Олий таълимда миқдордан сифатга ўтиш вақти келди

    Мамлакатимизда 17 июн 2021 1169

    Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши жамиятимиз ривожининг муҳим соҳаларидан бири – олий таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш ва соҳа ривожидаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланди.

    Олий таълим тизимини ичидан биладиган мутахассис сифатида бу долзарб масаланинг кўтарилиши мени жуда қувонтирди. Ҳақиқатан ҳам, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина ва бу масалалар йиғилишда рўйи-рост айтилди.

    Агар соҳа ривожидаги миқдор кўрсаткичларига келсак, охирги уч йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етгани, қабул квоталари 66 мингтадан 181 мингтага ошгани, хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани, профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 3,5 бараварга ошгани қувонарли ҳол, албатта.

    Бироқ шунча саъй-ҳаракатлар натижадорлигини белгиловчи сифат кўрсаткичларига келсак, у ҳаминқадар. Хусусан, олий таълим муассасалари 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланмагани, ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилгани, таълим жараёни 2001 йилда тасдиқланган стандартлар асосида олиб борилаётгани, ўтган даврда таълимнинг халқаро стандартлари 2 марта янгидан қабул қилинган бўлсада, айрим ўқув дарслари замон ва бозор талабига эмас, балки профессор-ўқитувчиларга мослашгани, 24 та олий ўқув юртининг илмий салоҳияти 25 фоизга ҳам бормаслиги, 19 та олий ўқув юртида эса, бирорта профессор ва фан докторлари йўқлиги туфайли битирувчилар Ўзбекистоннинг эгилувчан меҳнат бозори талабларига сифат жиҳатдан жавоб бермаяпти.

    Йиғилишда олий таълим йўналишлари билан меҳнат бозоридаги замонавий эҳтиёжлар ўртасида ҳам узилиш жуда катталиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, бугунги кунда олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, ҳозирда хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринларининг мавжудлиги олий таълим муассасаларининг битирувчилари миқдор жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам меҳнат бозоридаги бу талабни қондира олмаётганини кўрсатади.

    Соҳадаги бундай муаммолар ичида тизимда коррупция ҳолатлари жуда кўплиги ҳам таъкидландики, бунда порахўрлик, тамагирлик, таниш-билишлик, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик каби иллатлар ҳам қоришиб кетган. Шу борада юрагимни ҳали ҳануз кемириб юрган бир неча воқеалар ёдимга тушди. Олий таълим муассасасида ишлаб юрган вақтларим гуруҳлардан бирига қўшилмаганим, гуруҳбозларнинг таниш-билишлари менинг фанимдан ўта олмагани учун талабаларни мажбурлаб менинг устимдан ариза ёздиришгани ва охир-оқибат мен у даргоҳдан кетиб юборганим, орадан вақтлар ўтиб, ишга киришга танловда иштирок этганимда ҳатто улар таъсирида ишга қабул қилинмаганим (илмий даража ва илмий унвоним бўла туриб, менинг ўрнимга ўша олий ўқув юртидаги мансабдорнинг даража ва унвонсиз фарзандини ишга олишгани) ёдимга тушди. Биламан, бундай иллатлар олий ўқув юртларида ҳали ҳам давом этмоқда ва давлатимиз раҳбари очиб ташлаган муаммоларнинг таг-замирида ҳам соҳада урчиган шундай иллатлар ётибди.

    Йиғилишда соҳани ривожлантириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилиши билан бир қаторда бу вазифаларни самарали бажариш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилди.

    Ўқитилаётган фанларни мазмунан қайта кўриб чиқиш, такрорланишларни қисқартириш, мутахассислик фанларини кўпайтириш, талабаларга мустақил илмий изланиш учун имкониятлар яратиш, докторантурага квоталар сонини ошириш, хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётларни тўғридан-тўғри харид қилиш, ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш, талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжларини қондиришда тадбиркорлар билан хусусий шериклик муносабатларини ўрнатиш сингари белгиланган вазифалар ижросининг таъминланиши нафақат олий маълумотли мутахассисларнинг миқдоран кўпайишига, балки унинг сифати юксалишига ҳам эришилади.

    Бир сўз билан айтганда, белгиланган вазифаларнинг ижроси соҳада илмий салоҳиятнинг янада ошишига, бозор талабларига мос мутахассисларнинг тайёрланишига, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга хизмат қилади.

    Зафар Худайбердиев,
    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
    иқтисодиёт фанлари доктори.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates