Ўзбекистонлик деган номга муносиблик масъулияти

    Фикр 30 декабр 2023 1063

    Инсонга одамийлик шарафини берган ва уни онгсизликдан ажратиб турувчи бир олий сарҳад борки, унинг номи маънавиятдир. Миллатнинг тараққиёти, халқнинг мафкуравий қиёфасини акс эттирувчи бу буюк куч ёшу қари, каттаю кичикни ягона мақсад остида бирлаштириш қудратига эга.

    Зеро, янги Ўзбекистонни яратиш ғояси ҳам, Ватан ва халқ бирлигига ишонч ҳам маънавий илдизлардан куртак отгани рост. Маънавият бор экан, инсон ва борлиқ ҳақиқатни ўз суратида, ўз рангларида кўра олади. Офтобни беркитиб бўлмагани каби маънавий тафаккур кўзгусини ҳам яшириб бўлмайди. Зулматни бир парча нур билан нурафшон этувчи, жаҳолатни чилпарчин қилувчи маънавият турли курашларга юз тутади.

    Жаҳолат аҳли маънавиятни, илм зиёсини сингдирмайди, эзгулик қиёфасини асло кўра олмайди. Манфаатлар тўқнашади, бу тўқнашувлар, курашлар қадимдан бўлган, бугун ҳам давом этмоқда. Лекин эртага бўлмаслиги учун биз жавобгармиз. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларимизнинг ўз эгаси бор... Мана шу ўйлар, шу ўртанишлар давлат етакчисининг фикру ёдида, туну кун нигоҳида, ҳар бир ислоҳотида, юритаётган сиёсатида мужассам.

    Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам шу қарашлар ўртага ташланди, жиддий ва уйғоқ саволлар қўйилди, маънавият аҳли мулоҳазага чорланди. Тўғри, мамлакатда маънавий-маърифий, маданий ҳаёт жуда тез тараққий эта бошлади. Инсонларнинг мақсади, умиди, эртанги режалари ўзгарди, китобхонлик кўнгилга сиға бошлади, ёшлар илмга қайтди. Иқтидор ва истеъдод эгалари ўз устида ишонч билан ишлай бошлади, театрлар жонланди. Ижод аҳли баландпарвоз қаламни ташлаб, кўнгил истагини ёза бошлади. Бироқ миллий тарақ­қиёт ортидан тушиб, қулай пайт пойлаб келаётган ёвуз кучлар, мафкуравий курашлар ҳам таҳдидлар кўриниши, шакл-шамойили, ранг-тусини ўзгартириб, инсоният онги ва шуурини эгаллаш учун фурсат кутмоқда.

    Давлатимиз раҳбари бу хавф-хатарлар қаршисида ҳам кучли сиёсий тажриба ва етук салоҳият билан халқимизга очиқ-ойдин йўл кўрсатмоқда. “Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган сўзлар моҳияти эса ўзини шу миллатнинг бир бўлаги деб билган, тақдирини шу эл билан боғлай олган, ўзбекистонлик деган номга муносиблик масъулиятини ҳис этаётган ҳар бир ватандошимиз қалбига кириб борган жадидона хитоб бўлди. Дарҳақиқат, бугун маънавият олдинда юриб, йўлимизни ёритмаса, эртага келажакнинг нигоҳи қоронғида теран бўлмайди.

    Йиғилишда ўзбек тилини ўқитиш самарадорлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Миллий сертификатга эга ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб, 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди. Қувонарлиси, ўзбек тили бўйича энди мамлакатимизда халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади. Бу оқилона қарорлар моҳиятида тил тарғиботчиларининг қадр-қимматини юксалтириш, пировардида ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тилининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболини асраш, она тилига эҳтиром орқали ёш авлод онгида ўзбек маънавияти ва маърифатига ҳурматни оширишдай улуғ мақсадлар турибди. Зотан, мамлакатни ёруғ манзилларга олиб чиқиш мақсади билан ёнган миллат ойдинлари — жадидларнинг бундан бир аср олдин “миллий тил”, “миллатнинг саводи” дея қайғургани бежиз эмас эди. Миллий онг уйғонган тонг миллий тилдаги мактаблардан, миллий руҳдаги қўшиқлардан ва миллий маънавият билан суғорилган театр­лардан бошланган.

    Жаҳолатга ундовчи кучлар англаб турганидек, бугунги ўзбек халқи кечаги халқ эмас. Миллий якдиллик, бирдамлик билан янги Ўзбекистонни қураётган халқнинг тафаккури ҳам, мафкураси ҳам энди янгича. Фарзандларимиз ҳам миллий якдиллик, маънавий теранлик, ўзликка садоқат, дунёга ўзбек бўлиб юзланиш бахтини чуқур ҳис этган. Демакки, бу йўлдан оғишмаймиз ва миллий қадриятлар руҳида тарбия топаётган етук кадрлар билан якдилликда янги Ўзбекистонни барпо этгувчи куч бўламиз.

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates