Ўзбекистон Фанлар академияси жамоасига

    Ҳукумат 12 декабр 2023 3313

    Қадрли ватандошлар! Ҳурматли илм-фан соҳаси вакиллари!

    Аввало, сиз, азизларни – заҳматкаш олим ва академиклар, иқтидорли тадқиқотчилар, докторант ҳамда аспирантларни, юртимиздаги барча илмий ходимларни бугунги қутлуғ сана – Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    Улуғ аллома Маҳмуд Кошғарийнинг “Олимнинг ёстиғи тошдандир”, деган сўзларида илм аҳли изланиб, машаққат чекиб бўлса-да, доимо одамларга нур улашиб яшайди, деган ҳикмат мужассам эканини сизлар албатта яхши тушунасиз.

    Биз сизларнинг тимсолингизда бамисоли игна билан қудуқ қазиб, янги тадқиқот ва ишланмалар яратаётган, Янги Ўзбекистоннинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириб келаётган ана шундай фидойи инсонларни кўрамиз.

    Ушбу қутлуғ айёмда 80 йил мобайнида ғоят мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтган Ўзбекистон Фанлар академияси юртимизда юзлаб атоқли олим ва академикларни тарбиялаб, илм-фан соҳалари бўйича нуфузли илмий мактаблар яратишга катта ҳисса қўшганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

    Мустақиллик даврида, айниқса, кейинги йилларда сизлар ана шундай ютуқларни буюк аждодларимиз асос солган шонли анъаналарга уйғун ҳолда бойитиб, мамлакатимизда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқмоқдасиз.

    Академия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, унинг таркибида янги илмий ташкилотлар очилиб, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.

    Етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2 мартадан зиёд оширилгани, илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани буни тасдиқлайди.

    Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчилар учун имтиёзли асосда квартиралар ажратилди, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминланди.

    Академиянинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлиги кучайиб, улар билан биргаликда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар кўлами икки-уч баробар кенгайди.

    Стажёр-тадқиқотчилик институти қайта тикланиб, истеъдодли ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш сифати яхшиланди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган 30 мингдан ортиқ тадқиқотчиларнинг ярмидан ортиғини айнан ёшлар ташкил этаётгани соҳанинг келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.

    Азиз юртдошлар!

    Маълумки, миллий тарихимизда ёрқин из қолдирган биринчи ва иккинчи Ренессанслар замирида аввало илм-фан ютуқлари мужассамдир. Бугун биз барпо этаётган Учинчи Ренессанс пойдевори ҳам, ҳеч шубҳасиз, инсон капитали, илм-фан, инновация ва янги кашфиётлар асосида бунёд қилинади.

    Шу боис “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмалар яратиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб олдик. Хусусан, илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилга қадар 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта оширишни режалаштирганмиз.

    Бундай стратегик вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда сизлар каби илм-фан намояндаларининг улкан салоҳиятига таянамиз. Биз юртимиздаги барча олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам зарур куч ва имкониятларни ишга соламиз.

    Муҳтарам байрам иштирокчилари!

    Сизларни, сизларнинг тимсолингизда мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни бугунги қувончли айём билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

    Ғоят шарафли ва масъулиятли вазифаларни адо этишда сизларга куч-ғайрат, мустаҳкам саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқ ва омадлар тилайман.

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates