Бош консулхона маълумотига кўра, ватандошларимиз М.С. ва Б.В. Мьянмада одам савдоси қурбони бўлганликлари билдириб, ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича юртдошларимиз Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг етиб келган. Бироқ Таиландга етиб келганидан сўнг улар алданиб, ноқонуний равишда Мьянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Ватандошларимиз Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланилган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилинган.
Шунингдек, 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Мьянмада худди шундай вазиятга тушиб қолган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги инобатга олиниб, Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатди.
Мьянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Маесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилди. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланди.
11 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2 нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ва 7 нафар Қирғизистон фуқароси ўз оиласи бағрига муваффақиятли қайтарилди. Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ ҳолда тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.
Бу ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари хорижда ҳам самарали ҳаётга татбиқ этилаётгани, одамларга реал ёрдам кўрсатишда амалий ифодасини топаётганининг ёрқин мисолидир.
Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича таклифларни кўриб чиқишда ҳушёр бўлишга ва ахборот манбаларининг ишончлилигини синчковлик билан текширишга чақиради. Бош консулхона, шунингдек, ватандошларга Таиланд, Камбоджа, Мьянма ва Лаосда ишга жойлашиш бўйича консуллик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдиради.