Ўзбекистон Республикаси Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида иштирок этди

    Ҳукумат 10 декабр 2021 3831

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

    Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган саммитда Кенгаш Фахрий раиси, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат - Куба Республикаси Президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

    Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, жумладан, иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт, божхона маъмуриятчилиги, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

    Ўзбекистон Президенти ўз нутқининг аввалида Қозоғистоннинг ЕОИИдаги раислиги муваффақиятли бўлгани ва унинг ташаббуси билан Бирлашма доирасида муҳим қарорлар қабул қилинганини таъкидлаб, Қозоғистон мамлакатимиз ва Ташкилот ўртасидаги конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирларни қўллаб-қувватлаганини алоҳида қайд этди.

    Ўзбекистон ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат сифатидаги иштирокини бошлаганидан ўтган бир йил мобайнида уч йиллик Чора-тадбирлар режаси доирасида Бирлашманинг турли органлари, энг аввало, Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.

    Миллий қонунчиликни ЕОИИ нормаларига, биринчи навбатда стандартлаштириш ва ташқи савдони нотариф тартибга солиш соҳаларида яқинлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Мамлакатимиз “COVIDсиз саёҳат қиламан” рақамли платформасига уланди. Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш жараёни бошланди.

    Бугунги даврнинг қийинчиликларига қарамай, мураккаб шароитларга мослашиш ва янги “ўсиш нуқталари”ни топишга муваффақ бўлинаётгани қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ташкилот мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан 30 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 11 фоизга ортди.

    Президентимиз қўшма қарорлар қабул қилишни тақозо этаётган энг долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.

    Иқтисодий алоқаларни барқарор ривожлантириш учун ёндашувларни янада мувофиқлаштириш зарурлигини қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш муҳим эканини таъкидлади. Шу муносабат билан юртимиз ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун энг қулай шароитлар яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлиги билдирилди.

    Давлатимиз раҳбари саноат кооперациясини мустаҳкамлашнинг долзарб аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб, бу борада, шу жумладан Ташкилот доирасида Индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этиш орқали ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

    Президентимиз янги транспорт йўлакларини яратишга қаратилган, мамлакатларимиз транзит салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни янада фаолроқ илгари суришга чақирди.

    Ўзбекистон юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий қилиш дастурига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди. ЕОИИ логистика занжирларини ривожлантириш рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.

    Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистон юқори даражадаги Ишчи гуруҳи фаолиятида иштирок этишга тайёр эканини билдирди ҳамда унинг доирасида “яшил” тараққиёт соҳасида Чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этди.

    IT соҳасида тажриба алмашиш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди ва шу муносабат билан навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

    Кузатувчи давлатларни Евроосиё маконидаги долзарб ташаббуслар ва кооперация дастурларини амалга оширишга янада фаол жалб этиш, шунингдек, илмий-техник ва гуманитар алмашинувларни рағбатлантириш зарур экани таъкидланди. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ЕОИИ Тараққиёт маркази имкониятларидан фойдаланишни ҳамда кузатувчи мамлакатларнинг Кенгаш ва ЕИК органлари ишида иштирок этишини таклиф этди.

    Президентимиз нутқининг якунида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates