Азиз ватандошлар, муҳтарам фахрийлар!
Бугунги шонли байрам – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан мўътабар фахрийларимизни, кўп миллатли бутун халқимизни самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз.
Жанг майдонларидан омон қайтиб, мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган, бугунги кунда эзгу дуолари билан ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлиб келаётган қадрли уруш ва меҳнат фахрийларига чексиз ташаккуримизни изҳор этамиз.
Айни вақтда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш ҳамда ўз хизмат бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасини миннатдорлик билан эсга оламиз.
Қадрли дўстлар!
Бугун барча шаҳар ва қишлоқларимизда ўтказилаётган тадбирларда бу мудҳиш уруш эл-юртимиз учун қандай мислсиз талафот ва мусибатлар олиб келганини яна бир бор ёдга олишимиз табиийдир. Ўша оғир йилларда фронтга сафарбар этилган 1 миллион 950 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчилардан 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлгани, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолгани, 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олгани, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтгани бу ғалаба биз учун нақадар қимматга тушганини яққол кўрсатиб турибди. Ана шу қирғинбарот уруш халқимиз қалбида қолдирган битмас жароҳатни, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳамон унутиб бўлмайди.
Уруш даврида 214 минг аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги “Слава” (“Шуҳрат”) орденига сазовор бўлгани биз учун, ҳеч шубҳасиз, буюк ғалабанинг энг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Метин иродали халқимиз ўша таҳликали йилларда фронт ортида сабот ва матонат билан меҳнат қилди. Саноат корхоналарининг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан мамлакатимизга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди ва қисқа муддатда уларнинг фаолияти қайта тикланди. Эл-юртимиз фронт учун жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берди.
Ўзбекистон аҳолиси 1941-1943 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
Халқимиз юксак одамийлик фазилатини намоён этиб, уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана берди. Ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатиб, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.
Азиз ватандошлар!
Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида халқимиз жасоратининг тимсоли сифатида бунёд қилинган муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида қутлуғ қадамжога айланди.
Шу кунгача бу ерга 2 миллион 200 минг нафардан зиёд зиёратчи ташриф буюриб, уни катта қизиқиш ва эътибор билан томоша қилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Мажмуа жамоаси томонидан элликка яқин китоб-альбом ва монографиялар, ноёб ҳужжатлар тўпламлари яратилиб, ҳозирга қадар номаълум бўлган юзлаб тарихий фактлар аниқланиб, жамоатчиликка етказилди.
“Бобомни излайман” лойиҳаси доирасида урушда иштирок этган 2 миллион нафарга яқин ватандошларимиз рўйхати шакллантирилди. Юртдошларимиздан келиб тушган 300 дан зиёд мурожаатлар бўйича урушда бедарак кетган 200 нафар жангчининг тақдирига оид муҳим маълумотлар тўпланди.
Муҳтарам дўстлар!
Бугунги байрам муносабати билан жонажон Ўзбекистонимизда хотира маросимлари, турли маданий-маърифий тадбирлар, “уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг оила аъзоларига табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилмоқда.
Муҳтарам уруш фахрийлари халқимизнинг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқдалар. Жумладан, ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, истиқлолимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг уй-жойлари таъмирланиб, обод қилинмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига патронаж хизмати ва зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, биз бугунги озод ва эркин ҳаёт учун азиз жонини аямасдан курашган бундай улуғ инсонлар олдида доимо қарздормиз, улар учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз.
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Сиз, азизларни бугунги улуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Юртимиз тинч, халқимиз доимо омон бўсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти