Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ҳикматлари

    “Назаримда ҳозир одам телевизор, компьютер, телефон, яна аллабалолар қуршовида қолган. Ҳаммаси найзасини ўқталиб турибди. Одамга озгина эътибор, меҳр улашиш ҳам керак!”

    Фарғонада вилоят ҳокимлиги ва Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорликда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хотираси ва ижодий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Миср давлатларидан меҳмонлар, шоирнинг оила-аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Ижодий анжуманда иштирок этиш асносида ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, севимли болалар адибининг мен билган ва билмаган жиҳатларини яна бир бор кашф этгандек бўлдим. Фикрлар, хотиралар уйғонди.

    Кўпчиликнинг тасаввурида Анвар Обиджон болалар шоири, ёзувчиси ва драматурги сифатида муҳрланиб қолган. Тўғри, бунинг ўзига яраша асослари мавжуд. Аммо Анвар Обиджон катталар учун ҳам ажойиб асарлар ёзиб қолдирганини эътироф этмоқ жоиз. Айниқса, шеъриятимиз учун ўзига хос янгиланиш бўлган игнабарг ва уччаноқлар замиридаги маъно-моҳият шоир бадиий оламининг энг яхши намуналари саналади. Уларни рус шеъриятидаги моностих, трехстиший, турк учлеме ва бирлери, япон хайкуси, корейс сичжоси, испан грегерияси, тува ожук дажеси билан солиштириб чиққач, Анвар Обиджон шу жанрлари билан жаҳон шеъриятининг етук вакилларидан эканлигига амин бўлдим. Уларда одам ва олам муносабатининг нозик қирралари, инжа кечинмаларнинг гўзал ифодаси, ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларини уқиш мумкин. Игнабарг, уччаноқлар бошқа шу типдаги шакллар билан ўхшашдек кўринса-да, улардаги бадиий ифода усуллари ва шоиримизга хос бўлган фикрлаш тарзи мазкур жанрларнинг ўзак белгиси сифатида кўрсатилган. Чунки Анвар аканинг фикрлаш тарзи, дунёқараши бошқача эди. Қатор суҳбатларда бу нарсани кузатдим ва баъзиларини кундалик тарзида қайд этиб бордим.

    Ўша куни тунда ёғиб ўтган ёмғир ҳавони тозалаган, шунинг учун тонгги ҳаво мусаффо эди. Дам олиш куни, бунинг устига эрталаб бўлгани учун кўча ҳам нисбатан сокин эди. Бўлажак учрашувни ўйлаб, зарур мавзуларни, сўрайдиган нарсаларимни хаёлдан ўтказиб олгач, Юнусободга, Анвар аканинг уйига йўл олдим.

    Анвар ака ҳар галгидек очиқ чеҳра ва катта қувонч билан кутиб олди. Телевизорда Франция билан қайсидир миллий терма команда 2018 йилги жаҳон чемпионати финалига чиқиш учун гуруҳ босқичида олиб борган учрашувни такроран берилаётган экан. Аслида ўйин тунда бўлган. Мен меҳмонхонада бўлганлигим учун уни кўролмаган эдим. Анвар ака ҳам футбол ишқибози эди. Ўйинни яна кўраётганди. Бу орада дастурхон ёзилди. Янги пиширилган сомса, суюқ овқат келтиришди. Шу куни футбол ёки таомлар эмас, айнан Анвар Обиджоннинг ўзига хос ҳаётий фалсафаси, ҳикматлари ёдимда қолди.

    Биринчиси, Анвар аканинг охирги чиққан ва анча шов-шовларга сабаб бўлган “Ажинаси бор йўллар” номли мемуар асари устида айтилган. Мен уни хронологик жиҳатдан юз эллик йилдан ортиқ вақтни қамраб олгани, тасвир кўлами ҳам кенглигини инобатга олиб, роман-хроника дейиш мумкинлигини айтдим. Чунки асарда Анвар ака ўз оиласи тарихи мисолида халқ ҳаётининг охирги икки асрдаги қисматини аниқ биографик фактлар ёрдамида тасвирлаб берган эди. Кўплаб далиллар аниқ бўлиб, оила учун сирдек туюлган ҳарактер-хусусиятларни ҳам дадиллик билан очиб ташланган эди.

    Бу гапимга жавобан муаллиф шундай деди: “Кўпчилик оиладаги баъзи нарсаларни, ҳарактернинг ярқ этган қирраларини, ўқиб, ёзган билан нима бўларди, уларни ёзмаслик керак дейишади. Лекин менинг муҳитим шундай эдики, уни ёзмаслик мумкин эмас. Балки шу муҳит туфайли шоир бўлгандирман. Ҳатто, Тошкентдан келганимда онам (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) телевизор кўриб ўтирарди. У пайтларда кинолар русча қўйиларди. Тилни тушунмаса ҳам воқеани англарди, тушуниб олгач, қаҳрамонларга ачиниб, кинодан таъсирланиб ўтираверар эди. Укамлардан бири акам Тошкентдан Сизни кўргани келди, бир пас гаплашиб ўтиринг деса ҳам, аввал кинони охиригача кўриб, сўнг чиқишарди”.

    Анвар Обиджон шу гапларни айтар экан томоғига нимадир тиқилгандек, томоқ қириб олди. Буни мен ўзимча, шоирнинг армон ва алам билан ичидан келаётган фарёди, деб тушундим. Бироз тўхтагач, яна давом этди.

    “Назаримда ҳозир одам телевизор, компьютер, телефон, яна аллабалолар қуршовида қолган. Ҳаммаси найзасини ўқталиб турибди. Одамга озгина эътибор, меҳр улашиш ҳам керак!”

    Эътибор қилинса, мазкур мулоҳазаларда санъаткорнинг ҳаётий тамойили, ижодининг асослари ётганига амин бўласан, киши.

    Шундан кейин суҳбат мавзуси бироз ўзгарди. Мен ҳам мезбонга бир-икки фикр айтгандек бўлдим. Жамиятдаги маънавий қашшоқликни Қабардин-Болқориялик, асли келиб чиқиши Эрон озарбойнидан бўлган, лекин рус тилида асарлар битган адиб Фозил Искандар (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) “ёввойилик” деб атаганини эслатдим.

    Шундан кейин Анвар Обиджон яна узоқ гапирди. Қишлоқ хўжалигидаги қинғир ишлар, фермерлик ҳаракатига оид ислоҳотларнинг самара бериб, бермаётгани, халқимиз маънавий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида, оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари ҳақида сўзлади. Буни зарур одамларга ётиғи билан тушунтириш лозимлигини, бироқ баъзи мутасаддилар бу гапларни тўғри тушунмай, дарҳол ёмонотлиқ қилиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

    Мезбон гапирар экан бармоқлари учларини бир-бирига теккизиб олиб, секин, чин дилдан, гоҳ қувониб, гоҳ эса бироз армонли оҳангда гапирар, сўзлашиш ритми ҳам ўзига хос бўлиб, овозида болаларча самимийлик сезилиб турарди. Баъзан чордона қуриб ўтирарди. Бироздан кейин эса тиззасининг биттасини кўкрагига тираб оларди. Орада кичик неварасининг гапларига ҳам эринмасдан жавоб берарди. Ора-ора туриб чекарди ҳам.

    Шундан кейин яна шеърият мавзусига қайтдик, игнабарг ва уччаноқлар мазмуни, улар реал воқеликнинг штрихлари эканлигини, бадиий структура ўқувчи хаёлида тикланиши ва бу ассоциатив тафаккур тарзи эканлиги, шу орқали ўқувчи онгига яқинлашиш мумкинлиги ҳақида баҳс юритдик. Замонавий шеъриятдаги, айниқса, шоирлик мартабасининг пасайиб бораётганини таъкидлар экан, Анвар ака сўзга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишликни, ҳар бирини мунчоқни тизгандек тизиш учун дид ва фаросат лозимлигини жиддий уқдирди. Ҳар бир сўз сандонга урилган темирчи болғасидек жарангдор, мазмунли ва самарали бўлиши керак, деган фикрни айтишди. Шу ерда унинг етук назариётчи эканлиги ҳам кўринади. Агар у бадиий сўз моҳиятини теран англаганда, бир қаторли шеърда романга тенг муаммони ёрита олармиди? Эътибор қилинг-а: “Қармоқ солсам, кулфат илинди”, “Омин, Ғарбга йиқил теракжон!” каби игнабарг шеърлар мазмунида бутун бошли жамият, мамлакатлар фожеаси сиқиқ тарзда ёритилган. Эркли мушук қучоқда ётмас шеърини шахс эрки, озодлик ҳақида гап кетганда, бирор одамга зулм қилинганда, юз берадиган исёнда айтилиши мумкин.

    Бу туркумдаги шеърлар ҳам лирик қаҳрамоннинг мурожаат объектига нисбатан эса ички диалог ёки монолог кўринишларда бўлиши мумкин. Масалан, Шоҳ бўлолгай, шоир бўлолмас шеърида ички диалоглилик хусусияти юқоридир. Унда лирик воқелик қаҳрамоннинг ўз-ўзи ёки бирор ҳамсуҳбати (эҳтимол, севгилиси ёки рақиби) билан ғойибона фикрлашуви, тортишуви асосига қурилиши сезилиб туради. Қуйидаги игнабарг шеър афористик хусусиятга эга: Инсон ўлди. Туғилди қабр. Бу ердаги қабр инсон умри ўрнига туғилган бўлиб, унинг мавжудлиги инсон умрига якун сифатида келтирилган. Шунинг учун қабристон бизга сокинлик беради, кишни ҳикматга ўргатади.

    “Қабримга ҳам занжир ўраманг” шеъри лирик қаҳрамоннинг моҳиятини “қабр”ва “занжир” сўзлари очиб берган. Чунки бу икки сўз бадиий эстетик нуқтаи назардан салбий маъно қирраларига эга. Лекин у нейтрал ҳолатда турибди. Шеърнинг айнан теран кечинма, азоб, изтиробли бўлганлигига морфологик воситалар -им, -манг қўшимчалари катта ҳисса қўшган. Чунки одатда “қабрим” сўзи кам ишлатилади. Лекин лирик қаҳрамон ишлатяпти. Бу унинг ҳозирги, яъни сўзлаётган чоғи ва унгача, ундан кейинги ҳаёти ҳақидаги бадиий информацияни етказяпти. Лекин бу информация “ўраманг” сўзисиз етук ва мукаммал бўлмайди. Чунки айнан шу сўз шеър мазмунига аниқ чегара ва маъно киритган. Шоир метафорик тафаккур ва ассоциативлилик ёрдамида маънавий зулмнинг тасвирини берган. Тириклигида уни эркин сўз айтишган чеклаган жамият вакилларига ҳеч бўлмаганда, вафотимдан сўнг мени тинч қўйингларн, дея нидо қилаётгандек. Айнан ассоциатив фикрлаш натижасида қабрга занжир ўраш одати қабр эгасига ҳурмат маъносини англатса, кейин яхши гапириб, қулликка олиб бориш, зулм маъносини юзага чиқарган. Лирик субъект ўзининг бўғилган ҳаёти, азоб, машаққат, ҳақсизликлари ўлим билан тугамаслигини билади. Бу зулмкорларнинг ўта шафқатсиз эканини ҳам очяпти.

    Хуллас, ўша куни Анвар Обиджонда жамиятни адолатли бўлиши, кишилар бир-бирларига меҳр улашишлари шартлиги, ҳар қандай муаммони катталар билан бамаслаҳат ҳал этиш лозимлигини, энг муҳими, суҳбатдош билан самимий, очиқ муносабатда бўлишни ўзига хос ҳикмат сифатида кўрдим.

    Қаҳҳоржон Йўлчиев,

    филология фанлари доктори, ФарДУдоценти

    Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates