Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси вакиллари Ўзбекистоннинг ушбу йўналишда иш тажрибасини ўрганиш мақсадида мамлакатимизда бўлиб турибди.
Конструктив ва амалий жиҳатларни қамраб олган мулоқот давомида Эстония томонига одам савдосига қарши курашиш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар, халқаро ташкилотлар тавсияларининг амалий ижроси ҳақида маълумот берилди.
Эстония Адлия вазирлиги вакили болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган улкан ва самарали ишларни алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш бўйича яхши самаралар бераётган тажрибаси Европа давлатлари, жумладан, Болтиқбўйи мамлакатлари учун ҳам долзарб эканлиги қайд этилди.
Шу билан бирга учрашувда иштирок этган БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Р. Сиргедиене томонидан Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг фаолияти юқори баҳоланди. Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатларини ривожлантириш, одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ томонидан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар қўшма давра суҳбатлари ташкил этиш ва одам савдосига қарши курашишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.