Кеча Нурафшон шаҳри «Nurafshon Business City» ҳудудида Зулфия Зокирова ва унинг келинлари шарафига ўрнатилган «Матонат мадҳияси» мажмуининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда республика ва вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Дастлаб, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, барча уруш ва меҳнат фахрийларини, нуроний отахон ва онахонларни, бутун вилоят жамоатчилигини бугунги байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этди.
Вилоятдаги барча ташкилот ва бошқармалар, 22 та туман-шаҳар ҳокимликлари томонидан мажмуа пойига гуллар қўйди.
Ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган.
Айтиш мумкин, Тошкент вилоятидан 200 мингдан зиёд мард йигитларимиз фронтга кетиб, улардан 40 мингга яқини жанг майдонларида қурбон бўлдилар.
Уруш йиллари эвакуация қилинган 1 минг 300 нафар 10-15 ёшли болаларни ва 3 минг 500 нафар бошпанасиз кишиларни халқимиз ўз хонадонларига қабул қилганлар, 300 нафардан зиёд болалар 9 та колхоз қошида ташкил қилинган болалар уйларига жойлаштирилган.