Ўзбекистон халқига янги йил табриги

    Ҳукумат 1 январ 2021 13464

    Муҳтарам ватандошлар! Бетакрор диёримизга янги – 2021 йил кириб келмоқда.

    Сиз азизларни, мўътабар нуронийларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимизни – кўп миллатли бутун халқимизни ушбу гўзал айём билан чин қалбимдан табриклайман.

    Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва фаровонлик тилайман.

    Азиз дўстлар!

    Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2020 йил бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Коронавирус пандемияси, глобал инқироз инсониятни жиддий синовдан ўтказмоқда.

    Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мард ва олижаноб халқимизнинг матонати, фидокорона меҳнати билан барча соҳаларда катта ўзгаришларни амалга оширдик.

    Иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларини ривожлантиришга эришдик. Юқори технологияларга асосланган ўнлаб янги корхоналар, транспорт тизимлари ишга туширилди. Замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, боғча ва мактаблар, шифохоналар, маданият ва санъат, спорт масканларини барпо этдик.

    Миришкор деҳқон ва фермерларимиз барча қийинчиликларни мардона енгиб, мўл ҳосил етиштирдилар. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада кенг имкониятлар очилди. Йил давомида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун минглаб янги иш ўринлари яратилди.

    Ўтиб бораётган йил жамиятимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида ҳам муҳим воқеаларга бой бўлди.

    Хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорликни янада кучайтирдик. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

    Қадрли юртдошлар!

    Биз кириб келаётган 2021 йилга яхши ният ва катта режалар билан Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб ном бердик.

    Янги йилда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда бошлаган кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз.

    Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

    Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият берамиз.

    Азиз ёшларимиз, меҳнаткаш ва оқила опа-сингилларимиз, муҳтарам кексаларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади. Соғлиқни сақлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари янги босқичга кўтарилади.

    2021 йилда давлатимиз мустақиллигига 30 йил тўлади. Ушбу шонли санани, иншооллоҳ, барчамиз биргаликда муносиб нишонлаймиз.

    Янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган улкан ишларимизни қатъий давом эттирамиз.

    Азиз ватандошларим, қадрдонларим!

    Шу гўзал оқшомда барчамизнинг ниятимиз, тилагимиз битта:

    юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон мурод-мақсадига етсин!

    Жонажон Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнасин, дунёмиз тинч бўлсин!

    Кириб келаётган 2021 йил она диёримизга файзу барака, янги ютуқ ва зафарлар олиб келсин!

    Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

    Шавкат МИРЗИЁЕВ,
    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates