Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, шу жумладан пиротехника буюмлари қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021–2023 йилларда 239 та ҳолатда мамлакатимиз ҳудудига қиймати қарийб 2 млрд сўмлик 300 мингдан ортиқ пиротехника буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатларининг олди олинган.
Шу билан бирга фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш мақсадида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиққанлик, шунингдек пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик учун мазкур ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенати ҳам пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, сақлаш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ёки ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш юзасидан доимий шуғулланиб келмоқда.
Жумладан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ушбу салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича масъул тузилмаларга сенатор сўрови ҳам юборилиб, тегишли жавоблар олинган. Қўмита томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига мамлакатимиз ҳудудларига қўшни давлатлардан чегарани бузган ҳолда пиротехника воситаларини олиб ўтиш ҳолатларини олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги юзасидан тавсиялар юборилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган Қонунга киритилаётган янги нормалар бугунги кунда олиб борилган ҳамкорликдаги умумий саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.
Қонуннинг маъқулланиши жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи ҳолларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.