Оролбўйи минтақасининг экологик ҳолати ўзбекистонлик ва хитойлик олимлар эътиборида

    Республикамиз олий ўқув юртларининг жаҳондаги етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши, ўзаро тажриба алмашиши, мутахассисларнинг малака ошириши бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

    Ўзбекистон Миллий университети Хитой Фанлар академиясининг Синьзян Экология ва география институти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда “Орол денгизини экологик тиклаш ва бошқариш” мавзусида ташкил этган Халқаро онлайн симпозиум ана шундай мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган Халқаро анжуманда ­Хитой, Туркманистон, шунингдек, МДҲ мамлакатларининг таниқли мутахассислари, миллий ҳамда халқаро даражадаги экспертлар, докторантлар ва соҳанинг малакали мутахассислари иштирок этди.

    Ўзбекистон Миллий университети ва Хитой Фанлар академиясининг Синьзян Экология ва география институти ўртасида имзоланган “Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлик ташаббуси — Орол денгизи минтақасини экологик тиклаш бўйича Урумчи декларацияси”га мувофиқ, Орол денгизини экологик тиклаш бўйича минтақавий ҳамкорлик доирасида бўлиб ўтган тадбирда Оролбўйи минтақасининг экологик ҳолатини яхшилаш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни кўпайтириш, ҳайвонот дунёси ҳолатини яхшилаш масалалари хусусида фикрлар, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

    Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ­Ассамблеясининг 75-сессиясида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор давримизнинг ўткир муаммоларидан бири — Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятга қаратиб, таъкидлаганидек: “Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда”. Дарҳақиқат, бугунги кунда Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг нафақат бир мамлакат ёхуд минтақа, балки жаҳон миқёсидаги марказига айланди.

    2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Миллий университети билан Хитой Фанлар академиясининг Синьцзян Экология ва география институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик доирасида ўша йилнинг ўзидаёқ Хитой Халқ Республикасида Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик муаммолар ва уларнинг илмий ечимига бағишланган “Экология, атроф-муҳит ва минтақавий барқарор ривожланиш бўйича Сино — Ўзбекистон симпозиуми” ўтказилган эди. Иккинчи бор ташкил этилган ушбу Халқаро анжуман ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давомидир.

    — Ўтган йили Ўзбекистон Миллий университети биология факультетининг 100 нафардан зиёд ташаббускор ёшлари Оролда ўқув-илмий майдон яратиш ташаббуси билан чиққан эди, — деди Ўзбекистон Миллий университети биология факультети декани, профессор Тўхтасин Абдураҳмонов. — Имкониятимиз чеклангани боис, ўша йилнинг март ойида 40 нафар талаба ёшлар билан Мўйноқ туманида 1,3 гектар ерда биринчи боғни барпо этдик. Хитой Фанлар академиясининг бир гуруҳ ёш олимлари билан келишган ҳолда, янги технологиялар асосида барпо этилган боғда дарахт кўчатларининг 85 фоизи униб-ўсди. Ўшанда хорижлик ҳамкасбларимиз билан Орол муаммосига бағишланган илмий анжуман ўтказиш, илмий тадқиқот олиб бориш, у ерда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудда барқарор ижтимоий-иқтисодий шароит яратишга ҳисса қўшишга келишиб олинганди.

    Анжуман доирасида Ўзбекистон Миллий университети вa Хитой Фанлар академиясининг Синьцзян Экология ва география институти ҳамкорлигида ЎзМУ биология факультети қошида “Экосистемалар ва биомлар” Ўзбекистон — Хитой илмий тадқиқот лабораторияси очилди. Лабаратория экотизим, тупроқ бўйича юқори савияли мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқот жараёнларига талаба, докторант ва мустақил тадқиқотчиларни кенг жалб этиш ва илмий изланиш олиб бориш мақсадида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон экотизимининг биологик хилма-хиллигини ўрганиш, иқлим ўзгаришининг ўсимликлар, тупроқ ва микроорганизмларга таъсирини таҳлил қилиш кўзда тутилмоқда. Лаборатория, шунингдек, доривор ўсимлик турлари ва биологик фаол моддалар таркибини аниқлаш, микроорганизмлар коллекциясини яратиш, улардан юқори технологик хусусиятга эга штаммларни яратиш, ўсимликлар чидамлилигини оширувчи янги препаратлар яратиш каби вазифаларни бажаради

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates