Урушнинг биринчи қурбони

    1990 йил апрелининг нурафшон тонгларидан бирида кўҳна Зоминнинг қадимий Ём қишлоғи одамлар билан гавжум бўлди. Қишлоқ четидаги қабристон томон оқиб келаётганларнинг охири кўринмасди.

    Катта-кичик, кекса-ёш — ҳамманинг боши эгик, кўзларида нам. Шу куни қабристонда одатдагидан бошқачароқ дафн маросими бўлди. Бундан салкам ярим аср муқаддам Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган Авазмат Ниёзматовнинг хоки қишлоқ қабристонига дафн этилди.

    Хўш, Авазмат Ниёзматов ким эди? Бу саволга ойдинлик киритиш учун урушнинг дастлабки кунларидаги воқеаларни эслаймиз. Авазмат шу қишлоқда туғилиб вояга етган. У ёшлигидан чаққон ҳаракатлари ва жасурлиги билан ажралиб турарди. От спорти билан шуғулланиб, турли мусобақаларда бир неча бор ғолиб чиққан. Қишлоқда отчилик хўжалиги бўлиб, мудофаа қисмларига ҳарбий отлар етказиб берарди.

    1940 йилда Самарқанд вилоятидан ҳарбий хизматга чақирилган Авазмат йигитлик бурчини Брест қалъаси атрофида ўтади. Уруш бошланишидан бир кун олдин — 1941 йил 21 июнда у Брест қалъасида хизмат қилаётган ҳамюрти Мадамин Ҳожиев олдига келади. Дам олиш кунлари бўлгани учун икки дўст кечгача сайр қилади, кино кўриб, ҳордиқ чиқаради. Шу кеча Авазмат дўсти билан қалъада тунаб қолади.

    Брест қалъаси 1833-1838 йилларда Брест шаҳридан 2 километр ғарбда, Буг дарёси ўнг соҳилида бунёд этилган бўлиб, ўз даврининг мукаммал қурилиш архитектурасига эга иншоот эди. Қалъа 2000 нафар ҳарбий оила аъзолари билан яшашига мўлжалланган. Авазмат меҳмон бўлган кеча қалъага Москвадан санъаткорлар келган, барча ҳарбийлар оила аъзолари билан концерт томоша қилиб, рақсга тушган.

    1941 йил 22 июнь саҳар чоғи бошланган уруш ҳаммани саросимага солади. Ҳали кўзини уйқу тарк этмаган аскарлар қўлига қурол олади. Урушнинг дастлабки дақиқалари ва ватан ҳимояси худди шу Брест қалъасидан бошланади Авазмат учун.

    Қалъа ичида аскарларнинг умр йўлдошлари, бола-чақалари, ўқувчилар яшарди. Авазмат уларни ертўлаларга жойлаштиришда жонбозлик кўрсатди. Қалъада шошилинч ҳарбий кенгаш тузилди.

    Катта куч билан ташланган душман аскарлари қисқа вақтда қалъани қамал этиб, дарвозаларидан ичкарига киришга ҳаракат қиларди. Тўрт томондаги дарвозалар қаршисига пулемёт ўрнатиб, жангчилар ташқарига чиқишига йўл қўймасди. Қалъада мудофаа штаби тузилиб, аскарлар ва ҳарбийлар оила ­аъзоларини ўрмонга чиқариш режаси устида бош қотирилади. Нисбатан заифроқ ҳужум уюштирилаётган шарқий дарвоза қаршисидаги ўт очиш нуқтасини йўқ қилиш режалаштирилади ва бу вазифа оддий аскар Авазмат Ниёзматовга топширилади.

    Аввал бу топшириқни бажаришга киришган бир неча жангчи душман ўқидан ҳалок бўлади. Буни яхши англаган Авазмат бошқача йўл тутади. У ­қалъага оқиб кирувчи Буг дарёсини кечиб ўтиб, душманнинг ўт очиш нуқтасини йўқ қилади. Қисқа фурсатда ­қалъадаги 9 мингга яқин аскар ва уларнинг оила аъзолари ўрмон ичкарисига яширинишга улгуради. Авазматнинг ўзи эса душман ўт очиш нуқтасини йўқ қилиш пайтида қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

    Узоқ давом этган уруш ниҳоят 1945 йил 9 майда ғалаба билан ниҳоясига етди. Омон қолган жангчилар уйига қайта бошлади. Кимдир қўлтиқтаёқда, кимдир бир қўли, яна кимдир боши боғланган ҳолда. Лекин Авазматдан дарак бўлмади. Расмий жиҳатдан Брест қалъаси жангчилари сафида рўйхатда бўлмаган Авазматнинг жасорати ва қаҳрамонлиги кўп йиллар номаълумлигича қолаверди. Бу орада унинг онаси Хонбуви ая 29 йил ўғлининг йўлини пойлаб, 1970 йилда оламдан ўтди. Авазматнинг укаси Холмат, сингиллари Хурсанд ва Рухсат бўй етиб, турмуш қурди, бола-чақали бўлди. Лекин Авазмат ҳақида, у тирикми ё ҳалок бўлганми, ҳамон бирор янгилик йўқ эди.

    Фақат 1982 йилда мақоламиз бошида тилга олинган Мадамин Ҳожиевнинг эсдаликлари асосида Авазматнинг Брест қалъасида ҳалок бўлгани тўғрисида дастлабки хабарлар пайдо бўлди. Авазматнинг укаси Холмат акасининг жасоратини рўёбга чиқаришга кўп ҳаракат қилди. Бу йўлда унга 125-ўқчи полкининг 2-батальони взвод командири Муҳаммаджон Абдувалиев катта ёрдам берди. У Авазматнинг собиқ командири бўлган.

    Ҳарбий архив ҳужжатлари сақланаётган Подолск шаҳридан Авазмат Ниёзматовнинг ҳақиқатан 1941 йил 22 июнь куни ҳалок бўлгани тўғрисида ҳужжат келди. Ана шу ҳужжат асосида 1988 йилда Брест қалъасидаги мемориал мажмуанинг шон-шуҳрат лавҳасига Авазмат Ниёзматов номи ёзилди. Ёдгорлик лавҳасида жами 850 та ёзув бўлиб, шундан 226 жангчининг номи аниқланган. Шулардан бири Авазмат Ниёзматовдир.

    1988 йилда яна бир қувончли хабар тарқалди. Авазмат Ниёзматовнинг қаҳрамонлиги Брест қалъаси илмий кенгаши, собиқ иттифоқ Мудофаа вазирлиги томонидан тан олиниб, номи зарҳал ҳарфлар билан Брест мемориал мажмуаси мармар лавҳасига абадий ёзиб қўйилди. Қалъадаги музейнинг тўққизинчи залидан унга алоҳида жой ажратилди.

    1990 йил апрель-май ойларида қаҳрамон жангчи ўқиган мактаб ўқувчилари, қариндош-уруғлари, сафдошлари иштирокида Брест қалъасига саёҳат уюштирилди. Ана шу саёҳат чоғида ҳарбий қисмлар, фахрий жангчилар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувлардан бирида собиқ полк командири Павел Севакоп бундай дейди: “Жасур ўзбек ўғлони азиз жонидан кечиб, шу куни одамларимизнинг ўрмон ичига кириб олишига йўл очиб берди. Бу воқеа урушнинг дастлабки кунлари содир бўлиб, собиқ иттифоқ ҳудудида душманнинг ўт отиш нуқтасини биринчи бўлиб портлатган мард жангчи Зомин ўғлони Авазмат Ниёзматов эди”.

    Бу сўзлар биз, сафар иштирокчиларини ғоят руҳлантирди, қалбимизни фахр туйғусига тўлдирди. Сафар якунида Брест қалъасидан Авазматнинг тупроғи олиб келинди ва Ём қишлоғи қабристонида унга рамзий қабр қўйилди.

    Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил бўлди. Ватан ҳимояси учун жанг қилган, азиз жонини фидо этган аскарлар номи ва руҳи мангуликка дахлдор.

    Абдусаттор СОДИҚОВ,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates