Ўзбекистонда халқ ташаббуси асосида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсадлари ва аҳамияти билан боғлиқ масалалар мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Таиланд парламенти таркибида парламентлараро дўстлик гуруҳини тузиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таркибида ташкил этилган Таиланд Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, учрашув чоғида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегациясининг жорий йил 26-29 октябрь кунлари Бангкок шаҳрида ўтказиладиган Осиё-Тинч океани парламент форуми (APPF) 30-сессиясида кузатувчи сифатида иштирок этиши масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Чуан Ликпай Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида тарихан қисқа вақт оралиғида Ўзбекистон эришган муваффақиятларга, хусусан, парламентнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги ўрнини ошириш борасида эришган муваффақиятларига юқори баҳо берди.
У конституциявий ислоҳотлар ҳар доим осон бўлмаслиги, шу билан бирга, демократияга эришиш йўлида давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгаришлар қабул қилиниши табиий жараён ва зарурат эканлигини таъкидлади.
Ч.Ликпай парламентлараро ҳамкорлик гуруҳини тузиш масаласини ижобий баҳолар экан, Қиролликда ўтказилиши режалаштирилаётган парламент сайловларидан сўнг Таиланд парламенти депутатларининг янгиланган таркиби билан парламентлараро дўстлик гуруҳини тузишга шахсан ёрдам беришини маълум қилди.
Учрашув якунида Таиланд Миллий Ассамблеяси Президенти Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Н.Норбоева ва Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловга ўзининг қизғин саломларини йўллади.
Шунингдек, Олий Мажлис делегациясининг Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари даражасида Таиланд мезбонлик қилаётган Осиё-Тинч океани парламентлар форуми (АППФ) 30-сессиясидаги иштироки парламентлараро ҳамкорликнинг янги босқичига олиб чиқишига умид билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.