Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоридир

    Ҳукумат 24 июл 2022 7202

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни қатор хорижий мамлакатларнинг давлат раҳбарлари ва нуфузли сиёсатчилари билан телефон орқали мулоқот қилди.

    Хорижий ҳамкорлар давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, Президентимизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамда аҳоли турмуш даражасини тубдан ошириш, демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва халқаро мавқеини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар стратегиясини амалга оширишда катта муваффақиятлар тилади.

    Ўзбекистон етакчисининг қисқа муддатда юртимизнинг жаҳон мамлакатлари ва кўп томонлама тузилмалари билан шериклик даражасини сезиларли ошириш, уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилган прагматик ва фаол ташқи сиёсати алоҳида қайд этилди.

    Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, бўлажак саммитлар, шу жумладан ШХТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмаларнинг йиғилишларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

    Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президентимиз раҳбарлигида иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлидан муваффақиятли бораётгани, халқаро масалаларда конструктив роль ўйнаётганини алоҳида таъкидлади.

    Шунингдек, у куни кеча Шавкат Мирзиёевни дўстлик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Россиянинг юксак давлат мукофоти – Александр Невский ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзоланганини хабар қилди.

    Мулоқот чоғида Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Ҳукуматлараро даражада йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик механизмлари доирасида, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори суръатини таъминлаш ва устувор кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида биргаликдаги фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

    Ўзбекистон ва Россия етакчилари ҳудудлар ўртасидаги самарали алоқалар ва алмашинувларни ҳам мамнуният билан қайд этиб, уларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидладилар.

    Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған телефон орқали мулоқотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

    Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

    Олий даражада эришилган, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда гуманитар алмашинувни фаоллаштириш борасидаги келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжоннинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари даражасида кўп томонлама маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш ташаббусининг амалий аҳамияти қайд этилди.

    Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши барқарор ўсиш кафолати бўлиб хизмат қилиши, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича юксак мақсад ва вазифалар тез фурсатда рўёбга чиқишига ишонч билдирди.

    Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

    Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

    Бундан ташқари, минтақада йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    «Янги Ўзбекистоннинг барпо этилиши ва ривожланиши, мамлакатда бугун амалга оширилаётган туб ислоҳотлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ», деди Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров.

    Мулоқотда бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

    Икки мамлакат ҳукуматлари савдо шартномалари ва саноат кооперацияси битимларининг янги тўпламини, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари бўйича бошқа икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаши муҳимлиги қайд этилди.

    Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

    Ўзбекистон етакчиси Қирғизистон Президентини жорий йил 20-21 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.

    Телефон орқали мулоқотда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдаги алоҳида хизматларини қайд этди.

    Жорий йил 2-3 июнь кунлари Тожикистон Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувларни бажариш бўйича “йўл харитаси”ни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

    Энг аввало энергетика соҳасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

    Жорий йил сентябрь ойида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

    Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида кўп йиллардан буён жадал ривожланиб келаётган дўстлик ва биродарлик муносабатлари кейинги пайтларда янги мазмун билан бойиганини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бу Ўзбекистон Президентининг икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратаётган алоҳида эътибори ва улкан шахсий ҳиссаси туфайлидир.

    Жорий йил 14-15 июль кунлари Туркманистон Президенти мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифининг самарали якунлари юқори баҳоланди. Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида эришилган келишувларни, шу жумладан Саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастурни, Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш лойиҳасини, биринчи Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши якунида имзоланган савдо шартномалари ва битимларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

    Самарали йўлга қўйилган парламентлараро мулоқот доирасида олиб борилаётган фаол алоқалар ва алмашинувлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

    «Ўзбекистон равнақ топаётган, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил бораётган, халқаро майдонда ҳурмат-эътибор қозонган мамлакатга айланди. Биродар Ўзбекистоннинг муваффақиятларидан Озарбайжон Республикаси чин дилдан хурсанд», деди Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев.

    Президентлар жорий йил 21-22 июнь кунлари мамлакатимизда ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув ва тадбирларнинг сермаҳсул натижаларини юқори баҳоладилар.

    Ўзбекистон-Озарбайжон музокаралари якунида қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

    Ҳукуматлар ва идоралар даражасида фаол мулоқотлар ва алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш суръатлари юқори ва барқарор экани, кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича биргаликда самарали ишланаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

    Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко “миллий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар мисли кўрилмаган даражада бўлган бугунги давримизда кучли ва доно раҳбарликка эҳтиёж айниқса долзарбдир. Давлат манфаатларига содиқлик, масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлик Ўзбекистоннинг ҳақиқий етакчисига хос фазилатлардир”, деб алоҳида таъкидлади.

    Суҳбат чоғида Президентлар кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари жадал ривожланиб, аниқ мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

    Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошмоқда, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинув кенгаймоқда.

    Ҳукуматлар раҳбарлари даражасида мунтазам ва самарали мулоқот йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. Машинасозлик, агросаноат мажмуи, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, амалий ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

    Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан телефон орқали мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

    Яқин ва самарали парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бу Ўзбекистон-Россия дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

    Минтақавий ҳамкорлик доирасида жорий йил май ойида Ашхобод шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг парламентлараро форуми муваффақиятли ўтказилди. Октябрь ойида Тошкент шаҳрида МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

    Ўзбекистон етакчиси икки мамлакат парламентлари ўртасида яқин ва сермаҳсул ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

    Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбари биродар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади.

    Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

    Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Шу йилнинг 20-21 июль кунлари Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг якунларига юксак баҳо берилди.

    *****

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига нуфузли глобал ташкилотлар раҳбарлари ва хорижий етакчилардан қутловлар келган.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакат муҳим ислоҳотлар жараёнини амалга ошириш билан бир қаторда иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ўзаро боғлиқлик борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшмоқда».

    Бош котиб Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммасига алоҳида мажбурият олганини қайд этди.

    «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан буён ҳам БМТ низомида мустаҳкамлаб қўйилган қадрият ва принципларни илгари суришда Ўзбекистон Республикасига таянади», дейилади энг нуфузли глобал институт Бош котибининг мактубида.

    Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўз табрикномасида «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда турли соҳалардаги янгиланишлар дадил амалга оширилмоқда ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш ишлари кенг қулоч ёзмоқда, бундан эса Хитой томони жуда мамнун», деб таъкидлаган.

    «Жорий йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Ўттиз йил давомида Хитой-Ўзбекистон муносабатлари узлуксиз ривожланиб, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

    Жорий йил февраль ойида Пекинда сермаҳсул учрашув ўтказдик ва икки томонлама муносабатларни янги тарихий воқелик шароитларида илгари суриш бўйича муҳим келишувларга эришдик.

    Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ва Сиз билан ўртамиздаги мустаҳкам дўстликни қадрлайман. Икки мамлакат ва халқ фаровонлиги йўлида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга биргаликда ҳаракат қилишга тайёрман», деб таъкидлаган Раис Си Цзиньпин.

    *****

    Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:

    Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;

    Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян;

    Мўғулистон Президенти Ухаагийн Хурэлсух;

    Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;

    Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин;

    Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши Раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев;

    Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян;

    Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;

    Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев;

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин;

    Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев;

    Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович;

    Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим;

    Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили.

    Қутловлар келиши давом этмоқда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates