Замон ривожлангани сари одамларнинг таъби ҳам, талаби ҳам ўсиб бормоқда. Шунга яраша янги қурилишларга, муносиб шароитларга эҳтиёж туғилмоқда.
Тошкент шаҳридаги Юнусобод деҳқон бозори ҳамиша гавжум, кенгайишга эса жой йўқ. Яна бир муаммо – тирбандлик. Шу боис уни замонавий концепция асосида юқорига “ўстириш”, савдо ўринлари ва қулайликларни кўпайтириш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, аввало, аслият сақлаб қолиниб, ҳозиргисининг ўрнида уч қаватли экобозор қурилади. Унинг ёнида қўшимча савдо маркази ҳамда заргарлик уйи барпо этилади. Энг муҳими, ушбу биноларнинг ерости қисми мингдан ошиқ автомобил сиғадиган тураргоҳ бўлади. Жами 4-5 минг иш ўрни очилади.
Мутасаддиларга булар сабабли бозор фаолиятини тўхтатиб қўймаслик, қурилишни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди.
Кейинги лойиҳалар истироҳат боғларини ободонлаштириш ва янгиларини қуришга оид. Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий боғи ободонлаштирилади. Рельефдан тўғри фойдаланиб, яшил ҳудудлар кўпайтирилади. Сайр ва томоша жойлари, фавворалар, янги планетарий қурилади. Сайёҳларни жалб қилиш учун гастро-хол ташкил этилади. Бу Чорсу бозори, умуман, эски шаҳар билан янада уйғун бўлади.
Давлатимиз раҳбари боғда шароитларни яхшилаш ва анъаналарни акс эттириш зарурлигини таъкидлади.
– Бу режалар яхши. Фақат миллий руҳ қўшиш керак. Бу ерда шаҳарнинг тарихи, халқимизнинг анъаналари акс этсин. Ҳар бир ёш тоифасидаги инсон боғда ўз жойини топа олсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
“Дўстлик” боғи ҳам янгиланиб, аҳолини ўзига жалб этувчи масканга айлантирилади. Сайр йўлаклари, сув ҳавзалари, дам олиш жойлари таъмирланиб, ўриндиқлар ўрнатилади. Оилавий кўнгилочар маскан ва болалар ижод маркази ташкил қилинади. Ёшлар учун скейт майдончаси, дарахтлар билан уйғун авиарий ҳамда томоша чархпалаги қурилади.
Маълумки, шу ерда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси жойлашган. Унинг ортидаги майдонда юртимиздаги миллий маданият марказларининг павильонларини барпо этиш режалаштирилган. Улар ҳар бир миллатнинг уйи шаклида бўлиб, ўзига хос маданият ва анъаналарни ифодалайди. Бу ҳудуд “Дўстлик” боғи билан ҳамоҳанглик касб этади.
Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда Тошкент шаҳрида “Наврўз” боғи барпо этилган эди. Ҳозирги кунда у шаҳар марказидаги обод ва гавжум масканлардан бири. Ташриф буюрувчиларга шароитларни янада кенгайтириш мақсадида бу ерда меҳмонхона, ёпиқ спорт майдончаси, ресторан, конференция зали бунёд қилиш кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш доирасида барча жойларда янги мавзелар, парклар, кўнгилочар масканлар қурилмоқда. Жумладан, Нурафшон ва Наманган шаҳарларида ҳам “Янги Ўзбекистон” боғлари барпо этилган. Навбатдаги лойиҳалар улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва меҳмонларни кўпроқ жалб этишга қаратилган.
Бунинг учун Нурафшон ва Намангандаги “Янги Ўзбекистон” боғлари ёнида туризм марказлари ташкил қилинади. Уларда Шарқ бозори, ҳунармандчилик жойлари, амфитеатр, фаввора ва бошқа қурилмалар бўлади. Дарахтлар экилиб, яшил ҳудуд кенгайтирилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни сифатли қилиш, боғларда аҳоли ва туристлар учун қулай шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.