий тафаккур билан боғлиқ.

    Чиндан ҳам, Ўзбекистонда мустақиллик даври мобайнида бутунлай янги тарихий шароитларда, янги давлатчиликка асос солинди. Ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти вужудга келтирилди. Сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳада туб бурилишлар ясалди. Ташқи сиёсатда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли субъектига айланди ва ўзининг қатъий сиёсий позициясини намоён этди. Дунёнинг энг кучли ва катта давлатлари Ўзбекистон билан ҳисоблашадиган, унинг умумдунёвий масалаларга тегишли фикр ва хулосаларини инобатга оладиган бўлиб қолди. Энди ҳамма гап ана шу мустаҳкам пойдеворга таяниб, Ўзбекистоннинг янги даврдаги янги тараққиётини таъминлашдан иборат.

    Катта тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳар қандай сиёсатнинг ҳаёти, умрининг узунлиги ва самарадорлиги унинг самимиятида намоён бўлади. Қачонки одамлар орасида бўлсанг, улар билан ҳамфикр суҳбатдош бўлсанг, биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги фикрдошлик юзага келса, бундай сиёсат узоқ яшайди ва ўз даврига хос, келажакка ўрнак бўладиган мақомга эга бўлади. Амир Темурнинг куч-қудрати, оламшумул салоҳияти ва салобати ҳам айни ана шунда эди. Буни Соҳибқироннинг “Раъият (фуқаро) аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим”, деган гапларида кўриш мумкин.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурғак болаларни бағрига босиб, уларга оталик меҳрини бераётгани, ёши улуғлар билан ўзини уларнинг фарзандидек тутиб, жамиятнинг олис истиқболга қаратилган тараққиётини таъминлашга интилаётгани Янги Ўзбекистон давлатининг қудратига айланиб бормоқда. Бунга иккита ҳолатда гувоҳ бўлдим. Давлатимиз раҳбарини Андижон вилоятида мактаб ўқувчилари билан учрашувдаги ҳолатда ғоятда мурувватли, меҳрли, фарзанд деган туйғуни чуқур ҳис қиладиган ота тимсолида кўрдим. Жиззах вилоятида бўлганида эса Мирзачўлни ўзлаштиришда халқ ялпи қаҳрамонлигининг тимсолига айланган, машҳур чўлқувар Қувондиқҳожи Абдураззоқов билан ўта самимий мулоқотларида билдим. Болалар олдида бағрикенг ва мурувватли ота, оталар олдида эса, ҳар қандай шароитда улуғларни қадрлайдиган, уларнинг ҳурматини жойига қўядиган халқ фарзанди қиёфасига гувоҳ бўлдим.

    Айтиш мумкинки, бундай соф инсоний фазилат, меҳр ва мурувват тўла қалб ҳамма раҳбарда ҳам бўлавермайди. Уларнинг кўпини кўрганман. Бугун мўътабар бир ёшда халқимизнинг Шавкат Мирзиёевдай садоқатли ва эҳтиромли фарзанди ёшларимизнинг болапарвар, миллат истиқболи учун ҳамма нарсага тайёр турадиган, фарзандлари камолини кўриш орзу-истаги билан яшайдиган оталари борлигидан қувонаман.

    Амир Темурнинг яна бир гапи бор. У “Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим, адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим”, дейди. Бугунги Янги Ўзбекистон шароитида давлат сиёсатида очиқ юзлилик, юксак самимият, меҳр-мурувват фазилатлари чуқурлашиб бормоқда.

    Давлат сиёсати кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро, ёшу қари қалбига сингиб бормоқда. Ана шу ҳолатнинг ўзи жамиятда инсон қадрининг тобора юксалиб бораётганидан, ижтимоий адолат тамойиллари чуқурлашиб, фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланаётганидан далолат беради. Бу ҳаммамизнинг, ҳар биримизнинг ютуғимиз, бугунимиз ва буюк келажагимиз билан боғлиқ бўлган саодатимиз.

    Айни пайтда Ўзбекистоннинг ҳар бир қишлоғи, ҳар бир маҳалласи қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Тозалик, ободонлаштириш, кўркам турмуш тарзини қарор топтириш умуммиллий мақсадга айланди. Мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган узлуксиз таълим тизимнинг барча бўғинларида жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар содир бўлмоқда. Ижтимоий соҳага тегишли янгидан-янги бинолар барпо этилмоқда. Текис ва равон йўллар, кўприклар қурилмоқда. Кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойлар барпо этилмоқда. Бундай жиддий ўзгаришларни кўриб яна хаёлим олис ўтмишга, Амир Темур давлатчилиги даврига кетади. Зотан, Соҳибқироннинг “Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақохлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устига работлар бино қилишни, дарёлар устига кўприклар қуришни буюрдим” деган гаплари эсимга тушади. Бу чинакам халқчил сиёсатнинг, халқпарвар давлатнинг ўзига хос тамойиллари.

    Халқимизнинг феъл-атворида, турмуш ақидаларида адолатга, муросага, очиқ кўнгиллилик ва самимий муносабатга мойиллик бор. У айни ана шу фазилати билан ўзининг ҳаётини ўзи йўлга қўймоқда. Мақсад ва интилишларини давлат сиёсатида ва унинг жонкуяр, тиниб-тинчимас раҳбари қарашларида кўрмоқда. Халқимиз ўзининг юксак маънавий-ахлоқий, маърифий-руҳий ва интеллектуал салоҳиятини кўрсата оладиган бунёдкор халқ. Айни ана шу кайфият, умуммиллий руҳият, очиқ жамият қурилаётган, халқ билан давлат ўртасидаги муносабатлар муштарак бўлиб бораётган бир давр буюк келажагимиздан далолат бермоқда.

    Албатта, ҳар бир даврнинг ўз арбоблари, сиёсий етакчилари бўлади. Ана шу етакчи ва арбобларнинг бошқарув маҳорати, феъл-атвори, иш услуби жамият ва халқ тақдирини белгилайди. Ўтган етти йиллик давр Ўзбекистон тарихида, айтиш мумкинки, ривожланишнинг бутунлай янги даврини бошлаб берди. Буни қуйидагиларда кўриш мумкин:

    биринчидан, мамлакатни ривожлантиришга доир илмий ва амалий жиҳатдан ғоятда мустаҳкам стратегиянинг ишлаб чиқилганлиги;

    иккинчидан, жамиятнинг барча соҳаларини баб-баробар ривожлантиришга доир самарали механизмнинг вужудга келтирилганлиги;

    учинчидан, давлат раҳбарининг ўта серғайрат, шижоатли, чарчоқ билмас фаолияти;

    тўртинчидан, бошланган ишнинг доимий назоратга олиниши ва охирига етказишга эришилиши;

    бешинчидан, давлат раҳбарининг ўта самимий, халқчил, меҳр-мурувватга асосланган сиёсий йўли.

    Ана шу тарзда Янги Ўзбекистон бутунлай янги тарихий шароитларда ўз тараққиётининг янги босқичини бошлади. Жаҳон ҳамжамиятида энг тез ривожланаётган давлат сифатида ўзини намоён этмоқда.

    Оқил САЛИМОВ,

    академик

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates