Ўзбекистонда 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади

    Юртимизда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ишлари бундан беш йил олдин бошланган эди.

    Аҳолини рўйхатга олиш умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи. Бунинг натижасида аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, таълим даражаси, бандлиги, ёши, жинси, миллий таркиби, ҳудудларда жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик масалалар тўғрисида тўлиқ маълумотлар йиғилади.

    Аҳолини рўйхатга олиш маълум бир санада ўтказилиб турувчи жараёндир. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш 2025-2026 йилларга мўлжалланяпти. Бу ҳақда 2024 йил 4 март куни Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича йўл харитасида кўриш мумкин. Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

    Қарорга мувофиқ, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш қуйидаги тартибда ташкил этилади. Биринчидан, 2024-2025 йилларда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўрилади. Бунда унинг мазмун-моҳиятини оммага тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрланади. 2021 йилда синов тариқасида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида тайёрланган саволномалар шакллари, “Аҳолини рўйхатга олиш” ахборот тизими такомиллаштирилади, “STATA” амалий дастурий пакети лицензияси харид қилиниб, унда рўйхатга олиш натижаларини акс эттирувчи жадвалларнинг намуналари шакллантирилади ҳамда тадбирнинг ташкилий режаси ишлаб чиқилади.

    Иккинчидан, 2025-2026 йилларда республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ишлари амалга оширилади. Учинчидан, 2026-2027 йилларда аҳолини рўйхатга олиш натижалари тайёрланади ва расман эълон қилинади.

    Юртимизда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ишлари бундан беш йил олдин бошланган эди. Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, бу жараённи 2022 йилда ўтказиш белгиланган. 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси сабабли тадбирни ўтказиш 2023 йилга кўчирилди. Кейинчалик бу муддат ҳам айрим сабабларга кўра ортга сурилди. Лекин аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик тўхтаб қолгани йўқ, аксинча, белгиланган тартибда давом эттириб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида аҳолини рўйхатга олишнинг махсус веб-сайти (aholi.stat.uz) амалиётга жорий қилинди. Ўтказилган очиқ танлов асосида аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг логотипи ва шиори (“Янги Ўзбекистоннинг бир қисми бўл!”) тайёрланди.

    БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда бу соҳадаги илғор давлатларнинг тажрибалари асосида аҳолини рўйхатга олишнинг норматив-ҳуқуқий ва услубий асослари ишлаб чиқилди. Жумладан, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, 2020 йил 16 март куни қабул қилинди. Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва натижаларини шакллантириш имконини берувчи “Аҳолини рўйхатга олиш” ахборот тизими амалиётга жорий қилинди. Энди у янада такомиллаштирилади.

    Айтиш жоизки, аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради. Шунингдек, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради. Ушбу маълумотлар аҳолининг истиқболдаги ҳисоб-китоблари ва яқин йилларда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг устувор йўналишларини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

    Натижалар эса ҳудудларни ривожлантириш, аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича ишларнинг манзилли амалга оширилиши учун ҳам ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2025−2026 йилларда ўтказилиши, натижалар эса 2026−2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши белгиланган.

    Камол ЖАМОЛОВ,

    Миробод тумани Статистика бўлими бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates