Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлар янгиланган тартибда кўриб чиқилади

    Ижтимоий ҳаёт 16 июн 2021 3033

    Сўнгги йилларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда.

    Бунга ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар яққол далил бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатлари сифатида қаралади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкамланган. Бош Қомусимизнинг 35-моддасида белгиланганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқи кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонаси ташкил этилиши билан янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрири) давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш мақсадида ташкил этилган ушбу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди. Мазкур Қонун шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай масалалар, шу жумладан ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмаслиги, улар томонидан сайёр шахсий қабуллар, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши тартибини белгилаганлиги билан аҳамиятлидир.

    Қонунчиликдаги муҳим янгиликлардан яна бири — мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари воситасида бериш ҳу­қуқий жиҳатдан мустаҳкамланганидир. Шу билан бирга, қонунда жисмоний шахслар ва юридик шахс­ларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек, қабул қилиш тартибини давлат органлари расмий веб-сайтларида эълон қилиш, уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳам назарда тутилган.

    Ўзбекистон ҳукумати порталида ташкил этилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш тартибининг жорий қилингани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоизки, бу тизимнинг самарали фаолият юритиши келгусида жамиятимизда қонун устуворлигининг мустаҳкам қарор топиши йўлида муҳим амалий қадамдир. Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг такомиллаштирилиши нафақат, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига сабаб бўлмоқда, балки фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали фаолиятини таъминлаш, келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш бугунги кунда барча давлат органларининг асосий вазифаларидан биридир.

    Нотариал идораларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2014 йил 30 декабрдаги 311-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Нотариал идораларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ амалга оширилади. Мазкур низомга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шаклда, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишдан ташқари, «E-notarius.uz» ахборот портали орқали ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Мурожаатлар нотариус ёки унинг ходимлари томонидан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қабул қилинади ва навбатма-навбат қайд этиш электрон рўйхатига қайд қилинади. Эътиборлиси, давлат нотариал идоралари нотариусларининг иш кунлари ва вақтини белгилашда муайян давлат нотариал идораси ёки нотариус томонидан ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида ҳам нотариал ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилади. Бу фуқароларга нотариал ҳаракатларнинг ҳафтанинг исталган кунида амалга ошириш имконини беради.

    Ушбу Низом нотариал идораларга ахборот-коммуникация технологиялари орқали мурожаат қилиш тартибини ҳам белгилайди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот-коммуникация технологиялари орқали нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

    Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун фуқароларимизнинг ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    Руслан Исоев,

    Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус У.С.Мукумов нотариал идорасида стажировка ўтовчи нотариус стажёри.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates