Ўзбекистон -Венгрия бизнес форуми савдо ва сармояни ривожлантиришга қаратилди

    2024 йил 7 майда Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон -Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 9-мажлиси доирасида Ўзбекистон -Венгрия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

    Тадбирда 200 дан ортиқ ишбилармон доиралар вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар иштирокида жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо алоқаларини кенгайтиришнинг янги истиқболли йўналишлари белгиланди.

    Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сиярто иштирок этди. Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ишбилармон доираларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қатъий тайёрлигини билдирдилар.

    Форум давомида инвестиция лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди, шунингдек, «B2B» ва «G2B» форматларида 137дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузишнинг амалий жиҳатларини батафсил муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

    Форум якунлари бўйича бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, инвестиция келишувлари ва экспорт шартномалари имзоланди.

    Банк-молия сектори, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, машинасозлик, фармацевтика, сув хўжалиги ва бошқа тармоқларда қатор инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари амалга ошириляпти, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.