Ўзбекистоннинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури тасдиқланди

    Инвестициялар 1 январ 2023 2517

    Ўзбекистон Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

    Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

    Ҳужжат билан 2023-2025 йиллар учун Марказлашган ва марказлашмаган инвестицияларни ўзлаштиришнинг йиғма мақсадли кўрсаткичлари, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестиция ва кредитларни ўзлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

    Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларида амалга оширилаётган ишлар бўйича ойлик мониторинг ўрнатилиши ва уларнинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлайди.

    Дастур ижроси натижалари, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича комплекс тармоқ жадвалларининг бажарилиши ҳар ойда Президент Администрациясига киритиб борилади.

    Шунингдек, қарор билан 2023 йил учун қуйидагилар тасдиқланди:

    -инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастур;

    -ишга тушириладиган йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларининг манзилли рўйхати;

    -стратегик инвестиция лойиҳалари рўйхати;

    -Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида хорижий кредитлар жалб қилинган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

    -тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилинган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ва бошқалар.

    Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарорга мувофиқ иазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари - лойиҳалар ташаббускорларига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 20 январга қадар ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича уларни амалга оширишнинг ойлар кесимидаги комплекс тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

    Давлат ташқи қарзи жалб қилиниши режалаштирилаётган янги инвестиция лойиҳаларининг концепциялари ишлаб чиқилиб, 2023 йил 5 февралга қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритилиши лозим.