Ўзаро таълим, манфаатли ҳамкорлик

    Жиззах политехника институти 2022 йилдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

    Дўстлик сари ташланган қадам ўзаро ишонч, ҳалол муносабатларга асослангандагина мустаҳкамланиб боради. Ўзбекистон кейинги йилларда хориж давлатлари учун кенг очилар экан, айни мана шу тамойилларни маҳкам тутди. Дунё халқлари билан нафақат шериклик, балки дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, биргаликда ривожланишга интилмоқда. Бугун мамлакатимиз кўплаб давлатларнинг ишончли дўсти, манфаатли шериги, истиқболли ҳамкорига айлангани боиси шунда.

    Айниқса, Хитой Халқ Республикаси кўплаб соҳаларда асосий шерикларимиздан саналади. Бир вақтлар Буюк ипак йўли ўзаро яқинлаштирган икки давлат йўллари бугун ҳам мустаҳкам боғланган. Хусусан, миллий иқтисодиётимизда ушбу давлатнинг улуши юқори. Маълумотларга кўра, 2017—2022 йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг умумий ҳажми 4,7 миллиард доллардан 8,9 миллиард долларга етиб, 1,9 баробар ошган. Эътиборлиси, бу борадаги ўсиш кўрсаткичи ўтган йили янада тезлашди ва 14 миллиард долларга етди.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23—25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳам ана шу дўстона ва ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ташриф дунё эътиборида бўлиб, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани бежиз эмас. Боиси, олий тоифадаги учрашувлар давомида икки давлат ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда иқтисодий ҳамкорликдан тортиб, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, транспорт ва бошқа қатор соҳалар қамраб олинган.

    Биз Хитой давлатига йиллар давомида асосан савдо-иқтисодий ҳамкор сифатида қараганмиз. Аммо кейинги вақтларда камбағалликни қисқартиришдан тортиб, илм-фан, инновациялар, илғор технологиялар соҳаларида ушбу мамлакат тажрибаси кенг ўрганилиб, юртимиз амалиётида қўлланилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам таъкидлаганидек, Ўзбекистон Хитойнинг ҳар томонлама ижтимоий адолатга эришиш, тобора кўпроқ аҳолини қашшоқликдан олиб чиқиш ва ўрта синфни кўпайтириш, шу орқали умумбашарий фаровонлик ва тенгликка эришиш борасидаги тажрибасига жиддий қизиқиш билдиради.

    Илм-фан ва ишлаб чиқариш ёнма-ён

    Мамлакатларимизнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги, айниқса, жадал ривожланаётган йўналишлардан бири бўлмоқда. Хитой кейинги йилларда Ўзбекистон учун турли касбларда 6500 дан зиёд мутахассис тайёрлаб берди. Юртимиз олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида мутахассисларни Хитойда ўқитиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш фаоллашиб боряпти.

    Жиззах политехника институти ҳам 2022 йилдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Биргаликда институтда муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий марказини ишга туширдик.

    Гап шундаки, юртимизда муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш панелларига талаб ортиб боряпти. Бундай қурилмаларни ўзимизда ишлаб чиқариш хориждан олиб келишга нисбатан анча арзонга тушади. Маҳаллийлаштириш ишлари эса илмий тадқиқотларсиз бўлмайди. Шу боис, ўтган йилнинг 10 февралида давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи якунлари бўйича Жиззах политехника институти олимлари ва талабалари билан биргаликда Жиззах ёшлар технопаркида кремний асосидаги қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди. Технологияни ўрганиш мақсадида институтнинг 3 нафар профессор-ўқитувчиси Хитойда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Улар Хитойдаги “Jingkou Jinchen Machinery Co., Ltd.”, “Argus-Sanik”, “Shanxay Saniong”, “Wuhan Ooitech Trading Co., Ltd” компанияларининг ишлаб чиқариш цехларида бўлиб, бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Мазкур компанияларда ишлаб чиқарилаётган “Қуёш панелларини ишлаб чиқариш линияси”нинг нархи ва сифати ўзаро солиштириб кўрилди. Якунда “Wuhan Ooitech Trading Co., Ltd” компанияси билан шартнома имзоланиб, умумий қиймати 348 минг доллар бўлган ускуналар институтга олиб келинди. Улар ажратилган бинога ўрнатилиб, зарур инфратузилма билан ҳам таъминланди.

    Замонавий қурилмани харид қилишдан олдин профессор-ўқитувчиларимиз ушбу корхонада 2 ой давомида илмий ўрганишлар олиб борди. Амалиёт давомида техник изланишлар давом этиб, бевосита ишлаб чиқариш жараёнларида ҳам иштирок этишди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2023 йилнинг декабрь ойи охирида институт тарихида илк бор муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази расман иш фаолиятини бошлади. Дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тегишли тартибда тест жараёнларидан ўтказилди. Олинган натижалар ҳам кутганимиздек ижобий бўлди.

    Ҳозирги кунда хомашёнинг бир қисми Хитойдан олиб келиняпти. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Wuhan Ooitech Trading Co., Ltd” компанияси билан умумий қиймати 70 минг 418 доллар бўлган хомашё олиб келиш бўйича шартнома тузиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ўзимизда маҳаллийлаштириш жараёнлари ҳам кетмоқда. Келгусида алюминий рамка, ламинация плёнкаси-1, ламинация плёнкаси-2, куйдирилган органик ойна, контакт симлари, елим ва улаш кабеллари локализация қилиниши режалаштирилган.

    Яна бир янгилик, 2023 йил февралидан бошлаб Хитойнинг Нанкин институти ходимлари томонидан олий ўқув юртимиз талабаларига транспорт логистикаси йўналиши бўйича онлайн ва офлайн дарс машғулотлари ўтиш йўлга қўйилди. Сентябрь ойидан эса ўзаро ҳамкорлик асосида институтимиз қошида Нанкин олийгоҳининг электромобиллар сервиси ва эксплуатацияси йўналишлари ташкил этилди. Ўтган йили ноябрь–декабрь ойларида Нанкин институтининг бир неча профессор-ўқитувчилари таълим даргоҳимизга келиб, талабаларга дарс машғулотлари ўтишди.

    Тарихий форум

    Икки давлатнинг таълим, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлиги ривожланиб бораётгани қувонарли. Жорий йилнинг 22—24 январь кунлари Хитойда ўтказилган Хитой—Ўзбекистон таълим форуми ҳам мамлакатларимиз ОТМлари тарихида жуда катта из қолдирди. Мазкур форумда иштирок этар эканмиз, дўстона муносабатларимиз янги ҳамкорликларга йўл очганидан қувондик. Хусусан, форум дастури доирасида Шимолий Хитой технология университети ҳамда Чангшу технология университети билан англашув меморандумларини имзоладик. Тяньцзин провинциясида бўлиб ўтган учрашувда институтимиз ҳақида маъруза қилиб, ўқитишнинг самарали технологиялари, ишлаб чиқариш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот бердик. Натижада Тяньцзин хорижий тиллар университети билан меморандум имзоланди. Тяньцзин политехника университети, Нанкин политехника университети, Нанкин транспорт ва техника институти вакиллари билан учрашиб, ҳамкорлик қилиш ҳақида фикр алмашилди. Тадбиркорлар ва инвесторлар билан ўтказилган мулоқотларда ҳам келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

    Умуман, йирик форумда “Ўзаро таълим, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва Ўзбекистон—Хитой таълим ҳамжамиятини биргаликда қуриш” доирасида юқори академик алмашинув ва олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш борасида музокаралар ўтказилди. Аҳамиятлиси, форум аввалида икки давлатнинг олий таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги Пекин декларацияси имзоланди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муасассалари ўртасида алмашинув механизмини йўлга қўйиш, “Ўзбекистон—Хитой университетлари уюшмаси”ни тузиш, юқори сифатли рақамли таълим бўйича ҳамкорлик, уюшмага аъзо университетлар ўртасида иқтидорларни тайёрлаш, илмий тадқиқотлар, кадрлар алмашинуви, инновацион ҳамкорлик механизмларини доимий равишда кучайтириш ҳамда Ўзбекистон—Хитой олий таълим тараққиёти ва ривожланишига биргаликда ёрдам бериш каби масалалар устуворлик қилади.

    Демак, келгусида икки мамлакат ўртасидаги олий таълим борасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, жараёнда инновацияларни кучайтириш, “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ривожланишига ҳисса қўшиш, юқори сифатли таълим ресурсларини биргаликда ишлаб чиқиш, халқаро ёзги мактаблар ва ёзги оромгоҳларни ташкил қилиш, асосий орган сифатида ёш талабалар билан маданий алмашинувни кучайтириш ва инсоният учун умумий келажакка эга бўлган ҳамжамиятни қуриш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой таълим тараққиётини янада юксалтириш сингари асосий вазифалар амалга оширилади.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги бундай мулоқотлар, алоқалар изчил ривожланиб бораётган халқаро муносабатлар тарихида муҳим аҳамият касб этади ва келажакда янада самарали натижаларга эришишга кенг имкониятлар яратади.

    Алишер УСМОНҚУЛОВ,

    техника фанлари доктори,

    профессор

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.02.24 й, 24-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates