Оталар болам деб ёниб ўтганлар...

    “Агар адолатсизлик бўлмаганида, бугун Шерали Жўраев ёнимизда бўларди”

    Ҳар бир инсон ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган улуғ зот, оиладек муқаддас қўрғоннинг бақувват устуни бўлган отаси билан фахрланишни, унга муносиб ворис бўлишни истайди. Яратганга шукрки, эл ардоқлаган бир инсоннинг фарзанди аржуманди бўлиш, унинг йўлидан бориш бизга насиб этди. Тўғри, отамизнинг бошидан кўп оғир синовлар ўтди, уларнинг ортидан хасталанди. Бироқ сабрнинг таги сара олтин деганларидек, оғир кунларнинг, чекилган дардларнинг мукофотини кўрди отамиз.

    Президентимизга Андижондаги йиғилишда айтганимдек, Шерали Жўраев 25 йилга яқин тақиқда яшади. Катта саҳналарга, давлат тадбирларига, яккахон концерт қўйиши, телевидение, радиода чиқишига тўсқинликлар бўлиб, шунча йиллик умри зое кетди. Тарих учун қисқа бу муддатда бир йигит туғилиб, навқирон ёшга етади. Чорак аср саҳнани соғиниб яшашнинг ўзи бўлмайди. Чиндан ҳам биз ақлимизни таниганимиздан бери ҳар йили Мустақиллик байрамини томоша қилаётиб, отамиз чиқармикин, “Ўзбегим”ни айтармикин деб кутардик. Отам айтганларидек, Яратган дориломон кунларга ҳам етказди.

    Шавкат Мирзиёевнинг “Агар адолатсизлик бўлмаганида, бугун Шерали Жўраев ёнимизда бўларди”, деган гапларининг ўзи отамизга берилган энг юксак баҳо бўлди.

    Андижондаги санъат мактабига падари бузрукворимиз номини бериш ҳақида айтганларида, ич-ичимдан тўлқинланиб, бениҳоя хурсанд бўлиб кетдим. Ҳамма бу таклифни қўллаб-қувватлагани, ўрнидан туриб олқишлаганидан бошимиз кўкка етди. Илоҳим, отамнинг руҳлари ҳам шод бўлган бўлсин.

    Демак, отамиз туғилган замин — Андижонда энди унинг номи абадий, муносиб издошлари қалбида яшайди. Зеро, эндиликда санъат мактаби Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, бу ерда грант асосида замонавий кадрлар тайёрланади. Насиб қилса, бу коллеж Шерали Жўраев ўзи ният қилганларидек, мақом санъати ва адабиётга жуда катта эътибор қаратилади. Ёшлар ўзбек миллий мақомларини пухта ўрганиб, етук санъат вакиллари бўлиб етишишига хизмат қилади. Янги ўқув биноси, ётоқхона ва бошқа зарур объектлар барпо этилишидан ташқари, Шерали Жўраевнинг бюсти ўрнатилиши оиламизга бўлган юксак ҳурмат ифодаси деб биламан.

    Отам мен ва укамга шундай катта бир мактабни қолдириб кетди. Насиб қилса, отамизнинг руҳлари шод бўлиши учун ҳам у кишининг қўшиқларини ҳеч қаерини бузмасдан, отам қандай ижро этган бўлсалар ўшандай ижро этиб, замонга монанд янада гўзаллаштириб эл ичра яшаши учун биз ака-ука Жўраевлар томонидан ижро этиб юрилишини ўзимизнинг фарзандлик бурчимиз деб биламиз. Умуман олганда, бугунги кунда, Янги Ўзбекистонда Шерали Жўраев ва унинг ноёб санъатига бўлаётган юксак эътибордан тилимда беихтиёр шу сатрлар айланди:

    Оталар болам, деб ёниб ўтганлар,

    Элни биздан кўпроқ севиб ўтганлар.

    Сиз битта уй қуриб саранжом қилинг,

    Элнинг отасига осон тутганлар.

    Шоҳ Жаҳон ЖЎРАЕВ

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates