Ўзини ошкор қилмаган қашқадарёлик тадбиркор муҳтожларга 14 та янги уй совға қилди

    Ҳар бирига бир миллиард сўмдан  — жами ўн тўрт миллиард сўм сарфлаб, етти ёт бегоналарга ҳадя қилиш учун кишининг қалби дарё бўлиш керак.

    Дераза ойнасидаги сурат

    ... Ҳаётда инсон доим ўзи хоҳлаганидек бўлавермайди. Қанчалик уриниб-туртиниб, олдинга интилмасин, гоҳида кутилмаган тақдир зарбаси барчасини ўзгартириб юборади. Шундай пайтда бунга кўникиб яшашдан бошқа илож йўқ. Айниқса, турмуш ташвишларини енгиб ўтиш учун кишига кучли ирода керак бўлади.

    ...У оғир умр карвонининг ярмида қолиб кетаман, деб ўйлаганди. Шукрки, яхшилар кўмагида ҳаёти ижобий томонга ўзгарди.

    Наргиза опа шинам уйида ўтирганча буларни ўйларкан, қулоғига ҳовлида шодон ўйнаётган болаларининг овози эшитилиб, юзига табассум югурди. Дераза яқинига келиб, қувноқ ҳолда бир-бирига копток узатаётган ўғилларининг ҳаракатларини кузатаркан, негадир кўзларига ёш келди. Дераза ойнасига нимадир чизмоқчи бўлди. Лекин доимий одатга айланиб қолган уй суратини чизди. Мўъжазгина тасвирга термуларкан, хаёллари уни ўша машъум ўтган кунлари томон етаклади.

    ... Эртага нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмас экан. Наргиза ҳам вояга етиб, яхши оиланинг чиройли бекаси бўлиш орзусида мактабни тугатди. Аммо бахт қуши ҳа деганда бошига қўнавермади. Тақдир битигида биринчи аёли вафот этган кишига турмушга чиқиш ёзилган экан. На илож, кўникиб яшай бошлади. Бошида барчаси яхши эди. Эрининг олдинги аёлидан туғилган болаларини ўз фарзандидек кўрарди. Уларнинг кўнглини ўкситмасликка интилди. Кейинчалик ўзи ҳам фарзанд кўрди. Илк бор ўғлини бағрига босганида бу дунёда ундан бахтиёр она йўқ эди. Шундан сўнг оиласига меҳри янада ошди. Орадан икки йил ўтиб иккинчи ўғли дунёга келди.

    Маҳаллада энг иноқ оила сифатида эътироф этилиб, фаровон турмуш кечиришаётганди. Наргизанинг бир рўзғорни эплаб, турмуш ўртоғи кўнглини олиб, болаларини бировдан кам қилмай тарбиялаётгани ҳақиқатан кўпчиликка ўрнак эди. Минг афсуски, бу қувончли кунлар узоққа чўзилмади. Эрининг танасида давосиз дард пайдо бўлди. Хавотир остида қанча югуриб-елмасин барибир даво топиш мушкул кечди. Шундай бўлса-да, ортга чекинмай, аёл боши билан эрини қанчадан-қанча шифокорлар кўригига олиб борди. Аммо унинг умри қисқа экан, ҳаётдан эрта кетди...

    Ҳаммаси шундан сўнг бошланди

    Эрининг биринчи турмушидан аллақачон вояга етиб қолган фарзандлари негадир кейинги пайтда феъли айний бошлади. Отаси борида бирор марта тик қарай олмаган фарзандлар ўгай онаси билан бўлар-бўлмасга жанжал чиқарадиган одат чиқарди. Олдинига топганини пана-пастқамда миннат қилиб юришса, кейинчалик ошкора айтадиган бўлишди. Падарини тупроққа қўйганига ҳали уч ой ўтмай, тўнғич ўғил уйланиш ҳаракатига тушиб қолди. Бундан кўнгли ранжиган Наргиза қанча гапирмасин, биров гапига қулоқ солмади. Иложсиз ўзи бош бўлиб, келин топишга ҳаракат қилди.

    Марҳум эрининг яқинлари маслаҳати билан узоқроқ қариндошининг қизини ўзи бош бўлиб келин қилиб келди. Хонадонда янги оила пайдо бўлди. Бу аҳиллик кучайишига сабаб бўлади, деб ўйлашганди. Аммо, аксинча, янги келин ҳам куёвнинг йўриғига юриб, ўгай қайнонани турткилашга тушди. Орадаги совуқлик баттар авж олди. Шу пайтгача тинч яшаб келган хонадонига энди ортиқчалик қила бошлади. Очиқ-ойдин ундан икки норасидаси билан ҳовлидан чиқиб кетишни талаб қилишди.

    Энг азобли кунлар шундан сўнг бошланди. Кунора жанжаллар жонидан ўтиб кетганди. Бош олиб кетай деса, тайинли манзили йўқ. Кетмай деса, бу азоблар... Қўни-қўшни, маҳалла оқсоқоллари аралашди. Фойдаси бўлмади. Қиш қаҳратонида оёғида йиртиқ калиш билан кўчага ҳайдалган кунлар бўлди. Ҳовли четидаги кичик омборхонадан жой беришди. Ҳартугул аёзда шу ердан бўлса-да жой текканига шукр қилиб, қоронғу томга жойлашди.

    Бир куни далада ишлаб, уйга қайтаркан, эндигина тўртинчи синфга қатнашни бошлаган катта ўғли бир қоғозда ўзи чизган суратни укасига кўрсатиб, нималарнидир тушунтираётганини кўриб қизиқди. Бола оқ қоғозга ажойиб кўринишдаги уйни чизганди. Баланд, каттагина деразалари, кенг ҳовлиси бор бу расм мурғак боланинг қалбида ниш ураётган орзунинг қоғозга тушган акси эди.

    — Онажон, қаранг, шу чизган суратим учун устозимиз мактабда беш баҳо қўйди.

    — Нега уйнинг расмини чиздинг, ўғлим?

    — Биласизми, она. Мен уйимиз мана шундай катта ва ёруғ бўлишини хоҳлайман. Келажакда, албатта, шундай яшаш жойимиз бўлади.

    Меҳнатда қотган қўллари билан боласининг пешонасини силаб, бағрига босаркан, овоз чиқариб айтишга иккиланиб, илоҳим айтганинг келсин, болам, дея секин пичирлаганча унсиз йиғлаб юборди.

    Рўёбга чиққан туш

    Одатдаги кунларнинг бирида Наргиза опа елкасида кетмон билан дала чопиғига шошиб кетаркан, маҳалла идораси вакилларидан бири уни йўлда тўхтатди. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлиб, бугуноқ шахсини тасдиқловчи ҳужжатини олиб, идорага боришини айтди. Бу таклиф сабаби эса доимгидек рўйхатга олиш эканини эслатиб ўтди. Кечки пайт айтилган ҳужжатни олиб, маҳаллага борди. Аммо раис ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни оларкан, туман ҳокимлиги сўраганини, икки-уч кунда қайтариб беришини таъкидлади.

    Ҳокимлик ҳужжатимни нима қиларкин, — дея берган саволига раис ҳам елка қисганча ҳайронлигини билдирди.

    Бу воқеа бўлганига ўн кундан ортиқ вақт ўтди. Наргиза опанинг хаёлидан кўтарилди.

    2023 йилнинг апрель ойи эди. Ҳар доимгидек тирикчилик ташвиши билан далада кетмон чопаётган опани раис йўқлаб борди. Узоқдан имлаб, ёнига чақирди. Хавотир билан унинг олдига шошилди. Хаёлида минг ўй билан оқсоқолнинг олдига келганда, саломни ҳам унутиб: “Тинчликми?” дея сўради.

    — Ҳовлиқманг, синглим. Тинчлик. Эрталабдан буён ҳокимликдагилар сизни сўрашяпти. Сизда телефон ҳам йўқ экан. Шунга менга айтишганди, бир гаплаштиринг, деб. Ҳозир қўнғироқ қилиб бераман, нега сўрашаётганини ўзларидан билиб оласиз.

    — Яхши, гаплаштиринг-чи.

    Оқсоқол қўнғироқ қилгач, у тарафдан тезда жавоб бўлди. Телефонни опага узатди. Бироз гаплашилди.

    — Нима гап экан? Оқсоқол қизиқиб сўради.

    — Косон тумани ҳокимлигидан. Эртага эрталаб болаларингизни олиб, ҳокимликка келинг, дейишди. Фақатгина сизга амалий ёрдам берилади, деган гапдан бошқасини гапиришмади.

    Эртасига айтилган пайтда икки ўғлини етаклаганча Косон тумани ҳокимлиги биносига кириб бораркан, уни яхши кайфиятда кутиб олишди. Бироз вақтдан сўнг машинага миндириб, уларга совға борлигини, ҳозир қабул қилиш учун боришини айтиб, опа учун номаълум манзил томон йўлга тушишди. Туман марказидан унчалик олис бўлмаган, ўн-ўн беш дақиқали йўл юриб, уларни олиб кетаётган машина “Ёшлар кўчаси” деб ёзиб қўйилган кўча томонга бурилди. Шинам, озода кўчада қатор қилиб ажойиб уйлар қурилганди. Бироз юриб, ўнг тарафдаги учинчи уйнинг дарвозаси олдига келиб тўхташди. Машинадан тушиб, атрофни кўздан кечираркан, бу ерга келган фақатгина улар эмаслигини кўрди. Бирин-кетин келаётган машиналар ҳар бир дарвоза олдига келиб тўхтарди.

    Совға қандайлигини кўп ҳам сир сақлашни хоҳламаган туман ҳокимлиги вакиллари тантанали равишда табриклаб, қўлига хонадон калитини топширишди. Ҳеч гапдан хабари йўқ опа нима қилишни билмасдан жим турарди. Ҳолатга ойдинлик киритиш учун вакиллардан бири тушунтирди.

    — Наргиза опа, бугундан бошлаб шу ҳовли сизники. Сизларга совға сифатида берилмоқда.

    Каттагина дарвозага термулганча, чиройли уйнинг ташқи томонига ҳавас билан қараб, кечирасиз, бундай ҳашаматли уйнинг пулини бир умр ишлаб ҳам тўлай олмайман, дея ҳадиксиради.

    — Йўқ, опажон, умуман бепул. Бир сўм тўламайсиз. Мана, қўлингиздаги ҳужжатлар бу хонадон номингизга расмийлаштирилганини билдиради.

    Қўлидаги қоғозларга тикиларкан, негадир ҳеч бир ёзувни ўқий олмасди. Кўзлари ёшланиб, хиралашганди. Наҳотки, фақатгина тушларида кўрган уйга бугун етишган бўлса. Бироз ўзига келиб, шукрона келтиришдан нарига ўтмасди. Бир нарса ёдига тушгандек, шошганча ҳокимлик вакилларига юзланиб, бу уйни ким совға қилаётганини сўради.

    — Опажон, ростини айтсак, кимлигини биз ҳам билмаймиз. Бир саховатпеша инсон томонидан сизларга ҳадя қилинди.

    Кўнгилларни обод этган кўча

    Косон тумани “Қуйи оброн” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ёшлар кўчасини бугун бемалол кўнгилларни обод этган кўча, дея айтиш мумкин. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Боиси, бир пайтлар бу кўчадаги хонадонлар ўрнида собиқ хўжаликдан қолган эски корхона бўлиб, қаровсиз ҳолда эди. Бўш турган ерни тадбиркор сотиб олиб, ҳар бир қаторига еттидан, жами ўн тўртта ҳовли қурди. Қурганда ҳам ҳеч бир камчиликсиз, ҳар бир хоналари шинам, замон талабларига мос қурди. Бундан ташқари, ташқи дарвозахонаси ҳам кенг. Ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Кўпчилик эндиликда бу хонадонларни яхшигина маблағга пуллаб, даромад топади, деб ўйлаганди. Аммо ундай бўлмади.

    Энг қувонарлиси, тадбиркор уйлар қурилишини якунлангач, ҳеч бир кишидан сўраб ўтирмай, янги хонадон эгаларини ўзи қидиришга тушди. Маҳаллалар оралаб одамлар билан суҳбатлашди. Уйсиз, анча вақтдан буён ночор яшаётган, имконияти чекланган, умуман шароити оғир аҳволда турмуш кечираётганларни аниқлаб, рўйхатга олди. Бирор кишига сездирмай, туман ҳокимлиги орқали ҳужжатларини олиб, янги ҳовлиларни уларнинг номига расмийлаштирди. Барча ишлар якунлангач, ижтимоий таъминотга муҳтож 12 та оилага биттадан уй совға қилди.

    — Ўтган йили апрель ойида бизга шу уйни беришганди, — дейди янги хонадонга кўчиб келиб, икки ўғли билан яшаётган Наргиза Қаҳҳорова. — Ҳали-ҳануз кўзларимга ишонмайман. Шунчалик шинам, каттагина уйни бизга беришгани қанчалик хурсанд қилганини тасвирлаб беришим мушкул. Нафақат уй, балки тўлиқ жиҳозлари билан ҳадя қилишди. Бундан ташқари, биринчи келган кунларимиз камида бир ойга етадиган озиқ-овқатлар бор эди. Илк бор уй ичига кирсам, стол устида тўртта иссиқ нон турганди. Музлаткични очиб қарасам, егуликларга тўла. Қаранг, бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган хонадонни совға қилиш билан бирга, ичидаги барча шароитларни яратиб бергани гўёки эртак оламига тушиб қолгандек ҳис қилдирди кишини. Ҳаётда шундай сахий инсонлар ҳам бор экан. У кишини бирор марта кўрмадик. Лекин туну кун дуодамиз. Агар сиз кўрсангиз яхши тилакларимизни етказиб қўйинг. Илоҳим фарзандларининг камолини кўриб, узоқ умр кўрсин. Бу қилган яхшиликлари учун бир умр кунларимиз шодликда ўтадиган бўлди.

    Бошқа уйларда истиқомат қилаётганларнинг қисмати ҳам шу пайтгача аянчли ўтган. Лекин бугун биргина ҳимматли инсоннинг ёрдами билан кўнгилларига ёруғлик кириб келди. Умри давомида мамнунликни унутиб қўйган юзларида табассум пайдо бўлди. Яшаш, яхши яшаш завқидан баҳраманд бўла бошлашди.

    Биз ҳам хонадонларга кириб, уй қурилишига эътибор қаратарканмиз, таҳсин айтмай иложимиз қолмади. Бирор нуқсонга кўзингиз тушмайди. Сифатга жиддий эътибор қаратилган. Бундай сахийликларни фақатгина эшитиб келганимиз боис, ўз кўзимиз билан кўриб, кемтик кўнгилларнинг бутун бўлган қувончига шерик бўлдик.

    — Ҳозир Ёшлар кўчасидаги ўн иккита уй ўз эгаларига топширилган, — дейди “Қуйи оброн” МФЙ хотин-қизлар фаоли Клара Рўзиева. — Яна иккита бўш уй турибди. Бу ҳам яқинда топширилади. Яъни икки нафар чин етим йигит рўйхатга олинган. Шуларни янги ҳовлида уйлантириб, тўйини шу ерда ўтказиб бериш режалаштирилмоқда. Биласизми, аслида ким томонидан бу хонадонлар қурилганини биз ҳам билмаймиз. Фақатгина тадбиркор эканини эшитганмиз. Бирор марта ўзини таништиришни, шундай иш қилдим, дея мақтанишни истамаган экан. Ўнг қўлинг қилган савобни чап қўлинг сезмасин, деган ҳикматга амал қилганининг ўзи бир ибрат. Ким бўлса ҳам барака топсин. Қанча одамларни уй-жойли қилди. Ҳар бирига бир миллиард сўмдан — жами ўн тўрт миллиард сўм сарфлаб, етти ёт бегоналарга ҳадя қилиш учун кишининг қалби дарё бўлиш керак. Шундай инсонлар кўпаяверсин. Бугун биз ҳам бир четда қараб турмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бу ерда яшовчиларнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Асосан касаначилик орқали даромад топишмоқда. Ҳозир бемалол рўзғорини эплашиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашмоқда.

    Саховатпеша кишининг бу хайрли ишлари кўпчиликка ўрнак бўлиши аниқ. Сабаби, сир эмас, кўп бора гувоҳ бўлдикки, бор-йўғи икки ёки уч килограмм егулик берганини расмга олиб, кўз-қилганлар, айниқса, карантин дамларида такрор-такрор кўзга ташланди. Аслида хайрли амални бажаришни мақтаниб, савоб ҳам, обрў ҳам топиб бўлмаслиги барчага аён.

    Ушбу мақолани тайёрлар эканман, болалигимда бобомдан кўп бора эшитган ҳикматли ривоят ёдимга келди. Эмишки, ҳар кун ўз вазифасини бажариб, ётоғига қайтган қуёш ҳолдан тойиб, тушкунликка тушаркан. Шу дамда яратганга арз қилиб, кун давомида ёруғ оламдаги кўпгина ёмонликларнинг гувоҳи бўлиб, бир аҳволга тушаётганини айтаркан. Имкони бўлса, эрта тонгда вазифасини бажаришга киришмаслигини ўтиниб сўраркан. Шунда фаришталар орқали хабар бериларканки, эрта тонгда туриб ёруғ оламга кўз ташлашини, агар битта бўлса ҳам яхши одам қолган бўлса, нур таратишда давом этиши амр этиларкан. Шу–шу ҳар азонда қуёш бу ҳолатни такрорлаб, яхшилар борлиги учун, ҳаттоки улардан қувват олиб ҳаракатдан тўхтамас экан. Демакки, сахий инсонларнинг хайрли ишлари нафақат саховат қилган кишилари, балки бутун ёруғ оламга татийди. Орамизда бундай одамлар сафи ортиб бораверсин.

    Акбар РАҲМОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates