Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш истиқболлари, унинг иштирокчилари фаолиятига бағишланган тадбирда регуляторлар, маҳаллий банклар, инвестиция компаниялари, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари ва инфратузилма компанияларининг 200 дан ортиқ вакиллари қатнашди.
ЎзРВБ раҳбари Р. Усмонов “Ўзбекистон молия бозори: ривожланиш стратегияси ва тартибга солиш” мазусидаги пленар сессияда иштирок этиб, Ўзбекистонда биржа соҳасини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади ва инвесторларни жалб қилиш ва ликвидликни оширишга қаратилган стратегияларни тақдим этди.
Ўз нутқи давомида ЎзРВБ раҳбари ташкилотнинг асосий ютуқлари, хусусан, биржа инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тартибга солиш муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар хақида сўзлади. Ушбу қадамлар инвесторларнинг ишончини оширишга ва мамлакат молия бозорларидаги фаолликни рағбатлантиришга кўмаклашади.
Ушбу конференция каби тематик тадбирлар молия бозоридаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш имконини беради. Конференция доирасида ЎзРВБ вакиллари қатор хорижий молия институтлари ва инвестиция компаниялари билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, биржа инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, ЎзРВБ бозорларига хорижий инвесторларни жалб қилиш юзасидан фикр алмашди.
ЎзРВБ Бош директори ва биржа вакилларининг CBonds конференциясида иштирок этиши Ўзбекистоннинг бутун биржа бозорини ривожлантириш ва унинг жаҳон молиявий майдонидаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир.