Сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.
Фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51-53 миллиард куб метрни, жумладан, 97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи эса ер остидан фойдаланиб, ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.
Республикада 2020-2030 йилларда аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига бозор тамойиллари ва механизмларини ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Концепциянинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
сув ресурсларини прогнозлаштириш, уларнинг ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлаш;
сув хўжалиги объектларини (ичимлик ва оқова сув тизимидан ташқари) модернизация қилиш ва ривожлантириш, йирик сув хўжалиги объектларини бошқаришни рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш, электр энергияси ва бошқа ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш;
сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда “Smart Water” (“Ақлли сув”) ва шу каби рақамли технологияларни жорий қилиш;
қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларининг жорий қилинишини янада кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш, ушбу соҳага хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш, ерларнинг унумдорлигини оширишга кўмаклашиш, тупроқнинг шўрланиш даражасини пасайтириш ва унинг олдини олиш бўйича самарали технологияларни қўллаш;
сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини, жумладан, сувни етказиш харажатларининг бир қисмини босқичма-босқич сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тизимини жорий қилиш, тушган маблағларни сув хўжалиги объектларини ўз вақтида сифатли таъмирлаш-тиклаш, рақамли технологияларни жорий қилиш ҳамда самарали бошқаришга йўналтириш;
сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш ҳамда тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш;
сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий қилиш, аҳолини сув билан кафолатли таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига сувни барқарор етказиб бериш, сувнинг сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитнинг экологик мувозанатини сақлаш;
трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ўзаро мақбул механизмларини ва сувдан самарали фойдаланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда илгари суриш;
сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш.
Концепцияни унинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳар уч йилда тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиялари орқали босқичма-босқич амалга ошириш белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Концепцияда белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш орқали 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришишни таъминласин:
суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” (“Ақлли сув”) сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
а) бир ой муддатда мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги тизимидаги республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларга ажратилган умумий чекланган ходимлар сони доирасида 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этсин ҳамда хорижий экспертлар жалб этилишини таъминласин.
Хорижий экспертларни жалб этиш вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин;
б) сув хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларини шакллантиришда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан маблағ жалб этишда давлат ташқи қарзи учун ўрнатиладиган йиллик меъёрлар доирасида белгиланган тартибда таклифларни киритиб борсин;
в) халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлиги бўйича ҳар йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
5. Қишлоқ хўжалиги экин ерларини ўз балансига олган кластерларга ушбу ерларда жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини қишлоқ хўжалиги ер эгаларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар асосида амалга оширилишига рухсат берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Сув хўжалиги вазирлиги балансида бўлган сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга бериш бўйича объектлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини босқичма-босқич камайтириш ҳамда сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини, аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобидан тежаладиган маблағлар сув иншоотларини модернизация қилиш, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш ва ходимларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич оширишга йўналтирилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар сув хўжалиги тизимидаги раҳбар ва мутахассис ходимларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, бунда:
узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш шакллари, тартиби ва босқичларини, шунингдек, молиялаштириш манбаини аниқ белгилаш;
сув хўжалиги раҳбар ходимларини узлуксиз равишда малакасини ошириб бориш ва аттестациядан ўтказиш, уларга мунтазам равишда касбий ўзини ўзи ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш мезонлари инобатга олинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:
Концепциянинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликлар ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотларини ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармон мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 10 июль