Ўзбекистоннинг МДҲда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим ташаббуслари

    Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга бағишланган 70 дан ортиқ муҳим кўп томонлама ҳужжатларнинг қабул қилиниши МДҲнинг ушбу даврдаги самарали фаолиятидан далолат беради.

    МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада 2020 йил тарихимизда муҳим из қолдирди. Жорий йилда Ўзбекистон МДҲга раислик қилишдек масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олди.

    Шу ўринда, Ўзбекистоннинг МДҲга раислик даври пандемия ва унинг салбий оқибатларига қарши кураш шароитига тўғри келганини таъкидлаш жоиз. Режалаштирилган тадбирларнинг кўп қисми янги ноодатий шароитларда ва онлайн форматларда бўлиб ўтди. Шунга қарамай, кескин вазиятда, ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажаришда ўзига хос салоҳиятни намойиш этди. Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга бағишланган 70 дан ортиқ муҳим кўп томонлама ҳужжатларнинг қабул қилиниши МДҲнинг ушбу даврдаги самарали фаолиятидан далолат беради. Шу билан бирга, ушбу йил давомида қабул қилинган ҳужжатларнинг кўп қисми дастурий характерга эга эканлиги билан ажралиб турди. Яъни, режалаштирилган тадбирлар аниқ кўрсатилган ҳолда дастурлар, стратегиялар ва йўл хариталари шаклида қабул қилинди.

    Яна бир жиҳат - Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ доирасидаги алоҳида шериклар билан бу йилги савдоси 20 фоиздан ошди. МДҲ доирасидаги Ўзбекистон фаолиятининг самарали эканлиги экспертларнинг юқори баҳоси билан ҳам тасдиқланади.

    Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон МДҲ доирасида иккита шартномага қўшилди. Булар -2006 йил 28 ноябрда Минск шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг гуманитар ҳамкорлик бўйича кенгаши тўғрисидаги битим;

    2008 йил 10 октябрда Бишкек шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг ҳудудлараро ва чегара олди ҳамкорлиги бўйича кенгаши тўғрисидаги битим. МДҲ доирасидаги ушбу янги келишувларга қўшилиш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Бундан ташқари, 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг ёшлар билан ишлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисида фармонни имзолади. Маълумки, Ўзбекистон БМТнинг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.Жорий йилда ушбу конвенция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ёшлар ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтди. МДҲнинг ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимига қўшилиш давлатимизнинг ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми ҳисобланади.

    Ушбу даврнинг энг муҳим натижаси МДҲнинг 2030 йилгача бўлган давр учун иқтисодий ривожланиш стратегиясининг қабул қилиниши бўлди. 29 май куни МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг видеоконференция орқали йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув доирасида МДҲнинг 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди, кейинчалик стратегия МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари томонидан маъқулланди.

    Стратегия кенг қамровли ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда ҳозирги пайтда “глобал иқтисодиёт юқори турбулентлик ва ноаниқлик билан ажралиб туриши” таъкидланган. Стратегия иштирокчи давлатлар ўртасида иқтисодий ўзаро алоқаларнинг 30 дан ортиқ йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлиги ва Ҳамдўстлик мамлакатлари фуқаролари фаровонлигини оширишни, унинг иштирокчи-давлатларининг жаҳон иқтисодий алоқаларида мавқеини мустаҳкамлашни назарда тутади. Стратегияни амалга ошириш икки босқичга (2021–2025 ва 2026–2030 йй.) бўлинган режалар асосида амалга оширилади.

    МДҲга раислик нафақат Ўзбекистоннинг имижи ва обрўсини мустаҳкамлади, давлатимизнинг ишончли халқаро шерик сифатида юқори салоҳиятини намойиш этди, балки МДҲ мақомини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшди. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишда муҳим қадам бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўртасидаги ҳамкорлик махсус резолюцияси 2020 йил 23 ноябрда Нью-Йоркдаги (АҚШ) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг штаб-квартирасида 75-сессия доирасида қабул қилинди. Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси нафақат МДҲ аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кучайтиришга, балки, МДҲни глобал даражада мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшди.

    18 декабр куни МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги якунларини сарҳисоб қилиб, келажакжа ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, иқтисодий соҳада қуйидаги чора-тадбирларни таклиф этди:

    - Ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини амалга ошириш, электрон тижоратни ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва “Йўл харитаси” ни қабул қилиш;

    - саноат кооперациясининг кенг қамровли дастурини ишлаб чиқиш

    ижтимоий соҳада:

    - санитария-эпидемиология тусдаги фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва уларга барвақт жавоб қайтаришнинг самарали тизимини шакллантириш;

    - ҳар йили оммавий спорт ва маданий тадбирларни ташкил этган ҳолда “МДҲ саломатлик марафони”ни ўтказиш.

    ҳуқуқий соҳада:

    - ҳуқуқий ахборот алмашиш учун МДҲнинг ягона электрон платформасини яратиш ва радикаллашувдан қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш.

    инсон ҳуқуқлари соҳасида:

    - меҳнат мигрантларининг ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш.

    маданият соҳасида:

    2021 йилда Тошкентда “Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш. Ушбу ташаббус БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ доирасида илгари сурилган - 2021 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумини ўтказиш тўғрисидаги яна бир ташаббусини мукаммал тарзда тўлдиради. Иккала ташаббус ҳам халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг маданий алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

    Шундай қилиб, Ўзбекистон COVID-19 коронавирус пандемиясига қарамай, МДҲга раислик қилиш концепциясини тўлиқ амалга оширди. МДҲ доирасида илгари сурилган Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

    Феруза ҲАМДАМОВА,

    ТДЮУ доценти в.б.,

    юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates