Тадбирда ТуркПАга аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, шунингдек, ТуркПАнинг кузатувчи аъзолари делегатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар «яшил» иқтисодий ўсишни таъминлаш, яшил энергияни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бу борада парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ялпи мажлисда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати Раиси «яшил кун тартиби» бўйича парламентлар даражасида ҳамкорлик кенг истиқболларга эга эканлигини алоҳида қайд этди.
Танзила Нарбаева йиғилиш мавзусининг долзарблигини таъкидлаб, парламентларнинг илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, тегишли қўмиталарнинг мунтазам ҳамкорлигини таъминлаш зарурлигига иштирокчилар эътиборини қаратди. Шунингдек, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматларга тақдим этиш амалиётини кенг жорий этиш бўйича фикрларини баён қилди.
Шунингдек, ялпи мажлисда қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги имкониятлар ва экологик тоза энергия ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти кўриб чиқилди. Бунда анъанавий энергия ресурсларига қарамликни камайтириш ва экологик нуқтайи назардан ижобий натижаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.
Иштирокчилар энергия хавфсизлиги масалаларини ҳал этишда «яшил энергия»дан фойдаланиш, замонавий технология ва инновацияларни қўллашни рағбатлантириш бўйича давлатлардаги ижобий тажрибаларни муҳокама қилдилар.
ТуркПА ХIII ялпи мажлиси якунлари бўйича Боку декларацияси қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.